Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

2024 йил I ярим йиллиги учун молиявий барқарорлик шарҳи юзасидан пресс-релиз

Янгиланган сана: 16 Окт 2024, 15:46
16 Окт 2024

2024 йил I ярим йиллиги учун молиявий барқарорлик шарҳида глобал ва Ўзбекистон иқтисодиётидаги молиявий шароитлар ва заифликлар, активлар бозоридаги вазият, банк тизими бўйича тўлов қобилияти ва ликвидлилик макро стресс-тест натижалари, иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳолат, Марказий банк томонидан юритилаётган макропруденциал сиёсатдаги сўнгги ўзгаришлар ҳамда молиявий барқарорликка таъсир кўрсатиши мумкин бўлган потенциал ташқи ва ички хатарлар акс эттирилган.

2024 йил I ярим йиллигида Ўзбекистон банк тизимида молиявий барқарорлик сақланиб қолди. Банк тизимининг жами ҳамда I даражали капитал монандлилик коэффициентлари мос равишда 17,3 ва 14,2 фоизларни ташкил этиб, ўрнатилган минимал талаблардан юқори шаклланди.

Ўзбекистон хатар премиумининг тарихий ўртача тренди доирасида нисбатан паст шаклланиши, шунингдек банк секторидаги ижобий ўзгаришлар натижасида Ўзбекистонда молиявий шароитлар юмшади. Шунингдек, банк тизими бўйича молиявий стресс индексида пасайиш кузатилди.

Банкларнинг жами активлари таркибида юқори ликвидли активлар улушининг ортиши, шунингдек жами мажбуриятлар таркибидаги барқарор бўлмаган молиялаштириш даражасининг пасайиши банклардаги ликвидлилик бўйича заифликлар билан боғлиқ хавотирлар камайганлигига ишора бермоқда.

Макропруденциал сиёсатнинг қатъийлаштирилиши натижасида жисмоний шахсларга ажратилган автокредитлар қолдиғининг йиллик ўсиш суръати секинлашди.

2022 йилдан бошлаб юқори шаклланган уй-жойларнинг бозор нархлари ҳамда кўчмас мулк бозорида кузатилаётган талаб ва таклифнинг номутаносиблиги ҳисобига уй-жойларнинг бозор нархи фундаментал қийматидан ортиқча баҳоланиш сақланиб қолмоқда. Бунда, кўчмас мулк бозоридаги уй-жой нархлари фундаментал бўлмаган омиллар ҳисобига юқори шаклланмоқда.

Аҳолининг қарз мажбуриятларини бажариши бўйича хавотирлар сақланиб қолмоқда. Аҳолининг жами қарз юки даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилган сўровнома натижалари банкдан кредит олган респондентларнинг банкдан ташқари қарз мажбуриятларини ҳам ҳисобга олган ҳолдаги жами ўртача қарз юки даражаси 73 фоизни ташкил этди.

Аҳолига ажратилган ипотека кредитлари бўйича қарз юки даражаси эса деярли ўзгармади ҳамда 40–45 фоиз атрофида шаклланди.

Микроқарзларда кузатилган юқори фаоллик бўйича хавотирлар пайдо бўлмоқда. Банк тизими бўйича жами кредит портфелида микроқарзлар улушининг кескин ўсиши кузатилмоқда. Хусусан, 2024 йил 1 июль ҳолатига, микроқарзлар 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 77 фоизга кўпайган.

Тўлов қобилияти макро стресс-тестининг асосий сценарийсида банк тизимида хавотирлар кузатилмади. Хатарли сценарий бўйича стресс-тест натижаларига кўра, ўрта муддатда айрим банкларда минимал норматив талабларнинг бузилиши юзага келиши мумкин.

Ликвидлилик макро стресс-тестининг асосий сценарийсига кўра, банклар қисқа муддатда ликвидлилик билан боғлиқ муаммоларга дуч келмайди. Хатарли сценарийда айрим банкларда соф пул киримининг манфий сальдоси кузатилиши мумкин.

Ташқи молиялаштириш бўйича юқори харажатларнинг узоқ муддатда сақланиб қолиши, Ўзбекистоннинг молиявий ҳамда номолиявий сектори иштирокчиларига нисбатан иккиламчи санкцияларни қўлланилиш хавфи ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ хатарларининг юзага келиши Ўзбекистон молия тизимига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ташқи хатарлар сифатида баҳоланмоқда.

Ўз навбатида, уй-жойлар нархларининг ортиқча баҳоланиши давом этиши, микроқарзларнинг юқори суръатларда ўсиши ҳамда кибер хатарларнинг ортиб бориши ички хатарлар дея қаралмоқда.

 

USD = 12970.19
-11.06
EUR = 13572.01
-25.85
RUB = 142.20
+0.03
GBP = 16351.52
+6.83
JPY = 85.42
-0.09
CHF = 14404.92
-12.28
CNY = 1781.64
-6.12
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X