Марказий банкнинг «Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш тўғрисида»ги низомига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, Адлия вазирлигида 2025 йил 17 октябрда 3412-1-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Хусусан, факторинг ташкилоти институти нобанк кредит ташкилоти сифатида ташкил этилганлиги муносабати билан мазкур турдаги ташкилот активлари сифатини таснифлаш, активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни яратиш, пруденциал нормативлар, улар томонидан молиявий ҳисоботларни тақдим этиш тартиби белгиланди.
Шунингдек, микромолия ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган исломий молиялаштиришга оид хизматлар (исломий ижара, музораба, муробаҳа, мушорака, салам) активлар сифатида акс эттирилиб, мазкур активлар сифатини таснифлаш, эҳтимолий йўқотишларга қарши захиралар яратиш юзасидан талаблар ҳамда улар бўйича Марказий банкка тақдим этилиши лозим бўлган ҳисобот шакллари белгиланди.
Эслатма: Ўзбекистон Республикасининг «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ фақатгина микромолия ташкилотлари исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатишга ҳақлидир.
Шу билан бирга, микромолия ташкилотлари ва факторинг ташкилотлари томонидан Марказий банкка тақдим этиладиган молиявий ва назоратга оид ҳисоботлар қаторига пруденциал нормативлар бўйича қўшимча ҳисоботлар киритилди.
Бундан ташқари, микромолия ташкилотлари, факторинг ташкилотлари ва ломбардлар томонидан Марказий банкка тақдим этиладиган молиявий ҳисоботларда хато ва камчиликлар аниқланган тақдирда, уларни тузатган ҳолда қайта тақдим этиш муддати икки иш кунидан беш кунга узайтирилди.
Мазкур ҳужжат билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин: