Марказий банкда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ташаббуси билан банк ва тўлов тизимлари хизматларидан фирибгарлик мақсадларида фойдаланиш ҳолатларига қарши кўрилаётган чоралар тўғрисида хабардор қилиш мақсадида банклар ва тўлов ташкилотлари мутахассислари учун семинар ўтказилди.
Семинар давомида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент масъуллари ҳамда видеоконференцалоқа тизими орқали тадбирда иштирок этган Россия Федерацияси Молиявий мониторинг хизмати ҳамда Россия банки вакиллари томонидан бугунги кунда молиявий фирибгарликларга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида қатнашчиларга маълумот берилди.
Ўз ўрнида, масъуллар томонидан банк ва тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган фирибгарлик ҳолатларининг олдини олишда тижорат банклари ҳамда тўлов ташкилотларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориши муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Банк ва тўлов тизимлари хизматларидан фирибгарлик мақсадларида фойдаланишга қарши курашиш масалаларига бағишланган семинар
Янгиланган сана: 27 Мар 2025, 16:15