2025 йил 16 июль куни Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон Республикаси делегацияси Ислом молиявий хизматлар бўйича Кенгаш (Islamic Financial Services Board) раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида томонлар амалдаги ҳамкорлик ҳолати, истиқболдаги йўналишлар, шунингдек, ташкилотнинг аъзо давлатлар билан ҳамкорлик механизмлари юзасидан фикр алмашдилар.
Суҳбат чоғида, шунингдек, мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, исломий молия соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича техник кўмак масалалари муҳокама қилинди. Кенгаш томонидан ишлаб чиқилаётган халқаро стандартларнинг аҳамияти ва уларни миллий амалиётига мослаштириш имкониятлари алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Учрашув якунида Кенгаш раҳбарияти Ўзбекистонда исломий молиявий экотизимни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади ҳамда мазкур жараёнга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Хусусан, томонлар Ислом молиявий хизматлар бўйича Кенгаш вакилларининг Ўзбекистонга расмий ташрифини ташкил этиш, шунингдек, малака ошириш ва илғор халқаро тажриба алмашиш бўйича яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришди.