Ўзбекистонда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва Жаҳон банкининг Молия секторини баҳолаш дастури (FSAP) доирасида иккинчи миссияси бошланди. У 26 февралдан 12 мартгача давом этади.
ХВЖ ва Жаҳон банкининг тажрибали экспертларидан иборат жамоа тўлов тизимлари, суғурта сектори, капитал бозори, корпоратив сектор ва макропруденциал сиёсатни таҳлил қилади. Баҳолаш миссияси доирасида стресс-тестлар, тизимли хавфларни таҳлил қилиш, шунингдек, банклар ва нобанк муассасалари ўртасидаги ўзаро боғлиқликлар ўрганилади.
Экспертлар билан ишчи учрашувларда Марказий банкдан ташқари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ва бошқа тегишли идоралар вакиллари ҳам иштирок этади.
Маълумот учун: Молия секторини баҳолаш дастури 1999 йилдан бери ХВЖ ва Жаҳон банки ҳамкорлигида амалга оширилиб, мамлакат молия сектори барқарорлигини чуқур ва комплекс таҳлил қилишни мақсад қилиб олган. ХВЖ асосан барқарорлик масалаларига ихтисослашган бўлса, Жаҳон банки молия тизимининг ривожланиш эҳтиёжларига эътибор қаратади. Дастур натижаларига кўра, молия секторидаги ислоҳотларни ривожлантириш бўйича тавсиялар ҳамда салоҳиятни оширишга қаратилган кўмак тақдим этилади.
Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг Молия секторини баҳолаш дастури (FSAP) миссияси ўз ишини бошлади
Янгиланган сана: 28 Фев 2025, 17:20