Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ОЛТИН ҚУЙМА ВА ТАНГАЛАРНИ ХАРИД ҚИЛИШ аҳоли маблағларини ишончли сақлаш ва инвестиция имкониятини оширадими?

Янгиланган сана: 10 Июн 2021, 00:07

#Ижтимоий тармоқдан савол 

ОЛТИН ҚУЙМА ВА ТАНГАЛАРНИ ХАРИД ҚИЛИШ

аҳоли маблағларини ишончли сақлаш ва инвестиция имкониятини оширадими?

- Хорижий валюта сотиб олган маъқулми ёки олтин қуйма ва тангаларни?

- Олтин қуймаларни исталган фуқарога сотиш мумкинми?

- Уларни хорижга олиб чиқиб кетса бўладими?

- Нархлар қандай мезонларга асосланиб белгиланади?

- Олтинни сотганда тижорат банклари Марказий банк белгилаган нархдан юқори нарх белгилай оладими?

 

2020 йил ноябрь ойидан Марказий банк томонидан илк бор аҳоли учун 5, 10, 20 ва 50 грамлик олтин қуймалар тижорат банклари орқали сотувга чиқарилди. Олтин қуймаларни сотиб олиш истагида бўлган фуқаролар сони кун сайин ошиб бормоқда ва табиий равишда юқоридаги каби саволлар ҳам келиб тушишда давом этмоқда.

Фуқароларимизнинг олтин хариди билан боғлиқ қизиқтираётган долзарб саволларига батафсил жавоб олиш учун Марказий банкнинг Халқаро захираларни бошқариш департаменти директори Санжар ВАЛИЕВни суҳбатга чорладик.

 

Ўзбекистонда кичик ҳажмли олтин қуймалар аҳоли учун илк бор сотувга чиқарилди. Бундан кўзланган мақсад нима? Олтин келажак учун инвестиция сифатида қай даражада самарали?


Марказий банк томонидан олтиндан тайёрланган қуймалар ва эсдалик тангаларининг муомалага чиқарилишидан асосий мақсад аҳолимизнинг инвестицион ва жамғариш имкониятларини кенгайтиришдир.

Маълумки, маблағларни инвестиция қилишда инвесторлар олтиндан диверсификация мақсадида кенг фойдаланадилар. Бунинг сабаби шундаки, ҳар қандай активнинг қиймати вазиятдан келиб чиқиб тушиши мумкин. Инвестиция ёки жамғарманинг таркибида қисман олтиннинг бўлиши инқирозли даврларда активлар умумий қийматининг тушиб кетиши хавфини камайтиради ва бу ҳолат амалиётда кўп маротаба ўз исботини топган. Активларнинг хусусиятлари, инвестициядан кўзланган мақсад ва маъқул кўрилган хатар даражасидан келиб чиқиб, инвестиция ёки жамғарма таркибида алоҳида активларнинг, жумладан, олтиннинг улуши турлича шакллантирилиши ҳам мумкин.

Аҳоли томонидан олтиндан жамғарма сифатида фойдаланиши мамлакат иқтисодиётига қандай аҳамияти бор, деб сўрашингиз мумкин. Олтин инвестиция ва жағарма қилиш учун муқобил восита эканлиги сабабли олтин қуймалари ва эсдалик тангаларини муомалага чиқарилиши аҳолининг олтиндаги жамғармалари шаклланишига ва бу, ўз навбатида, чет эл валютасига бўлган талабнинг ва иқтисодиётнинг “долларлашув” даражасининг пасайишига ижобий таъсирини кўрсатади.


Жаҳон тажрибасидан маълумки, пандемия ёки шунга ўхшаш фавқулотда хатарли вазиятлар пул қийматига ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Олтиннинг аҳамиятига-чи? Бундай хатарларнинг таъсири қандай?


Хабарингиз бор, пандемия даврида жаҳон иқтисодиётида, хусусан, бир қатор йирик иқтисодиётларда пасайиш кузатилди. Аксинча, бу вақт мобайнида олтиннинг жаҳон бозоридаги инвестицион жозибадорлиги ошди ва унинг нархи сезиларли кўтарилди. Бунга нима сабаб бўлди?

Олтин ҳеч қайси давлат иқтисодиёти ва валютасига боғланмаган актив бўлиб, пандемия, иқтисодий инқирозлар ва сиёсий нобарқарорлик пайтида олтинга хавфсиз актив сифатидаги талаб ошади. Бу эса унинг нархи ўзгаришига сабаб бўлади.


Маълумки, Марказий банк томонидан олтин қуймаларидан ташқари олтин эсдалик тангалари ва сувенирлари ҳам сотувга чиқарилди. Улар хусусида ҳам батафсил маълумот берсангиз.


Марказий банк томонидан тарихий ва замонавий даврнинг муҳим воқеаларига бағишлаб олтиндан тайёрланган эсдалик тангалари ва сувенирлар муомалага чиқарилмоқда.

Эсдалик тангалари ва сувенирларнинг асосий фарқи шундаки, сувенирларда эсдалик тангаларидаги каби номинал қиймати акс этмайди.

Жумладан, жорий йилда улуғ шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб, Марказий банк томонидан шу мавзуда  олтин эсдалик тангалари ва сувенирлар тўплами тайёрланиб, сотувга чиқарилди.

 

Келинг, шу ўринда олтин қуймаларни сотиб олиш истагидаги юртдошларимизга фойдали бўлиши учун олтин қуймалар харид қилиш ва қайта сотиш ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Олтин қуйма ва тангаларни қаердан, қандай тартибда сотиб олиш мумкин?


Олтин қуймалари, эсдалик тангалари ва сувенирларни республикамизнинг барча ҳудудларида Марказий банк томонидан сотуви ташкил қилинган тижорат банкининг филиали (шохобча) орқали сотиб олиш ёки қайтариб сотиш мумкин. Сотиш ва қайтариб сотиб олиш шохобчаларининг рўйхати Марказий банкнинг веб-сайтида эълон қилинади ва янгиланиб борилади.

Сотиб олиш учун шохобчага мурожаат қилинади ва тўлов амалга оширилади, сўнгра мижозга олтин қуйма, эсдалик тангаси ёки сувенир унинг техник хусусиятини тасдиқловчи сертификат билан бирга топширилади. Шу ўринда айтиб ўтиш зарурки, олтин қуйма махсус ҳимояланган қадоқда муомалага чиқарилиб, қадоғи сертификат вазифасини ҳам бажаради.

Олтин қуйма, эсдалик тангаси ва сувенирни қайтариб сотиш қуйидагича амалга оширилади.

Ҳимоя қадоқлари бузилмаган олтин қуймаси шохобчага топширилганда шу куннинг ўзида сотиб олинади.

Ҳимоя қадоқлари шикастланган ва техник талабларга мос келмаган ҳолатдаги олтин қуйма шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида қайтариб сотиб олиш тўғрисидаги далолатномани расмийлаштирган ҳолда шохобча томонидан қабул қилинади ва техник экспертиза ўтказилгандан сўнг пули тўлаб берилади. Марказий банкнинг олтин эсдалик тангаси ва сувенирни қайтариб сотиб олиш ҳам шундай тартибда амалга оширилади.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан чиқариладиган қимматбаҳо металлардан тайёрланадиган ўлчовли қуймаларнинг муомалада бўлиши тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июндаги 412-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш тартиби тўғрисида”ги низомда ҳамда Марказий банк томонидан чиқариладиган қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларнинг муомалада бўлиши тартиби эса Адлия вазирлигида 2018 йил 20 августда 3056-сон билан рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларини сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш тартиби тўғрисида”ги низомда батафсил белгилаб берилган.

Марказий банкнинг олтин қуймалари, эсдалик тангалари ва сувенирларини сотиш амалиёти муддати чекланган ёки давомийлиги билан боғлиқ саволлар ҳам келиб тушмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунига асосан, қимматбаҳо металлардан тайёрланган қуймалар ва тангаларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш тижорат банклари томонидан амалга ошириладиган молиявий операциялар сирасига кириши сабабли бу хизмат турини давом эттиришнинг амалий чоралари кўриб борилади.

 

Ҳозирда олтин қуймаларни банкларда сотиш ҳақида гапириб ўтдингиз. Бизга ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушган саволлар орасида шундай мазмундагиси бор: 

Мен сотиб олган олтин қуймаларни ва тангаларни хорижлик фуқароларга сотишим ёки ўзим билан олиб чиқиб кетишим мумкинми? Бу қай тартибда амалга оширилади?


Марказий банкнинг олтин қуймалари, эсдалик тангалари ва сувенирларини сотиб олган шахслар улардан ўз ихтиёрларига кўра фойдаланишга ҳақлилар. Уларни резидент ёки норезидентларга, яъни Ўзбекистон фуқаролари ва

хорижликларга сотишлари мумкин. Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ республика ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар Ўзбекистон Республикаси валютасида амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 сентябрдаги ПФ-6066-сонли қарорига мувофиқ жисмоний шахсларга Марказий банк томонидан сотуви йўлга қўйилган ва тегишли сертификатлари мавжуд бўлган олтин қуймалари ва эсдалик тангаларини республика ҳудудидан ташқарига чекловларсиз олиб чиқиш ҳуқуқи берилган.


Сотувдаги олтин қуймалар ва тангаларнинг нархлари қандай белгиланади? Тижорат банклари Марказий банк белгилаган нархдан юқори нарх белгилаши ҳам мумкинми?


Олтин қуймалари, эсдалик тангалари ва сувенирларнинг нархлари кундалик равишда Марказий банкнинг веб-сайти ҳамда телеграм каналида эълон қилинади. Бу нархлар барча шохобчаларда бир хил бўлиб, улар томонидан қўшимча нарх қўйилиши мумкин эмас.

 

- Суҳбат учун раҳмат. Ўйлаймизки, бизни кузатганлар олтин қуймалар ва тангалар билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Ҳурматли юртдошлар, агар сизда ушбу мавзу юзасидан ёки бошқа саволлар бўлса бизга йўлашингиз мумкин. Марказий банк мутасаддилари сизнинг мурожаатингизни эътиборсиз қолдиришмайди.

 




Улашиш:

 
USD = 12837.10
+24.06
EUR = 13516.18
+58.64
RUB = 124.62
+2.02
GBP = 16330.07
+86.98
JPY = 85.40
+0.34
CHF = 14506.84
+64.73
CNY = 1767.10
+5.3
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X