Бош саҳифа >
ОТБнинг 43-йиллик йиғилиши олдидан >
Ўзбекистон ҳукумати Осиё тараққиёт банкининг 585 млн. АҚШ доллари миқдоридаги мультитранш кредитини жалб этиб, биринчи категорияли миллий автомагистраль қурилишига йўналтиришни режалаштирмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида биринчи траншни ажратиш бўйича битимни имзолаш кўзда тутилмоқда. Ҳозирги пайтда унинг қанча ҳажмда бўлиши ўрганиб чиқилмоқда.
Биринчи транш кредит маблағлари «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов» автомобиль йўлининг (А-380) 50 километрлик қисмини қайта таъмирлашга йўналтирилади. Икки йилда тугатилиши лозим бўлган қайта таъмирлаш ишлари шу йилнинг сентябрь ойида бошланади.
Мамлакат Президенти Ислом Каримов ўтган йилнинг май ойида қиймати 2,6 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган 2009-2014 йилларда биринчи категорияли миллий автомобиль йўллари қурилиши дастурини тасдиқлаган эди.
Дастур доирасида 2015 йилга қадар республикада умумий масофаси 1501 километр бўлган автомобиль йўлларининг тўрт участкасида қурилиш ишларини олиб бориш мўлжалланган.
ОТБ маблағлари А-380 автомобиль йўлининг икки йўлакли асфальт қопламали 220 километрини тўрт йўлакли цемент-бетон қопламали йўлга айлантиришга йўналтирилади.
Дастурга мувофиқ олти йил давомида тўрт йўлакли цемент-бетон қопламали 400 километр, тўрт йўлакли асфальт қопламали 813 километр ва икки йўлакли асфальт-бетон қопламали 288 километр йўл қурилади. Шу билан бирга 7 та транспорт қайрилмалари, 1488 километр кўприкйўл ва кўприклар қуриш кўзда тутилган.
2,6 млрд. АҚШ долларига тенг лойиҳани молиялаштириш ОТБнинг кредит ресурсларидан ташқари Хукумат томонидан 1,68 млрд. АҚШ долларига тенг маблағлари, шунингдек Хитой ҳукуматининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар учун ажратиладиган ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг кредит линиялари ҳисобидан амалга оширилади.
Дастур жалб этилаётган халқаро молия ташкилотларининг маблағларига йўлнинг цемент-бетон қопламали участкалари қурилиши ва технологиясини сотиб олишни кўзда тутган.
2007 йилнинг декабрида ОТБ директорлар кенгаши Ўзбекистон ҳукуматига қиймати 180 млн. АҚШ долларига тенг бўлган «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов» автомобиль йўлининг айрим участкаларини қайта таъмирлаш учун 75,3 млн. АҚШ доллари ажратган эди.
Ўзбекистондаги автомобиль йўллари умумий узунлиги 146,4 минг километрни ташкил этади. Унинг 42,5 минг километри умумий фойдаланишдаги магистраль йўллар, жумладан 3200 километри халқаро, 18,8 минг километри давлат аҳамиятига молик йўллардир. Ўзбекистон ҳудудидан 20 та халқаро транспорт маршрутлари ва йўналишлари ўтган. |