Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Нобанк кредит ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий базаси такомиллаштирилмоқда

Янгиланган сана:  24 Фев 2021, 18:48
24 Фев 2021

Сўнгги йилларда мамлакатимизда молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш ва аҳолининг асосий молиявий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, микромолиялаштириш соҳасини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 июлдаги “Микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4400-сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ, нобанк кредит ташкилотлари кўрсатадиган хизматлар доираси кенгайтирилди ва микромолиявий хизматлар ҳажми оширилди.

Бугунги кунда республикада 63 микрокредит ташкилоти ва 64 ломбард фаолият кўрсатмоқда. 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, уларнинг активлари миқдори 1 010 млрд. сўмни ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга ўсиши таъминланди. Шу даврда кредит портфели 23,7 фоизга ўсиб, 935 млрд. сўмга етди.

Нобанк кредит ташкилотлари соҳасини изчил ислоҳ қилиш, фаолиятини тартибга солувчи қоидаларни тизимлаштириш ва унификациялаш мақсадида “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги ПФ–5992-сонли Фармони ижроси доирасида Жаҳон банки кўмагида энг яхши хорижий тажриба, умумэътироф этилган меъёр ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланди.

Қонун лойиҳасида нобанк кредит ташкилотларининг турлари, кўрсатиладиган хизматлар рўйхати, нобанк кредит ташкилотларини ташкил этишга доир талаблар, шу жумладан, ташкилий-ҳуқуқий шакли, таъсисчилари, раҳбар ходимлари, устав капитали, шунингдек, улар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш тартиби ўрнатилмоқда.

Ҳужжат лойиҳасида фаолиятни лицензиялашнинг амалдаги жараёнлари нобанк кредит ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш тартиби билан алмаштириш, ҳисоб рўйхатидан ўтиш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати, уларни кўриб чиқиш ва тегишли қарорларни қабул қилиш тартиби белгиланмоқда. Шу билан бирга, ломбард фаолияти Марказий банкка ўз фаолияти бошланиши тўғрисида хабарнома юборганидан кейин амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини уларнинг фаолияти таваккалчилигидан келиб чиқиб, мутаносиб равишда тартибга солиш ва назорат қилиш механизми жорий этилади, шунингдек, Марказий банкнинг ушбу йўналишдаги функцияларини бажариш ваколатлари белгилаб қўйилмоқда.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида кўзда тутилган қоидаларда нобанк кредит ташкилотлари хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилмоқда. Хусусан, қонунчилик даражасида нобанк кредит ташкилотларининг улар кўрсатадиган хизматлар тўғрисидаги маълумотларини, шартномалар шартларига бир томонлама ўзгартириш ёки қўшимчалар киритишни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни, шунингдек, истеъмолчиларнинг молиявий операциялари тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмаслик мажбуриятлари белгиланмоқда.

Умуман олганда, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши республикамизда ягона молия тизимининг тўлдирувчиси сифатида нобанк кредит ташкилотлари ривожига хизмат қилади.

USD = 12628.05
+7.96
EUR = 13616.83
+17.42
RUB = 136.42
-0.31
GBP = 15927.76
+35.28
JPY = 83.44
+0.11
CHF = 14007.82
+81.44
CNY = 1748.70
+3.28
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X