Марказий банк Бошқарувининг “Марказий банкнинг банклараро тўлов тизими орқали электрон тўловларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 31 январда 1545-6-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар билан:
– банклараро тўлов тизимининг иштирокчилари бўлиб банклардан ташқари қимматли қоғозларга доир битимлар бўйича ҳисоб-китобларни ва марказлашган клирингни амалга ошириш фаолиятини юритадиган “Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” АЖ ҳамда “Миллий клиринг маркази” АЖ ҳисобланиши белгиланди. Шунингдек, мазкур ташкилотларни тўлов тизимига уланиш тартиби келтириб ўтилди;
– тижорат банкларининг ликвидлилик билан боғлиқ масалаларини халқаро тажриба асосида самарали тартибга солиш мақсадида банклараро тўлов тизимида тижорат банклари ўртасидаги пул бозори операциялари (+30 дақиқа) ҳамда Марказий банк ва тижорат банклари ўртасидаги пул-кредит операцияларига (+60 дақиқа) оид тўловлар учун қўшимча вақт берилмоқда. Бунда банк мижозларининг тўловларини амалга ошириш вақти ўзгаришсиз қолдирилди;
– шунингдек, низомнинг айрим бандларидаги нормалар амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштирилди ҳамда бугунги кундаги банк амалиётидан келиб чиқиб баъзи талаблар такомиллаштирилди.
Ҳужжат билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.