Қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқариш ҳуқуқини берувчи лицензияни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 ноябрдаги «Қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқаришни лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 506-сонли Қарори билан тасдиқланган «Қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқаришни лицензиялаш тўғрисида»ги Низомда шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонуни 14-моддасида белгилаб берилган.
Қайд этилган Қарорга асосан Қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқаришни лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан амалга оширилиши ҳамда мазкур лицензия 5 йил муддатга берилиши белгиланган.
Қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқариш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
лицензия бериш тўғрисидаги Электрон аризани тўлдириш ёки ариза шаклини юклаб олиш, унда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами; юридик шахс амалга оширишни мўлжаллаётган фаолиятнинг лицензияланаётган тури;
юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
лицензия талабгори аризасининг лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
лицензия талабгорида махсус касбий тайёргарликка эга бўлган ходимларнинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари;
лицензияланаётган фаолият амалга ошириладиган асбоб-ускуналар тўғрисидаги маълумотлар;
лицензия талабгорининг ишлаб чиқариш хоналарида бойликларнинг сақланиши режими ҳолати тўғрисида ички ишлар ҳудудий органларининг хулосаси.
Лицензия талабгоридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Лицензияловчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.