Бош саҳифа >
ОТБнинг 43-йиллик йиғилиши олдидан >
Осиё тараққиёт банки бошқарувчилари кенгашининг Тошкентда бўлиб ўтадиган 43-йиллик йиғилиши олдидан «Ўзэкспомарказ»нинг кўргазмалар майдонлари қайта таъмирланади ва кенгайтирилади.
Мамлакатимиз Президентининг 15 февраль ва Вазирлар Маҳкамасининг 17 февралдаги қарорларида «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуини капитал қайта таъмирдан чиқариш ва янги объектлар қуриш режаси тасдиқланди..
Қурилиш ишлари шу йил май ойи бошида Тошкентда бўлиб ўтадиган ОТБ бошқарувчилари кенгашининг 43-йиллик йиғилишига тайёргарлик доирасида амалга оширилади. «Ўзэкспомарказ» йиғилиш ўтказиладиган асосий жой саналади. 16 февраль куни кўргазмалар мажмуига ОТБ раҳбари Харухико Курода ташриф буюрган эди.
Ҳукумат қарорига мувофиқ «Ўзэкспомарказ»ни қайта таъмирлаш ва янги объектлар қуриш учун бюджет маблағларидан 7 млрд сўм миқдорида, 4 йиллик имтиёз билан 7 фоиз йиллик ставкада қарз берилади.
Қарорга биноан Тошкент шаҳар ҳокимияти «Ўзэкспомарказ» бош биносига кириш олдида Сандиққўрғон кўчасининг 5-проезди томонидан Халқаро савдо марказининг янги биноси меъморлик қиёфасига жавоб берадиган жамоат транспорти тўхташ жойи ташкил этади.
«Ўзэкспомарказ» кўргазмалар майдони икки павильонини ҳам ҳисобга олганда 11,9 минг квадрат метрдан иборат. Унинг павильонларида ҳар йили 40 дан ошиқ кўргазмалар бўлиб ўтади. Қайта таъмирдан сўнг улар сафига яна иккита павильон қўшилади. |