Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Банк хизматлари истеъмолчиларига эслатма

Янгиланган сана:  22 Фев 2020, 00:12

Банк хизматлари истеъмолчиси Ўзбекистон Республикасининг банк тизими ҳақида нималарни билиши лозим?

Ўзбекистон Республикаси банк тизими - Ўзбекистон Республикаси молия ва пул-кредит тизимининг узвий қисми ҳисобланади. Республикамизда банк тизими икки поғонали банк тизимидан иборат бўлиб, ўз ичига Марказий банк ва тижорат банкларини олади. Марказий банкнинг тижорат банклари билан ҳамда тижорат банкларининг ўз мижозлари билан бўладиган ўзаро муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Қонун ҳужжатлари, жумладан «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ҳамда «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунларида белгиланган. «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 20-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида банклар банк операцияларини амалга оширишга доир қарорлар қабул қилишда мустақилдирлар.

Марказий банк билан тижорат банкларининг бир-биридан нималар билан фарқ қилади?

Марказий банкнинг бош мақсади миллий валютанинг барқарорлигини таъминлашдан иборат.

Асосий вазифалари:

  • монетар сиёсатни ҳамда валютани тартибга солиш соҳасидаги сиёсатни шакллантириш, қабул қилиш ва амалга ошириш;
  • Ўзбекистон Республикасида ҳисоб-китобларнинг самарали тизимини ташкил этиш ва таъминлаш;
  • банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар, валюта биржаси ва кредит бюролари фаолиятини лицензиялаш ҳамда тартибга солиш, банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва кредит бюроларини назорат қилиш, қимматли қоғозлар бланкалари ишлаб чиқаришни лицензиялаш;
  • Ўзбекистон Республикасининг расмий олтин-валюта резервларини, келишувга биноан ҳукумат резервларини қўшган ҳолда, сақлаш ва тасарруф этиш;
  • банк хизматларининг оммабоплигини оширишни таъминлаш ва банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
  • давлат бюджетининг касса ижросини Молия вазирлиги билан биргаликда ташкил этишдан иборатдир.

Марказий банк фаолиятининг стратегик мақсадли йўналишлари деб:

  • нархлар барқарорлиги;
  • банк тизими барқарорлиги ва ривожланиши;
  • тўлов тизими барқарорлиги ва ривожланишини таъминлаш ҳисобланади.
Шунингдек, бугунги кунда республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида Марказий банк фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига молиявий очиқликни ва уларнинг саводхонлик даражасини ошириш белгиланган.

Марказий банк ўз олдига қўйилган вазифага эришиш учун банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва кредит бюролари фаолиятини тартибга солади ҳамда назорат қилади, банклар учун мажбурий бўлган иқтисодий нормативларни белгилайди. Марказий банк ваколатларининг тўлиқ рўйхати «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунида акс эттирилган. Тижорат банклари «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ тижорат ташкилотлари ҳисобланиб, уларнинг фаолияти даромад олишга қаратилган.

Тижорат банкининг ўзига хос хусусияти, бу юридик ва жисмоний шахслардан омонатлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган маблағлардан таваккал қилиб кредит бериш ёки инвестициялаш учун фойдаланишдан иборатдир. Шунингдек, тижорат банклари жисмоний ва юридик шахсларга банк ҳисобварақларини очади ва юритади, тўловларни амалга оширади. Банклар қонунчиликда назарда тутилган бошқа турдаги операцияларни ҳам амалга оширишлари мумкин,

Шунга кўра, ўзининг жорий фаолияти билан боғлиқ харажатларни қоплаш ҳамда ривожланишини таъминлаш учун тижорат банклари фойдага эга бўлиши лозим. Шу сабабли, банк хизматлари муайян ҳақ эвазига бажариладиган хизмат тури ҳисобланади.

Банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар

Банклар ва мижозлар ўртасидаги муносабатлар Қонун ҳужжатларига мувофиқ, жумладан Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 31-моддасига кўра, банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилади. Шунингдек, банклар мижозлар билан тузилган шартнома шартларини, жумладан банк операциялари бўйича фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақи миқдорини мустақил белгилаш ҳуқуқига эгадирлар.

Давлат дастурларини молиялаш учун Марказий банк томонидан банкларга бериладиган кредитлар бўйича Марказий банк ушбу банклар қарздордан ундириб оладиган фоиз ставкаларининг энг кўп миқдорини белгилаши мумкин, бунда марказлаштирилган ресурслар учун тўлов ва банкларнинг харажатлари ўрнини қоплаш ҳисобга олинади.

Қайд этиш лозимки, амалдаги қонунчиликка кўра омонатчилар ва қарз олувчилар ўзларига хизмат кўрсатувчи тижорат банкини мустақил танлаш ҳуқуқига эгадирлар. Бугунги кунда республикамизда банк хизматлари бозорида тижорат банклари ўртасида (2018 йил 1 январь ҳолатига 28 та) кучли рақобат мавжуд бўлиб, ушбу ҳолат тижорат банклари доимо тақдим этилаётган хизмат турларини сифати ва кўламини оширишга, банк хизматларининг нархини такомиллаштириб боришга, мижозларга қўшимча қулайликлар яратишга ундаб келмоқда.

Шунга кўра, истеъмолчи ўзига маъқул бўлган шартларда банк ҳизмат турларини таклиф этадиган тижорат банкини мустақил танлаш ҳуқуқига эга.

Сиз банк хизматларидан фойдаланмоқчисиз. Нималарга эътибор қаратиш лозим

Банкнинг бирон-бир хизмат туридан фойданиш ҳақида қарор қабул қилишдан аввал, ушбу хизмат тури ҳақидаги маълумотларни ўрганиш, юзага келиши мумкин бўлган масалаларни аниқлаш ҳамда ўз мажбуриятларингизни (шу жумладан молиявий) англаб етиш талаб этилади.

Агар банк хизматлари шартнома тузиш асосида амалга ошириладиган бўлса, ушбу шартномани имзолашдан аввал унинг барча шартлари ва қоидаларини тижорат банкининг мутахассиси билан биргаликда диққат билан ўрганиб чиқиш зарур. Шартномада учраши мумкин бўлган нотаниш терминлар ҳамда шартнома қоидаларини тўлиқ тушуниш юзасидан банк ходимларига мурожаат этишдан уялманг. Чунончи, барча тижорат банкларида жисмоний шахсларга, шу жумладан махсус молиявий билимларга эга бўлмаган мижозларга оддий, тушунарли тарзда банк маслаҳатларини бериш вазифаси юклатилган мутахасислар мавжуд. Шартномани имзолашга шошилманг. Иложи бўлса шартномани уйга олиб кетиб, унинг барча шартларини диққат билан ўрганиб чиқиш зарур.

Эсингизда тутинг! Шартномани имзолаш орқали Сиз унинг барча шартларига рози эканлигизни тасдиқлайсиз ҳамда шартнома шартларини тўлиқ бажариш мажбуриятини ўз зиммангизга оласиз. Агар Сиз шартнома шартларини бажармаган тақдирингизда банк судга даъво аризаси билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган кредит хизматлари ҳақида нималарни билиш керак?

Фуқаро тижорат банкидан кўчмас мулк харид қилиш учун ипотека кредитини, ёки шахсий эҳтиёжларини қондириш учун истеъмол кредитини олиш ҳуқуқига эга. Банкдан кредит олиш қарз олувчига ушбу кредитнинг асосий қарзини ҳамда ушбу кредитдан фойдаланган давр учун ҳисобланган фоизларни кредит шартномасида белгиланган муддатда қайтариш мажбуриятини юклайди. Бунда банк томонидан кредитдан фойдаланганлик учун қарз олувчидан қўшимча тўловларни ундирилишига йўл қўйилмайди.

Одатда, тижорат банклари томонидан кредитлар доимий даромадга эга бўлган, тўловга лаёқатли, яъни кредит шартномасига асосан тўловларни тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириш қобилиятига эга фуқароларга ажратилади.

Қарз олувчиларни кредитлаш қоидалари ҳамда уларнинг кредитга лаёқатлилик даражасини аниқлаш усуллари ҳар бир тижорат банки томонидан мустақил равишда белгиланади. Кўп ҳолларда банк томонидан кредит ажратиш жараёнида қарз олувчи томонидан қўшимча харажатлар (гаров предметини суғурталаш, гаров шартномасини нотариал тасдиқлаш билан боғлиқ харажатлар ва ҳ.к.) кўзда тутилган бўлиши мумкин. Шунинг учун қарз олувчи кредит шартномасини имзолашдан аввал, барча қўшимча харажатларни ҳисобга олиши лозим.

Фуқаро- қарз олувчи кредит шартнома шартларини тегишли равишда бажармаса банк кредитдан фойдаланганлик учун тўловни юқори фоиз ставкаларида, шунингдек неустойка (жарима ва пеня) тўланишини талаб қилиши мумкин. Банкнинг ушбу талабларни қўйиш ҳуқуқи кредит шартномасида белгиланган бўлади.

Фуқаронинг тижорат банкидан кредит шартлари тўғрисида тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқи

Кредит олиш ҳақида қарор қабул қилишдан аввал банк ходимидан кредитлаш шартлари тўғрисида батафсил маълумот олиш керак. Сизнинг кредит шартлари тўғрисида ўз вақтида, зарур бўлган ва ҳаққоний маълумотларни олиш ҳуқуқингиз амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган.

Кредит шартномаси тузилгунга қадар банк томонидан кредит олмоқчи бўлган фуқарога кредит шартномаси ёки унга илова қилинган ўзгариши мумкин бўлган пул маблағлари мажбуриятлари тўғрисида батафсил маълумотлар ёзма равишда тақдим этилиши шарт.

Ушбу маълумотларда қуйидагилар акс эттирилган бўлиши керак:

  • кредит суммаси ва валютаси;
  • кредит муддати;
  • кредитдан фойдаланган учун устама ҳақи миқдори неча фоизни ташкил этади (ўзгарувчан ёки ўзгармас фоиз ставкаси);
  • кредит мақсади (шартномада мақсадли ишлатиш кўзда тутилган бўлса);
  • Кредит шартномасида кўзда тутилган бўлса, кредит шартномаси бўйича мажбуриятларни таъминлаш усуллари;
  • кредитнинг асосий қарзи ва ҳисобланган фоизлари қайси даврдан бошлаб, қай тартибда тўланиши. Қайтариш муддати аниқ кун ёки давр бўлиши мумкин;
  • Кредит шартномаси шартларини бажармаслик (тегишли тарзда бажармаслик) бўйича жавобгарлик;
  • кредитни муддатидан олдин қайтариш имкониятининг мавжудлиги ва унинг шартлари;
  • Кредитни бериш ва қайтариш ҳамда ундан фойдаланганлик учун устама ҳақ тўлаш бўйича бошқа шартлар.

Кредит олишда нималарга эътибор қаратиш лозим?

Тижорат банкидан кредит олиш ҳақида қарор қабул қилишдан олдин, дастлаб ушбу кредитни ажратиш билан боғлиқ қоидаларни синчковлик билан ўрганиб чиқиш зарур. Бунда кредитнинг асосий қарзи ва унга боғлиқ тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўлаб бериш юзасидан ўз имкониятларингизни тўғри баҳолаб чиқишингиз лозим.Бундан ташқари:

  • кредит бўйича тўланадиган фоиз миқдорига;
  • мажбуриятларни бажариш муддатларига;
  • кредитни муддатидан олдин қайтариш имкониятининг мавжудлиги ва унинг шартларига;
  • кредит олиш учун қўшимча шартнома тузиш (масалан, суғурта шартномаси) талаб этилиши мавдудлигига алоҳида эътибор қаратинг.
Кредит таъминоти юқори бўлган ҳоллар ҳисобга олинганда (ликвид таъминот, гаров ёки кафил) кредит фоизлари нисбатан паст бўлиши мумкин.

Мақбул шартлардаги кредитни танлаш юзасидан тегишли қарор қабул қилишда жисмоний шахслар учун кредитлар таклиф этаётган бир нечта тижорат банкларининг таклифларини ўрганиб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Агар банк кредитдан фойдаланганлик учун тўланадиган фоиз миқдорини оширса нима қилиш керак?

Кредит шартномасининг шартларини ўзгартириш, ушбу кредит шартномасига қўшимча битим тузиш орқали амалга оширилади. Шу билан бирга, агар кредит шартномасининг шартларида кредитдан фойдаланганлик учун фоиз миқдорини ўзгартиришнинг (оширишнинг) аниқ асослари кўзда тутилган бўлса ва бундай ўзгартиришларни кучга киришининг аниқ муддатлари белгиланган бўлса, бундай ҳолатда кредит фоизи миқдори амалдаги кредит шартномасининг шартларига асосан ўзгартирилади.

Агар кредит шартномасида кредитдан фойдаланганлик учун фоиз миқдори бирон-бир базавий кўрсаткичга боғланган бўлса (масалан, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига), ушбу базавий кўрсаткич ўзгарган ҳолатларда кредит шартномасига қўшимча битим тузиш талаб этилмайди.

Одатда, кредит шартномаларига агар қарз олувчи кредитдан фойдаланганлик учун тўланадиган фоиз миқдорини ошириш юзасидан қўшимча битимни имзолашга рози бўлмаган тақдирда қарз олувчи банкка ушбу кредитни муддатидан олдин қайтариши лозимлиги тўғрисида қоида киритилади. Қайд этиш лозимки, бундай ҳоллатда қарз олувчи томонидан банкка кредитни қайтариши лозим бўлган муддат, банк томонидан кредитни муддатидан олдин қайтариш тўғрисидаги талаби қўйилган кундан бошлаб 3 ойдан кам бўлмаслиги лозим.

Банк омонат (депозит) турини танлашда истеъмолчи нималарга эътибор қаратиши лозим?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасига кўра, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахслар ўзларига ҳисоб-китоб ва касса хизматларини кўрсатиш учун банкларни мустақил равишда танлайдилар ҳамда бир ёки бир неча банкларда миллий ва чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари, шунингдек, жамғарма, муддатли, ссуда ва бошқа депозит ҳисобварақларини очиш ҳуқуқига эгалар. Мамлакатимиз тижорат банклари томонидан миллий ҳамда чет эл валютасида турли муддат ва шартлар асосида кенг кўламда омонат (депозит) турлари таклиф этилмоқда.

У ёки бу омонат турига бўш пул маблағларини жойлаштириш орқали ҳар бир омонатчи ушбу жойлаштирилган маблағларидан максимал даражада даромад олиши юзасидан маълум рискларга дуч келади.

У ёки бу омонат турини танлашдан аввал фуқаро пул маблағларини омонатга қўйишдан олинадиган даромади ўзи кутаётган даражада эканлигига ишонч ҳосил қилиши ва нафақат олинадиган фоиз миқдорига, балки бошқа шартларга ҳам эътибор қаратиши лозим.

Масалан, агар фуқарода омонат муддати тугагунга қадар омонатдаги маблағларини муддатидан аввал ечишга эҳтиёж туғилиши мумкин бўлса, энг кам йўқотишлар билан омонатни ечиш эҳтимоли ва бундай шарт омонат шартномасида кўзда тутилганлигига ва омонатни даромад келтириш асносида энг кам сақлаш муддатига эътибор қаратиши лозим.

Агар фуқаро яқин вақт мобайнида ўзининг бўш пул маблағларига эҳтиёж сезмаса, у ҳолда фуқаро маблағларини тижорат банки томонидан таклиф этилаётган омонатларга жойлаштиришда омонат бўйича тўланадиган фоизлар ва уларни ҳисоблаш усуллари (фоизларни капитализация қилиш усули юқори даромад келтиради) мезон бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига кўра, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги омонат (депозит) ҳисобварақларида миллий ҳамда чет эл валютасида сақланаётган пул маблағларининг бут сақланиши давлат томонидан тўлиқ кафолатланган.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги омонатлари ҳимояланишини таъминлаш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади.

Агар банкнинг банк операцияларини бажариш ҳуқуқини берувчи лицензияси Марказий банк томонидан чақириб олинса ва мазкур банкнинг мавжуд маблағлари фуқароларнинг банкдаги омонатлари бўйича ҳақ тўлашга етмаса, у ҳолда фуқаролар омонатлари "Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талаблари асосида 100 фоиз миқдорда қоплаб берилади.

Қайси ҳолларда чет эл валюталари шикастланган ҳисобланади ёки тижорат банклари томонидан алмаштириб берилмайди?

Бугунги кунда барча тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчаларида қуйидаги операциялар амалга оширилмоқда:

  • жисмоний шахслардан нақд чет эл валютасини нақд миллий валютага сотиб олиш;
  • жисмоний шахслар - норезидентларга (кейинги ўринларда норезидент деб юритилади) чет эл валютасини сотиш;
  • жисмоний шахсларнинг халқаро тўлов картасидаги чет эл валютасини нақд миллий валютага айирбошлаб бериш;
  • жисмоний шахслардан чет эл валютасини инкассога қабул қилиш;
  • ҳақиқийлиги шубҳа туғдирган чет эл валюталарини жисмоний шахслардан экспертизага қабул қилиш;
  • жисмоний шахсларнинг йирик чет эл валютасини ўша чет эл валютасига майдалаб бериш;
  • жисмоний шахсларнинг шикастланган чет эл валютасини шикастланмаган шу турдаги чет эл валютасига алмаштириб бериш;
  • жисмоний шахсларга бир хорижий давлатнинг нақд валютасини бошқа хорижий давлатнинг нақд валютасига алмаштириб бериш (конверсия).
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 25 апрелдаги “Банк ва банклар фаолияти тўғрисида”ги Қонунига асосан, банк операциялари бўйича фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақи миқдори банклар томонидан мустақил белгиланади. Шунинг билан бирга, валюта айирбошлаш операциялари юзасидан кўрсатилинган хизматлар учун воситачилик хақи ундирилиши мумкин. Чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш бундан истисно.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2017 йил 6 ноябрда 2944-сон билан рўйхатга олинган “Ваколатли банкларда жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан чет эл валютаси қуйидаги ҳолларда шикастланган ҳисобланади:

  • эмитент банк номи, валюта қийматининг рақамлар ва сўз билан кўрсатилиши, олд ва орқа томонининг асосий расми (сурати), шунингдек қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи элементлари (сув белгиси, магнитли белгилар, қоғозга киритилган рангли толалар, жумладан, ультрабинафша нурларда кўринадиган толалар, конфетти, ҳимоя иплари, микроматн, нур сочувчи расмлар ва бошқалар) ва бошқа асосий белгиларини сақлаб қолган бўлса;
  • сийқаланган ва ифлосланган бўлса;
  • ёпиштириб қўйилган йиртилган бурчаклари ёки қисмлари бўлса;
  • банкнот ёпиштириб қўйилган ва унчалик катта бўлмаган йиртиқларга эга бўлса;
  • майда мой доғлари ва бошқа доғлар, ёзувлар ва муҳрлар ўрни бўлганда ва улар банкнотнинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган ва тўловга яроқлиликнинг асосий белгиларини 50 фоизидан ортиғини тўсиб қўймаган бўлса;
  • банкнотлар майда тешикларга эга бўлганда.

Юқорида келтирилган рўйхат чет эл валютасини муомалага чиқарган банк-эмитент томонидан ўрнатилган қоидалардан ташкил этилади ва мазкур банк –эмитент ўз валютасининг тўловлилик аломатлари, жумладан унинг “қуйи чегараси” яъни қандай ҳолларда тўловга қабул қилинмаслиги ва алмаштириб берилмаслигини аниқлайди.

Таъкидлаш жоизки, Марказий банк чет эл валютасини муомалага чиқармайди ёки муомалага яроқсиз чет эл валюталарини алмаштириб бермайди. «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига асосан мазкур ваколат миллий валютага нисбатан ишлатилади.

Фуқаро банк кассасидан миллий валютада ёки чет эл валютасида нақд пулларни олишда нималарни билиши лозим?

Банк кассасидан берилган пулни олган фуқаро, касса ёнидан кетмай туриб олинган умумий суммани ҳужжатда кўрсатилган сумма билан таққослаши, уни боғламлар ва дасталар бўйича текшириши, даста тўлмаган алоҳида пулларни эса шу пулни берган кассирнинг кузатуви остида бирма-бир қайта санаб кўриш орқали қабул қилиб олиши лозим. Фуқаро қабул қилиб олган барча пулларни махсус ажратилган хонада, банк кассири ёки назоратчи кузатуви остида, бирма-бир қайта санаб олиши шарт.

Шунга кўра, фуқаро қуйидагиларни билиши лозим:

  • агар фуқаролар касса ёнида пулни қайта санаб олмаган ёки қайта санаш учун ажратилган хонада банк назоратчиси кузатуви остида қайта санамаган бўлсалар, уларнинг пул ёки тангалари етишмаётганлиги тўғрисидаги аризалари тижорат банки томонидан қониқтирилмайди. Бу ҳақда чиқим кассалари олдида кўзга кўринарли жойга эълон ёзиб қўйилиши шарт;
  • агар банк кассири фуқарога олинаётган пулни бирма-бир қайта санаб олишни таклиф этаётган бўлса, фуқаро ушбу таклифни рад этмаслиги керак. Чунки, пулларни қайта санаш жараёнида ўз миқдоридан кам чиқса, банкнинг масъул ходими билан фуқаро ўртасида далолатнома расмийлаштирилади ва етишмаётган сумма банк томонидан фуқарога қоплаб берилади.
Шунга кўра, тижорат банки кассасидан миллий валютада ёки чет эл валютасида нақд пулларни олишда юзага келиши мумкин бўлган ноҳуш ҳолатларни олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фуқароларга пулларни бирма-бир қайта санаб олишни тавсия этади.


USD = 10231.71
+21.85
EUR = 12059.09
+38
RUB = 138.65
+1.19
GBP = 13353.40
-9.26
JPY = 96.61
+0.18
CHF = 11215.29
+28.85
CNY = 1468.60
+4.69
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X