Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Гаров реестри ва соҳадаги сўнгги ўзгаришлар

Янгиланган сана:  1 Дек 2020, 09:13

Мамлакатимизда кредиторлар ва қарздорлар ўртасидаги гаров муносабатларининг ягона реестрини юритиш ва соҳага оид ахборотлар ишончлилигини таъминлаш мақсадида гаров реестри ташкил этилганига олти йилдан ошди. Ушбу давр мобайнида гаров реестридан фойдаланишда қулайликлар ҳамда ҳам кредитор ҳам қарздорга манфаатли бўлган ўзгаришлар амалга оширилди.

Хусусан, ўтган йилнинг 22 октябрида қабул қилинган “Кредиторларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кучайтирилиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига асосан 11 та қонун ҳужжатига ўзгартириш киритилиб, унда таъминот муносабатларида кредиторларнинг қарздор мулкига бўлган ҳуқуқлари устуворлиги, таъминот ҳисобидан талабларни қондириш ва бунда гаров реестрига ёзув киритган кредиторлар бир қатор имтиёзларга эга бўлиши белгиланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида қарздор томонидан кредиторлар олдидаги мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда, таъминот ҳисобидан кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш навбати улар томонидан гаров реестрига тегишли мол-мулкка бўлган ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзувларни киритишнинг хронологик тартибига (вақти ва санасига) мувофиқ ҳал этилиши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси тегишли моддасига асосан тўловчи томонидан божхона тўловларини тўлаш бўйича қарзи белгиланган муддат ичида тўланмаган тақдирда, божхона органи ундирув қарздорнинг мол-мулкига қаратиладиган миқдордаги божхона тўловлари бўйича қарзнинг суммасини кўрсатган ҳолда гаров реестрига ёзув киритилиши ҳамда божхона тўловлари бўйича қарз тўлиқ қопланганидан ёки ҳисобдан чиқарилганидан кейин мазкур ёзув гаров реестридан ўчирилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига асосан мол-мулкни хатлаш тўғрисида қарор чиқарилгандан кейин суриштирувчи ёки терговчи бир кун ичида, мол-мулкни хатлаш ҳақида суд ажрими чиқарилганда ваколатли бўлган органлар томонидан уч сутка ичида гаров реестрига ёзув киритилиши тўғрисидаги қўшимча киритилди.

Бундан ташқари, киритилган ўзгартишларда қарздор ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда гаров предмети қиймати йўқолмаслиги, унинг бегоналаштирилиши (ўғирланиши, талон-торож қилиниши) олдини олиш ва тезроқ сотиш каби мақсадларда ундирувни таъминот нарсасига суд буйруғи асосида қаратишнинг жорий этилиши белгиланган.

Бу эса, кредитор, қарздор ва бошқа фойдаланувчиларнинг гаров реестрига қизиқишини янада ортишига ва реестр хизматларидан фойдаланиш кўламини ошишига олиб келиши табиий.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонунига асосан бирламчи бозордаги кўчмас мулк ва транспорт воситаларига нисбатан ипотека шартномаларини расмийлаштирган банк ва бошқа кредит ташкилотлари мол-мулкка тақиқ қўйиш ҳамда тақиқни ечишни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мустақил равишда амалга ошириши белгилаб қўйилди.

Мазкур қонун ҳамда Президентимиз имзолаган “Микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга асосан Марказий банк ҳузуридаги “Гаров реестри” ДУК маълумотлар базаси Адлия вазирлигининг Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳамда Ички ишлар вазирлигининг “Техпаспорт+права” тизими ягона интеграллашган базасига интеграция қилинди ва кредит ташкилотлари учун гаров реестри сайти орқали ушбу ахборот тизимларидан мол-мулк ҳолати (тақиқ бор ёки йўқлиги) тўғрисида маълумот олиш ҳамда тузилган гаров шартномасига асосан гаровдаги мол-мулкка тақиқ қўйиш ва ечиш имкони яратилди.

Эндиликда бирламчи бозордан сотиб олинган кўчмас мулк ва транспорт воситаларини ипотека ва гаров тўғрисидаги шартномаларини расмийлаштиришни ҳамда мазкур ипотека ва гаров тўғрисидаги шартномаларга асосан тақиқ қўйиш ҳамда тақиқ ечишни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали кредит ташкилотларининг ўзлари мустақил равишда амалга оширишлари мумкин.

Шунингдек, кредит ташкилотлари гаров реестри сайти орқали Ички ишлар вазирлигининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидан автомототранспорт воситалари ва уларга бириктирилган мулк ҳолати (тақиқ бор ёки йўқлиги) тўғрисида маълумот олиш имконияти яратилиб, ортиқча оворагарчиликлар олди олинди.

Натижада қарздорларнинг бирламчи бозордан сотиб олинган кўчмас мулк ва транспорт воситаларини натариал идоралар орқали гаров ва ипотека тўғрисидаги шартномаларини нотариал тасдиқлашда жисмоний шахслар учун 345 650 сўмдан 590 950 сўмгача, юридик шахслар учун эса 836 250 сўмдан 1 304 550 сўмгача бўлган ортиқча пул сарфлашлари қисқартирилди.

Бундан ташқари, мамлакатимиз Президентининг “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида гаров реестри Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг кўчмас мулк кадастр қўмитаси (Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги) ягона интеграллашган базасига интеграция қилиниб, кўчмас мулк бўйича маълумот олиш имконияти яратилган.

Гаров реестри кредитлар, қарзлар бериш ва бошқа молиявий хизматлар сифатли кўрсатилишига ҳамда кичик бизнес ва аҳолининг молия муассасалари билан ҳамкорлигини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда, барча тижорат банклари, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва бошқа хўжалик субъектлари ҳамда жисмоний шахслар гаров реестри хизматларидан фойдаланмоқда.

Қонун ҳужжатларига киритилган ўзгаришлар ва “Гаров реестри” ДУК томонидан амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида гаров реестрига киритилган ёзувлар сони 148,5 мингтани ташкил этиб, жами киритилган ёзувлар сони 648 мингтадан ошди.

 

Аҳмадхон Маматов,

“Гаров реестри” давлат унитар корхонаси директори




Улашиш:

 
USD = 12620.09
+19.95
EUR = 13599.41
-42.76
RUB = 136.73
+0.81
GBP = 15892.48
-16.46
JPY = 83.33
+0.09
CHF = 13926.38
+8.19
CNY = 1745.42
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X