Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Банкларни давлат рўйхатига олиш ва лицензиялаш тартиби бўйича маълумот

Янгиланган сана:  1 Ноя 2022, 10:59

Ўзбекистонда янги банк очиш учун қандай талаблар белгиланган? Бунинг учун нималарга эътибор бериш керак?

Келинг, республикамизда янги банк очишнинг ташкилий жиҳатларини кўриб чиқамиз.

Банкларни давлат рўйхатига олиш ва лицензия бериш тартиби “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонун ва “Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисида”ги низом (рўйхат рақами 3252, 2020 йиль 30 июнь) асосида тартибга солинади.

У икки босқичдан иборат:

  • 1-босқич - Марказий банк томонидан банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш;

  • 2-босқич - бир вақтнинг ўзида лицензия берган ҳолда банкни давлат рўйхатидан ўтказиш.


1-босқичда амалга ошириладиган ишлар:

Банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани олиш учун муассислар томонидан банк ташкил этиш бўйича ўз манфаатларини Марказий банкда ифода этишга вакил қилинган шахс таъсис шартномаси имзолаганидан кейин уч ойдан кечиктирмай Марказий банкка қуйидагиларни илова қилган ҳолда ариза тақдим этади:

- таъсис шартномасини;

- икки нусхадаги банк уставини;

- таъсис йиғилишининг баённомасини;

- муассислар рўйхатини;

- ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган бевосита ва билвосита муассислар, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек потенциал олувчини (Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ) баҳолашни ўтказиш учун зарур бўлган ахборотни;

- ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган шахслар мавжуд бўлмаган тақдирда, банкнинг устав капиталида энг кўп улушларга эга бўлган, умумий улуши камида эллик фоизни ташкил этадиган бевосита ва билвосита муассислар, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги ахборотни, шу жумладан потенциал олувчини (Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ) баҳолашни ўтказиш учун зарур бўлган ахборотни;

- муассис бўлган юридик шахснинг аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланган охирги уч йил учун молиявий ҳисоботларини;

- банкнинг устав капиталини шакллантириш учун киритилган маблағларнинг манбалари тўғрисидаги ҳужжатлар билан тасдиқланган ахборотни;

- банкнинг кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари тўғрисидаги, бу аъзоларнинг раҳбарлик принциплари (Қонуннинг 36-моддаси) талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун зарур бўлган ахборотни;

- банкнинг ташкилий тузилмасини;

- банкнинг ички аудит хизмати тўғрисидаги низом лойиҳасини;

- банкнинг кейинги уч йилга мўлжалланган бизнес-режасини;

- кейинчалик банкнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим бўлган, банкнинг кредит, инвестиция ва эмиссия сиёсатининг лойиҳаларининг, шунингдек таваккалчиликларни бошқариш ва ички назорат сиёсати лойиҳаларининг кўчирма нусхаларини;

- аризани кўриб чиққанлик учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни.

Банкни ташкил этишда ёки банкнинг устав капиталида чет эл банки иштирок этганда юқорида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари қуйидаги ҳужжатлар қўшимча равишда тақдим этилади:

- чет эл банки ваколатли органининг банкни ташкил этиш ёки банкнинг устав капиталида иштирок этиш тўғрисидаги қарори;

- чет эл банкининг устави;

- чет эл банки банкни назорат қилиш органининг мазкур чет эл банки унинг консолидациялашган назорати остида туриши, пул маблағларини депозитларга қабул қилиш ҳуқуқига эга эканлиги ва унга банкни назорат қилиш органининг банкни ташкил этиш ёки банкнинг устав капиталида иштирок этиш учун рухсатномаси берилганлиги тўғрисидаги ёзма тасдиқномаси ёхуд шундай рухсатнома талаб этилмаслиги тўғрисидаги тасдиқномаси;

- чет эл банки капиталининг ва кредит рейтингининг Марказий банк томонидан белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Марказий банк юқори капитал ва кредит рейтинги кўрсаткичларига эга бўлган халқаро молия институтлари, чет эл банклари ҳамда бошқа кредит ташкилотлари томонидан банк ташкил этаётганда ёки банкнинг устав капиталида иштирок этаётганда дастлабки рухсатномани олишнинг алоҳида тартибини белгилашга ҳақли.

Норезидент бўлган жисмоний шахсларнинг ва халқаро молия институтлари, чет эл банклари ва бошқа кредит ташкилотлари бўлмаган юридик шахсларнинг жами улуши банк устав капиталининг эллик фоизидан ошмаслиги керак.

Марказий банк халқаро молия институтлари, чет эл банклари ва бошқа кредит ташкилотлари бўлмаган, банк муассислари бўлган норезидентларнинг капиталига ҳамда кредит рейтингига нисбатан, шунингдек норезидентлар жойлашган давлатнинг рейтингига нисбатан энг зарур талабларни белгилашга ҳақли.

Қайси норезидентларнинг иштирокчилари (акциядорлари) ҳамда охирги бенефициар мулкдорлари имтиёзли солиқ режимини тақдим этувчи ва (ёки) охирги бенефициар мулкдорнинг шахсини ошкор этишни ҳамда молиявий операцияларни ўтказиш чоғида ахборот тақдим этишни назарда тутмайдиган давлатда ёки ҳудудда рўйхатга олинган бўлса, ўша норезидентлар банк муассислари ва акциядорлари бўлиши мумкин эмас.

Банк ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишда Марказий банк:

- Марказий банк билан чет эл банки бўлган муассиснинг банкни назорат қилиш органи ўртасида ахборот айирбошлаш тўғрисидаги келишув мавжудлигини;

- норезидент жойлашган мамлакат ваколатли органларининг ахборотини ва фикрларини инобатга олади.

Юқоридаги ҳужжатлар муассис бўлган банк рўйхатга олинган ерда жойлашган Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси ёки бошқа консуллик муассасалари томонидан тасдиқланади.


2-босқичда амалга ошириладиган ишлар:

Банкни давлат рўйхатига олиш ва лицензия олиш учун ариза берувчи банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатнома олинганидан кейин олти ойдан кечиктирмай Марказий банкка қуйидагиларни тақдим этиши керак:

- банкни давлат рўйхатига олиш ва лицензия бериш тўғрисидаги ариза;

- Қонун (13-моддаси) билан белгиланган энг кам миқдордан кам бўлмаган суммада банкнинг устав капитали шакллантирилганлигини тасдиқловчи ҳужжат, шунингдек муассисларнинг рўйхати;

- банкнинг муҳим аҳамиятга эга ходимлари тўғрисида уларнинг раҳбарлик принциплари (Қонуннинг 36-моддаси) талабларига мувофиқлигини баҳолашдан ўтказиш учун зарур бўлган ахборот;

- ташкил этилаётган банк жойлашган ердаги Марказий банк ҳудудий бош бошқармасининг банк бинолари, уларнинг муҳофаза қилиниши таъминланганлиги, ускуналар, ишларни ташкил этиш техника воситалари билан жиҳозланганлигининг ва дастурий таъминотининг Марказий банк талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;

- юқорида санаб ўтилган барча ҳужжатларнинг электрон шаклдаги кўчирма нусхалари.

Башарти банкнинг фаолияти хавфсиз тарзда амалга оширилиши таъминланса ҳамда омонатчилар ва кредиторларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишини, шунингдек банк тизими лозим даражада ишлашини кафолатловчи корпоратив бошқарув талабларига риоя этилса, Марказий банк банкни давлат рўйхатига олиш ҳамда лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Банкни давлат рўйхатига олиш ва лицензия бериш ҳақидаги қарор ариза барча зарур ҳужжатлар билан олинган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда қабул қилинади.

Марказий банк тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан уч иш куни ичида ариза берувчини қабул қилинган қарор ҳақида ёзма шаклда, шу жумладан ахборот-коммуникация тизими орқали электрон шаклда хабардор қилади.

Лицензия берилганлиги учун қонунда белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.

Банкнинг давлат рўйхатига олинганлиги ва унга лицензия берилганлиги тўғрисидаги ахборот Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Лицензиянинг қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланган тақдирда лицензия Марказий банк томонидан чақириб олинади.

Қайд этиш лозимки, тақдим этиладиган ҳужжатлар тўплами, тартиби, муддати, ариза ва анкеталар намуналари “Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисида”ги низомда батафсил кўрсатиб ўтилган.




Улашиш:

 
USD = 12601.08
+13.14
EUR = 13774.24
-2
RUB = 143.50
+0.31
GBP = 16368.80
-49.65
JPY = 80.53
+0.06
CHF = 14254.62
+75.82
CNY = 1735.95
+0.69
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X