АКШ Савдо вазирлигининг Савдо хукукини ривожлантириш дастури (CLDP) доирасида узаро тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раҳбар ходимларидан иборат делегация шу кунларда Вашингтон шаҳрида бўлиб турибди. Сафар давомида бир қатор учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Хусусан, Вашингтонда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, АҚШ савдо вазирлиги, кибер тайёргарлик институти (CRI), шунингдек, Миллий стандартлар ва технологиялар институти (NIST) вакиллари ўртасида учрашувлар ташкил этилди.
Мулоқотлар давомида томонлар Ўзбекистон Республикасида рақамли тўловларнинг ички тизимини кенгайтириш, рақамли тўловларнинг трансчегаравий экотизимини ривожлантириш стратегияси ва илғор тажрибаларни муҳокама қилдилар. Трансчегаравий тўлов тизимларини ривожлантиришда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти ҳамда халқаро молиявий муносабатларни такомиллаштириш имкониятлари қайд этилди.
Шунингдек, иштирокчилар киберхавфсизликни ўқитиш учун бепул воситалар ва ресурсларни тақдим этишда кибер тайёрлик институтининг ролини муҳокама қилиб, ушбу ёндашув соҳада малака оширишга ёрдам беришини таъкидлашди.
Учрашувда АҚШ Миллий стандартлар ва технологиялар институти томонидан молиявий секторда киберхавфсизликни яхшилаш учун тақдим этилган турли хил воситалар ва ресурслар ҳақида маълумот берилди ҳамда ушбу соҳада ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, дастур доирасида Федерал заҳира тизими, Жахон банки, АҚШ Ғазначилиги (киберхавфсизлик ва муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш бошқармаси ҳамда валютани тартибга солиш офиси) вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Бу каби учрашувлар АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда стандартлар ва технологиялар соҳасида тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.