Бош саҳифа >
ОТБнинг 43-йиллик йиғилиши олдидан >
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) президенти Харухико Курода ўртасида 2010 йил 16 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда ОТБ бошқарувчилари Кенгашининг 43-йиллик йиғилиши олдидан тайёргарлик ишлари, Ўзбекистон ва банк ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
Харухико Курода Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётганига юқори баҳо берди.
Қулай стратегик жойда ўрнашганлиги савдо ва транспорт алоқаларини яхшилашда Марказий Осиёга катта афзалликлар беради, деди Харухико Курода Тошкентда бўлиб ўтган дипломатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувда.
"Мен Ўзбекистоннинг тобора ривожланиб бораётган минтақавий ҳамкорликни ғоят қўллаб-қувватлаётганидан мамнунман. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Марказий Осиё мамлакатлари Осиёнинг ниҳоятда интеграллашуви ва глобаллашувига, самарали бирлашув ва умумий мақсадларга эришиш йўлида интилишларига ёрдам бермоқда”, деди ОТБ раҳбари.
Курода минтақавий алоқалар ривожланишига мисол сифатида Тошкентнинг қўшни Афғонистон пойтахтини электр билан таъминлашдаги аҳамиятини қайд этди.
“Кобулни узлуксиз электр билан таъминлашдек мазкур муҳим лойиҳа амалга ошмайдигандек туюларди, - деди Харухико Курода. - Ўзбекистоннинг минтақадаги муҳим аҳамиятини исботловчи бу лойиҳа 4 миллион кишига фойда келтирди ва Афғонистоннинг электр етиб бормаган бошқа ҳудудларини ҳам электр билан таъминлаш имконини яратди”.
ОТБ, бундан ташқари, Ўзбекистон билан Афғонистоннинг иккинчи йирик шаҳари - Мозори Шарифни боғлайдиган 75 километрлик темирйўл қурилишини ҳам молиялаштирмоқда. Янги тармоқ икки мамлакат ўртасидаги асосий савдо коридори бўлиб хизмат қилади.
Харухико Курода Тошкент сафари чоғида банкнинг йиллик йиғилиши ўтадиган жойларни, жумладан “Ўзбекистон” форумлар саройи, “Ўзэкспомарказ”нинг Марказий кўргазмалар зали, Халқаро савдо марказини бориб кўрди ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов билан учрашди. |