Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Бошқарувининг 2023 йил 26 октябридаги йиғилишида “Пул-кредит сиёсатининг 2024 йил ва 2025-2026 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари” концептуал жиҳатдан маъқулланди

Янгиланган сана:  26 Окт 2023, 12:58
26 Окт 2023

Пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари келгуси йилларда ташқи ва ички шароитлардаги ўзгаришларга нисбатан жавоб чоралари, операцион механизмни ривожлантириш бўйича тадбирлар ва иқтисодиётдаги ўзаро боғлиқликлар борасидаги тадқиқотларни ўз ичига олиб, умуман олганда, жорий ва кутилаётган макроиқтисодий вазият бўйича Марказий банк қарашларини ифодалайди.

Ташқи савдо ҳамкорлардаги иқтисодий вазият, хомашё ва молия бозорларида келгусида ҳам юқори ноаниқликлар сақланиб қолишини, шунингдек, таркибий ислоҳотларнинг амалга оширилиш суръатларини инобатга олиб кейинги йилларда макроиқтисодий ривожланиш йўналишлари сценарийлар асосида ишлаб чиқилди.

Макроиқтисодий ривожланишнинг барча сценарийларида Марказий банкнинг асосий мақсади нархлар ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилади.

Келгуси йилларда ташқи иқтисодий шароитларда жорий вазиятнинг кескин ўзгаришларсиз ривожланиши ва таркибий ислоҳотларнинг фаол давом эттирилиши асосий сценарий шартлари этиб белгиланган бўлса, ноаниқликларнинг янада кучайиши ва ташқи шароитларда хатарли шокларнинг юзага келиши муқобил сценарий шартлари сифатида қайд этилди.

Асосий сценарийни ишлаб чиқишда кейинги йилларда макроиқтисодий тўғриланишларнинг амалга оширилиши, яъни энергия, транспорт ҳамда қишлоқ ва сув хўжалигидаги таркибий ислоҳотларни фаол фазага кўчиши ва айримларининг мантиқий якунига етказилиши, фискал консолидация бошланиб умумий фискал дефицит ҳажми 2023 йилги кўрсаткичлардан қисқартириб борилиши, иқтисодиётда давлат улушининг камайиши, ислоҳотлар натижасида хусусий инвестициялар ва экспорт ҳажмининг юқори суръатларда ўсиб бориши каби қарашларга таянилган.

Ушбу сценарий доирасида янгиланган прогнозларга кўра, 2022-2023 йилларда юзага келган ташқи вазиятдаги ўзгаришларнинг таклиф омилларига бўлган босими узоқроқ сақланиб қолаётганлигини ҳамда айрим тартибга солинадиган нархлар тўғриланишининг умумий инфляцияга бўлган таъсирларини инобатга олиб, инфляциянинг доимий 5 фоизлик таргетига эришиш даври 2025 йилнинг иккинчи ярмига тўғри келиши бўйича асосларни юзага келтирмоқда.

Айни пайтда, ушбу қарор доимий 5 фоизлик таргетни ўзгартирилганлигини англатмайди, балки ушбу таргетга эришиш даврининг узайтирилганлигини билдиради.

Шунингдек, таргетга эришиш даврининг узайиши, бир томондан иқтисодиётдаги ялпи таклифнинг ички истеъмол талабини етарли даражада қондиришда кечикаётгани билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, ялпи талабни тийиб туришга қаратилган кескин чоралар кўрилган тақдирда иқтисодий фаоллик ва молиявий барқарорликка жиддий хатарлар туғдириши мумкинлиги билан боғлиқ.

Бу ўз навбатида, инфляцияни таргет кўрсаткичига қадар самарали пасайтириш учун унинг монетар омиллари таъсирини камайтириш билан бир қаторда ялпи таклифни оширишга қаратилган чораларни янада кучайтириш лозимлигини англатади.

Макроиқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийси доирасида 2024 йилда инфляция даражаси 8-9 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Инфляциянинг мазкур даражада бўлишини таъминлаш учун пул-кредит шароитлари 2024 йилда ҳам нисбатан қатъий фазада сақлаб қолинади.

Айни пайтда, 2024 йилда тартибга солинадиган нархларнинг тўғриланиш даражасидан келиб чиқиб инфляциянинг прогнози қайта янгиланиши ва мос равишда пул-кредит шароитларига ўзгартириш киритилиши мумкин.

Макроиқтисодий тўғриланишлар ва таркибий ислоҳотлар амалга оширилаётган даврда умумий инфляцияга қисқа муддатли оширувчи таъсирлар сезиларли бўлишини инобатга олиб, келгуси йилда пул-кредит соҳасидаги қарорлар устувор равишда базавий инфляцияни пасайтиришга қаратилади.

Ўз навбатида, келгуси йилларда ҳам базавий инфляцияни пасаювчи динамикасини сақлаб қолиниши бўйича етарли асослар шаклланган.

Кутилаётган ўзгаришлар инфляцион кутилмаларга кескин таъсир кўрсатган тақдирда, пул-кредит шароитлари ўзгартирилади ҳамда кенг жамоатчилик билан коммуникация янада фаоллаштирилиб, ҳар бир чора тушунтириб борилади.

Пул-кредит сиёсати таъсирчанлигини оширишда банк тизимида долларлашув даражасини пасайтириш, имтиёзли кредитлаш амалиётини қисқартириш ва бозор тамойиллари асосида шаклланувчи фоиз ставкаларига ўтиш борасида чоралар давом эттирилади.

Ўрта муддатли истиқболда банк тизими умумий ликвидлиги динамикаси ҳукумат операциялари ва уни молиялаштириш манбалари, ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф мувозанатидан келиб чиқиб шаклланади. Бунда, 2023 йилда кузатилгани каби, 2024 йилда ҳам ликвидликни қисқарувчи тенденциянинг сақланиб қолиши қатъий пул-кредит шароитлари орқали инфляцияни чекловчи аҳамият касб этади.

Банк тизими ликвидлигинининг қисқариши шароитида молиявий барқарорлик масаласи ҳам кун тартибига кўтарилиши мумкин бўлиб, Марказий банк ликвидликни бошқариш инструментларидан фаол фойдаланиш орқали тизим барқарорлигини таъминлаш чораларини кўриб боради.

Асосий сценарий доирасида 2024 йилда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши прогнози 5-5,7 фоиз атрофида бўлиши кутилаётган бўлса, 2025 йилда 5-6 фоиз ва 2026 йилда 5,5-6,5 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Бунда, хусусий секторнинг инвестицион ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ошиб бориши, тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар ҳамда экспортнинг юқори суръатларда ўсиши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи омиллар бўлиши кутилмоқда.

Муқобил сценарий доирасида, асосий сценарийдан фарқли равишда, ташқи шароитларнинг бирмунча ноқулай шаклланиши ички нархларга қўшимча босим яратишини инобатга олиб, 2024 йилда инфляция даражаси 9-10 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Бунда доимий таргетга эришиш даври янада узоқроқ даврга кечикиб, 2025 йилда инфляция 7-8 фоиз атрофида бўлиши ва 2026 йил якунига келиб 5 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда.

Мазкур сценарий доирасида иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омил фискал рағбатлантиришлар бўлади. Бунда, ўрта муддатли истиқболда ЯИМ реал ўсиши базавий сценарийда келтирилган прогнозларга нисбатан 1,5-2 фоиз бандга пастроқ бўлиши мумкин.

Муқобил сценарий шартлари юзага келганда пул-кредит шароитларини янада қатъийлаштириш чоралари кўрилади.

Молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида макропруденциал чоралардан ҳам кенг фойдаланиб борилади.

Келгуси йилларда институционал жиҳатдан ривожланиш қуйидаги йўналишларда амалга оширилади. Хусусан:

пул-кредит сиёсати операцион механизмини ривожлантириш борасида 2025 йилдан бошлаб асосий ставканинг шартли прогнозини эълон қилиш ва бозор иштирокчилари билан муҳокама қилиш масаласи атрофлича ўрганилади;

пул бозорида таъминланган репо операциялар ҳажмини кенгайтириш ва пулнинг турли даврлардаги нархлари асосида даромадлар эгри чизиғини шакллантириш чоралари кўрилади;

“овернайт фоиз ставка своплари” амалиёти жорий этилиб, улар асосида даромадлик эгри чизиғи шакллантирилади;

макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш тизимини янада такомиллаштиришда машинали ўқитиш ва онлайн кузатувлар натижалари асосида е-cpi прогнозлари ишлаб чиқилади;

инфляцион кутилмалар ҳамда истеъмол ва бизнес кайфиятини ўрганишнинг қамров усуллари такомиллаштирилади;

иқтисодий ўсиш ва инфляция прогнозида қўлланиладиган моделлар қатори кенгайтирилади.

пул-кредит сиёсати борасидаги коммуникация алоқалари ривожлантиришда мақсадли таргет аудиторияларининг қизиқиш ва эҳтиёжларига мос келувчи коммуникация инструментлари такомиллаштирилади;

кўп қатламли (multi layer) коммуникацияни ривожлантириш йўналишлари ишлаб чиқилади;

коммуникация интизоми қоидалари жорий қилинади ва амал қилишини таъминланади.

“Пул-кредит сиёсатининг 2024 йил ва 2025-2026 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”нинг концептуал жиҳатдан маъқулланган дастлабки лойиҳаси Марказий банк расмий саҳифаларида эълон қилиниб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

USD = 12662.01
+21.8
EUR = 13593.93
+34.78
RUB = 137.65
+0.63
GBP = 15849.04
+31.08
JPY = 80.81
-0.41
CHF = 13885.31
+34.54
CNY = 1747.30
+3.17
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X