Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тўлов тизимлари департаменти директори ўринбосари Шуҳрат Файзуллаев depozit.uz сайтига интервью берди

Янгиланган сана:  12 Май 2021, 17:08

Банк карталарининг турлари, карталардан тўловларни ўтказиш, карта эгаларига хизмат кўрсатиш, шунингдек, тизимда мавжуд муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Тўлов тизимлари департаменти директори ўринбосари Шуҳрат Файзуллаев depozit.uz сайтига интервью берди.

- Жаҳон тажрибасидан маълумки, бутун дунёда MASTERCARD ва VISA карталаридан фойдаланишда чегара йўқ, мижоз фақат битта карта очади ва барча ҳисоб-китоблари мана шу карта орқали амалга оширилади. Лекин Ўзбекистонда сўм карта алоҳида, валюта карталари алоҳида очилади. Бунинг сабаблари нимада? Мижозларга қулай бўлиши учун иккала хизматни ҳам ўзига жамлаган карта бериш маъқул эмасми?

Айтганингиздек, Россия ёки Қозоғистон каби мамлакатлар тажрибасини оладиган бўлсак, кўп йиллардан бери аҳолига иш ҳақи тўловларини амалга ошириш ва кундалик тўловлар учун ҳам VISA ва MASTERCARD карталари тақдим қилиниб келмоқда. Бу карталарнинг халқаро мақоми улардан нафақат ўз ватанида, балки исталган мамлакатда ўша мамлакат валютасида тўловларни амалга ошириш имконини беради, қўшимча карта очишга эҳтиёж қолмайди. Тўловлар мижоз борган мамлакат валютасида – евродами, рублдами, юандами, турк лирасидами, фарқи йўқ, бирдек амалга оширилади. Тўлов суммаси эса халқаро тўлов тизимлари ва картани муомалага чиқарган тижорат банки томонидан конвертация қилиниб, мижознинг ҳисобварағидан ечиб олинаверади.

Ўзбекистон шароитида эса маҳаллий тўловлар учун UZCARD ёки HUMO карталари, чет элга борадиган ҳамюртларимиз учун алоҳида, АҚШ долларида ифодаланган VISA, MASTERCARD, МИР ёки UPI карталари таклиф қилинди.

Чунки мамлакатимизда валюта айирбошлаш масаласи кўп йиллар давомида чекланган ҳолатда бўлди, шу сабабли карталар орқали чет элда, хорижий валютада амалга ошириладиган тўловларни сўмда ифодаланган ҳисобварақлардан ечиб олиш имконияти мавжуд бўлмади. Хорижий валютадаги ҳар қандай тўловлар учун алоҳида ҳисобварақ ва алоҳида карта очилиши тақозо этарди.

Айтиб ўтиш керак, Ўзсаноатқурилишбанк 2000 йиллар бошида фақат Ўзбекистон ҳудудида ишлатиш мумкин бўлган 700 мингга яқин VISA картасини муомалага чиқарди, лекин бу карталардан чет элда фойдаланиш имконияти яратилмагани, шу билан бирга мавжуд UZCARD тармоғида ҳам қабул қилинмагани сабабли улар аҳоли учун жозибадор бўлмади ва бу йўналиш ўз ривожини топмади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда валюта айирбошлаш сиёсати ўзгарди. Энди Россия ёки Қозоғистондаги каби маҳаллий валютада ифодаланган VISA ёки MASTERCARD халқаро карталарини муомалага чиқариб, республикамизда ҳам, чет элда ҳам бирдек ишлатиш, чет элда амалга оширилган тўловларни конвертация қилиб, мижознинг сўмдаги ҳисобварағидан бевосита ечиб олиш имконияти яратилди. Бунга жавобан тўлов ташкилотлари “кобейджинг” карталарини таклиф қила бошлади.

- Нега VISA ёки MASTERCARD эмас, айнан “кобейджинг”? Бу қандай карталар? Ҳаммамиз ўрганган, кўп ҳолларда иш ҳақи тушириб бериладиган карталардан нима фарқи ва қандай афзалликлари бор?

- Кобейджинг карталари дейилганда, икки ёки ундан ортиқ тўлов тизимида бирдек амал қиладиган карталарни тушунамиз. Мисол учун, бугунги кунда UZCARD-МИР ёки HUMO-VISA каби кобейджинг карталари мавжуд бўлиб, карта юзида иккала тўлов тизимининг логотипи кўрсатилган ва бу карталар Ўзбекистон ҳудудида анъанавий UZCARD ёки HUMO тўлов тизими доирасида чет элда эса халқаро МИР ёки VISA тўлов тизимлари доирасида амал қилади. Картага битта, сўмда ифодаланган ҳисобварақ бириктирилади. Ўзбекистон ҳудудида мазкур карталар билан ҳисоб-китоблар миллий валютамизда ва маҳаллий тўлов тизимларида мавжуд тартиб-қоидалар асосида амалга оширилади. Мижоз бу карта билан чет элга чиққанда эса, айнан шу карталар энди халқаро тўлов тизимларининг қоидаларига кўра ишлай бошлайди – тўлов мижоз борган мамлакатнинг маҳаллий валютасида амалга оширилади, бу тўлов суммаси автоматик равишда конвертация қилиниб, мижознинг сўмдаги ҳисобварағидан ечиб олинади.

Кобейджинг карталарининг бундай афзаллиги айнан чет элга борадиган мижозлар учун қулай. Карта эгаси валютада алоҳида карта очиб ўтирмайди, сўмда очилган картасидан чет элда ҳам бемалол фойдаланиши мумкин.

Хўш, унда ҳаммага мана шундай янгича карталарни чиқариб бериш керакми, деган савол қўйилса, бу саволга йўқ, ундай эмас”, деб жавоб берамиз. Чунки халқаро тўлов тизимининг логотипи туширилган карта мижозга маҳаллий картага нисбатан қимматроққа тушади. Халқаро тўлов тизимлари томонидан тижорат банкларидан ундириладиган турли хил комиссион тўловлар, масалан, халқаро тўлов тизимларида ҳар бир карта муомалага чиқарилгани учун олинадиган тўлов (card fee), иштирокчи банклардан олинадиган тўлов (interchange fee) ва шу каби яна бошқа кўплаб тўловлар мавжуд. Бу комиссион тўловлар, халқаро тўлов тизимларига аъзолик бадаллари, яна ҳар кварталда тўлаб бориладиган тўловлар, шунингдек, сервер ва алоқа каналлари, сертификация ва бошқа харажатлар билан биргаликда банк хизматларининг таннархига бевосита таъсир қилади, демакки, кобейджинг карталари бўйича хизматларни қимматлаштиради.

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам тўлов тизимларининг комиссиялари жиддий фарқланади. Мисол учун, бугунги кунда маҳаллий тадбиркорлик субъекти UZCARD ёки HUMO тизимидаги терминал орқали қабул қилинган тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар учун 0,2% миқдорида комиссия тўлайди. Энди агар VISA ёки MASTERCARD тизимини олиб қараладиган бўлса, унда interchange fee нинг ўзи 0,75% дан 1,75% гача, яъни тижорат банки бу тўловни қоплаш учун савдо корхонасидан 1,75% дан зиёд комиссия олиши керак. Бугунги кунда VISA халқаро тўлов тизими Ўзбекистон учун жорий қилган махсус тартибга кўра, комиссиянинг 1% қисмини савдо корхонаси, қолганини эса хорижий банклар картасининг эгаси тўлайди. Нима бўлганда ҳам халқаро тўлов тизимлари ўзи белгилаган комиссияни олмасдан қўймайди.

Ўзбекистон ҳудудидаги миллий тўлов тизимларида эса бу каби комиссион тўловлар мавжуд эмас, демакки, одатий UZCARD ёки HUMO карталарига кўрсатиладиган хизматлар кобейджинг карталарига нисбатан арзонроқ бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мижозларнинг ҳоҳишига кўра, чет элга борганда қулайликдан фойдаланишни хоҳлаган мижозлар қўшимча харажат эвазига кобейджинг картани, чет элга боришни режалаштирмаган аҳоли эса UZCARD ёки HUMO картасини танлашлари мумкин. Қолаверса, мижозлар учун АҚШ долларида ифодаланган, маҳаллий тизимлар билан боғланмаган халқаро карталарни буюртма бериш имконияти ҳам мавжуд.

Туризмни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонда, биринчи навбатда, амалга оширилган ишлардан бири бу VISA, MASTERCARD, UPI ва МИР тўлов тизимлари карталаридан чет мамлакатларнинг сайёҳлари Ўзбекистон ҳудудига ташриф буюрганда исталган HUMO ва UZCARD карталари қабул қилувчи банкомат ва терминаллардан нақд пул олиш ва савдони амалга оширишлари учун имконият яратилди.

- Ўзбекистон мустақиллигининг айни бошланғич даврида мижоз VISA картасига нақд пул маблағини тушириб, бирон чет мамлакатга сафарга борган вақтда, у мамлакат банклари томонидан Ўзбекистон картасини қабул қилмаслик ҳолатлари кўплаб учраган. Бугунги кунда чиқарилаётган кобейджинг карталарида бу муаммо юзага келмайдими?

- Бу каби ҳолатлар аслида ташкилий жараёнлар ва техник муаммолар билан боғлиқ бўлган.

Мисол учун, бир ҳолат – ўша даврда банкларда процессинг тизимлари ва банк тизими (АБС) алоҳида-алоҳида эди, ўзаро автоматик боғлиқлик йўқ эди. Мижоз пулини банкка топширгандан кейин банк ходими маблағларни АБСдаги валюта ҳисобварағига кирим қилиб, кейин мижоз аризасига асосан уни карта ҳисобварағига кўчирар эди. Кейин процессинг марказида “қўл режимида” кирим ҳақида маълумотлар киритилиши керак эди, маълумотлар ҳам амалиёт куни ёпилганидан сўнг янгиланиб, ана ундан кейин мижоз ўз картасидан фойдаланиши мумкин бўлар эди. Яъни, банк картаси кейинги кундан бошлаб активлашар эди. Одатда бу жараён 2-3 кун ва ундан кўпроқ вақт оларди, мижоз унгача манзилига етиб бориб, картадан фойдаланишга уринишни бошлаб юборар ва натижада “картада маблағлар мавжуд эмас” деган жавоб олиш ҳолатлари учраб турар эди.

Яна бир ҳолат – аксари мижозлар банк карталаридан нақд пул олиш учун фойдаланишар эди, бу амалиёт банкомат ва картани муомалага чиқарган банк билан онлайн боғлиқликни талаб қилади. Илгари тижорат банклари ва тўлов тизими ўртасидаги алоқа каналларида узилишлар кузатилар эди, натижада мижозлар банк карталаридан нақд пул ололмас, “карта ишламаяпти”, деган фикрга боришар эди.

Ҳозирги кунда АБС ва процессинг тизимларида онлайн боғлиқликлар тўлиқ шакллантирилган. Илгаригидек, банклар томонидан кун ёпилиши шарт эмас, мижоз пул маблағларини банк кассасига топшириши ёки нақд пулсиз кирим қилиши билан деярли шу заҳотиёқ бу маблағлар картада кўринади ва ишлатишга тайёр бўлади.

Банклар, процессинг марказлари ва тўлов тизимлари орасидаги алоқа каналларининг ишончлилиги оширилган, заҳира каналлари жорий қилинган. Натижада банк карталарининг узлуксиз ва барқарор ишлаши таъминланяпти.

Кобейджинг карталарининг тегишли халқаро тўлов тизимларида тўхтовсиз ишлаши картанинг юза қисмида кўрсатилган тўлов тизимлари томонидан кафолатланган.

- Жаҳон тажрибасидан маълумки, кобейджинг карталари эмиссия қилингандан кейин алоҳида фаоллаштириш талаб этилмайди. Ўзбекистоннинг олис ҳудудларида информацион тузилма яхши ривожланмаганлиги сабабли банк картасини ишлатишда ҳам муаммолар юзага келади, бу борада Марказий банк томонидан тижорат банклари билан ҳамкорликда яратилаётган имкониятларга тўхталиб ўтсангиз.

- Республикамизда муомалага чиқариладиган UZCARD ва HUMO карталарини фаоллаштириш талаб қилинмайди. Сиз фаоллаштириш, деб айтган ҳолат, менимча, карта чиқарилганидан кейин унга мижоз томонидан шахсий ПИН-код ўрнатиш жараёни билан боғлиқ бўлса керак. Чунки ПИН-код ўрнатилмагунича картадан тўлов операцияларини ўтказиб бўлмайди, мижоз картани олганидан кейин биринчи навбатда ПИН-кодни ўрнатиб олиши керак.

Технологик жиҳатдан муомалага чиқарилаётган карталарга ПИН-код ўрнатиш икки хил йўл билан амалга оширилади – биринчи усулда ПИН-код банк томонидан генерация қилиб, махсус конвертда мижозга етказилади, бунда мижоз тасодифий танланган ПИН-кодни ёдлаб олиши зарур бўлади. Ёки, иккинчи усулда, мижоз ўзи учун эслаб қолишга қулай ПИН-кодни танлаб, уни мустақил равишда банкомат ёки терминал орқали картага бириктириб олиши мумкин.

Кобейджинг карталарида, одатда, ПИН-код бўйича биринчи усул қўлланилади ва мижозга карта билан бирга ПИН-конверт ҳам етказилади. Маҳаллий тўлов тизимларида эса ПИН-кодни танлаш мижоз ихтиёрига берилган.

Олис ҳудудларда ПИН-код ўрнатиш учун банкомат ёки терминалга бориш мижозга малол келиши мумкин. Лекин мамлакатимизда терминаллар сонининг мунтазам ортиб бориши, тўлов инфраструктураси энг чекка ҳудудларда ҳам ривожланиб бораётганини ҳисобга олсак, бу масала ўз ечимини топди, деб ҳисоблаш мумкин.

- Кейинги савол маҳаллий тўлов тизимларига тааллуқли – нима сабабдан мижозга ойлик иш ҳақи картаси фақат корхона ҳисобварағи очилган банкнинг ўзида очилади? Мисол учун, аҳолига нақд пулга зарурат туғилди, у тижорат банки томонидан ажратилаётган онлайн микроқарздан фойдаланишни истайди, лекин корхона ҳисобварағи бошқа банкда очилгани сабабли мижоз онлайн микроқарздан фойдаланиши мумкин эмас. Шу масалада фикрингиз қандай?

- Аслини олиб қарайдиган бўлсак, биронта меъёрий ҳужжатда корхонанинг ҳисобварағи қайси банкда очилса, ходим иш ҳақи картаси ҳам ўша банкда очилиши лозим деган талаб йўқ. Бу корхона бош ҳисобчилари амалиётидан келиб чиққан. Ҳар сафар иш ҳақи карталарга йўналтирилаётган вақтда корхона бош ҳисобчиси электрон кўринишдаги жадвал (ведомост) шакллантиради ва мазкур ведомостга биноан иш ҳақи тўловларининг жами суммасини корхона ҳисобварағидан тижорат банкининг транзит ҳисобварағига битта тўлов топшириқномаси билан ўтказиб юборади. Шундан кейин банк маблағларни транзит ҳисобварағидан ҳар бир ходимнинг картасига ведомостга мос равишда тақсимлаб, тегишли карталарга кирим қилади.

Агар ходимнинг картаси бошқа банкда очилган бўлса, бу ҳолда ҳар бир шундай ходим бўйича алоҳида тўлов топшириқномаси шакллантирилиши тақозо этилади. Яъни ташкилотнинг 10 та ходими бошқа-бошқа банкларнинг карталарига эга бўлса, 10 та ходим учун алоҳида-алоҳида тўлов топшириқномалари шакллантирилади.

Мана шу ортиқча ишдан қочиб, корхона ҳисобчилари барча ходимларни ўз банкида карта очишга мажбур қиладилар.

Аммо ходим мустақил равишда исталган тижорат банк картасидан фойдаланишга ҳақли. Бундай ҳолатда иш ҳақини бошқа банкда очилган банк картасига тушириб беришини сўраб корхона бош ҳисобчисига ариза билан мурожаат қилиши лозим. Шунда мижоз ўзи иш ҳақини ва микроқарзни битта картага жамлаш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, бугунги кунда тескари жараён, яъни микроқарзни айнан шу банк картасига эмас, исталган банк картасига тушириш имконияти устида ҳам иш олиб борилмоқда. Исталган картага кирим амалиёти нафақат микроқарз, балки онлайн омонат бўйича фоизлар ва омонатни ёпиш чоғида маблағларни, шунингдек, чет эл валютасини сўмга онлайн айирбошлаш вақтида маблағларни бошқа банк картасига тушириш амалиётлари учун ҳам қўлланилиши мумкин.

Бу каби амалиётлар микроқарз бераётган ёки омонат очаётган банк томонидан мижозларни тегишли равишда идентификация қилиш масаласига ҳам боғлиқ. Илгари идентификация учун банкка бориш зарур эди. Ҳозирги кунда масофадан туриб биометрик идентификация қилиш бўйича техник ечим яратилиб, тижорат банкларида синовдан ўтмоқда.

- Бугунги кунда банк карталарига фирибгарлар томонидан ҳужумлар уюштирилиб, катта-катта маблағлар ечиб олиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Мисол учун, Буюк Британия банклари тажрибасини ўрганганимизда, бирон шубҳали транзакция ўтказилиш ҳолатлари аниқланса, банк дарҳол ўз мижози билан боғланиб, картасини блоклаши ва янги картани бепул етказиб бериши йўлга қўйилган экан. Ўзбекистонда банк карталар хавфсизлигини таъминлаш учун қандай чора-тадбирлар кўриляпти?

- Республикамиз тижорат банкларида ҳам фирибгарликка қарши курашиш бўйича технологик ечимлар (fraud prevention systems) қўлланилади. Мисол тариқасида шундай ҳолатни кўрадиган бўлсак, айтайлик, мижоз доимий равишда ўз картасидан яқиндаги дўкондан озиқ-овқат харид қилишда ва коммунал тўловларни амалга оширишда фойдаланиб келган. Кейин бирдан заргарлик буюмлари дўконидан катта маблағдаги тўлов амалга оширишга сўров келди. Бундай шубҳали сўров тўхтатилади, мижоз билан алоқага чиқилади ва агар тўлов мижознинг розилигисиз ёки бегона шахс томонидан амалга оширилаётган бўлса, мазкур операция тўхтатилади ва банк картаси блокланади.

Лекин ҳозирги кунда юртимизда содир бўлаётган фирибгарлик ҳолатларининг аксарида мижозлар ўзлари парол ва кодларни фирибгарларга ошкор қилиб беришяпти, бунинг ҳеч қандай технологияларга алоқаси йўқ.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун мижозлар карталардан фойдаланиш қоидаларини яхши билишлари, бегона шахсларга карта паролларини ошкор қилмасликлари талаб этилади. Картадан картага онлайн пул ўтказиш учун фақат карта рақами кифоя, ҳеч қандай қўшимча маълумот талаб қилинмайди. Агар қўшимча маълумот, масалан, картанинг амал қилиш муддатими ёки СМС-хабарномада келган парол сўралдими, билингки, бу фирибгарлик аломати. Маълумот учун, Марказий банкнинг веб-сайти ва телеграм-каналида банк карталаридан хавфсиз фойдаланиш юзасидан бир қатор видео ва матнли маълумотлар мавжуд.

Аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш борасида ҳам дастурлар ва стратегиялар қабул қилиниб, банк карталари эгаларининг фирибгарларнинг тузоғига илиниб қолмасликлар бўйича етарли даражада билимлари ва амалий кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

- Марказий банк тўлов тизимларини янада ривожлантириш бўйича қандай режаларни мўлжаллаяпти? Шу масалага қисқача тўхталиб ўтсангиз.

- Марказий банк томонидан тўлов тизимларини ривожлантириш соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, энг муҳимларини тилга оладиган бўлсак, булар:

Халқаро экспертлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур стратегия комплекс дастурий ҳужжат бўлиб, ўз навбатида юртимизда тўлов соҳасида илғор технология (финтеч)лар ва ривожланган мамлакатлар тажрибасини мунтазам жорий қилиш, тўлов ташкилотлари фаолиятини янада эркинлаштириш, молиявий хизматлар соҳасида аҳолига қўшимча қулайликлар ва имкониятлар яратиш, тўлов хизматлари бозорида рақобатни кучайтириш орқали хизматлар сифатини ошириш ва хизматларнинг нархларини муқобиллаштириш бўйича келгуси йилларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб беради;

контактсиз тўлов турлари ва механизмларини – QR-код ёрдамида тўловлар, NFS технологияси ёрдамидаги тўловлар, смартфондан терминал қурилмаси сифатида фойдаланиш орқали тўловларни (tap-to-phone) янада ривожлантириш;

банклар ва тўлов ташкилотлари томонидан хизматлар кўрсатиш жараёнида мижозларни масофавий биометрик идентификация қилиш тизимини жорий қилиш ва масофавий молиявий хизматлар кўламининг кенгайишига кўмаклашиш.

Бу вазифаларни самарали таъминлаш учун, ўз навбатида, тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда ва мавжудлари такомиллаштирилмоқда.

- Яқинда depozit.uz сайти томонидан банкоматлардан нақд пул ечишда ушлаб қолинадиган комиссиялар юқорилиги мавзусида чоп қилинган мақоладан сўнг, иқтисодчи Отабек Бакиров ўз телеграм каналида банкоматлардан нақд пул ечиш комиссиясининг юқорилиги сабабларидан бири сифатида банклар аъзо бўлган процессинг марказлари комиссиялари мавжуд ва комиссиялар сезиларли даражада юқори. Уни бекор қила олиш ёки пасайтириш банклар ихтиёрида эмас деган фикрни билдирди. Шу фикрдан келиб чиқиб, Марказий банк вакили сифатида бу масалада Сизнинг фикрингиз қандай? Ҳақиқатда, процессинг марказлари томонидан ўрнатилган комиссия нархлари қимматми, қиммат бўлса уни тушириш масаласида Марказий банк томонидан қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

- Бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, тижорат банклари ва процессинг марказлари ҳам ўз хизматларига нархни талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда белгилайди. Қолаверса, хизматнинг таннархи, деган мезон ҳам бор.

Нархларнинг истеъмолчи учун муқобил бўлишини, эътибор беринг, паст демадим, айнан муқобил бўлишини таъминлаш учун маъмурий чоралар кўриш эмас, айнан бозорда рақобатни кучайтириш, янги технологияларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолини шу технологиялардан фойдаланишга ўргатиш орқали ҳар бир мижоз ўзи хоҳлаган хизматни ўзига мақбул нархда олиш имкониятини яратиш лозим. Яъни, бир тоифа одамлар арзонроқ хизматларни танлайди, бунинг учун жон куйдиришга тайёр, яна кимдир эса қулайлик тарафдори ва шу қулайлик учун ҳақ тўлашга тайёр – барча турдаги истеъмолчилар учун ўзига мос хизматлар мавжуд бўлиши ва уларнинг нархлари бозор тамойиллари асосида шаклланиши лозим.

- Хабаримиз бор яқинда UZCARD ва HUMO тўлов тизимлари ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади, бу ҳамкорлик тўлов хизматлари бозорида рақобат муҳитини яратишда қандай натижалар бериши юзасидан ҳам ўз фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- Битта қурилмада UZCARD ва HUMO тўлов тизимлари карталарига хизмат кўрсатиш имконияти яратиладиган бўлса, демак, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилоти учун рақобат бошланади. Чунки тадбиркорлик субъекти энди битта терминал олса, кифоя.

Хўш, UZCARD терминалини оладими ёки HUMO терминалими? Терминал таклиф қилиш бўйича рақобат кучаяди ва савдо ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчалари терминал нархининг арзонлашгани, шартларнинг яхшилашгани ҳисобига харидорларга қўшимча хизматлар ёки қўшимча қулайликлар яратиши эҳтимоли ортади.

Агар савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларининг терминал билан боғлиқ харажатлари рақобат натижасида қисқартирилса ёки қўшимча хизматлар бериш натижасида сифати ошса, билвосита харидорларга, аҳолига ҳам наф келтиради.

- Якунловчи саволим, биламизки, тадбиркорларимиз терминалда тўлов қилишдан кўра, нақд пулда савдо қилишни маъқул кўради. Бугунги кунда савдо нуқталарига минглаб терминаллар тарқатилган. Уларнинг қанча фоизи фаол ишлайди?

- Менимча, тадбиркорларимиз ёки аҳоли нақд пулни хуш кўради, деган ёрлиқни ишлатиш унча тўғри эмас. Ҳамонки нақд пул айланмаси иқтисодиётда муҳим ўрин тутар экан, демак, бунга обектив сабаблар мавжуд. Нақд пулсиз тўловларни ривожлантириш учун айнан шу сабабларни аниқлаш ва уларни ечишга комлекс ёндашув талаб қилинади.

Тадбиркорлар фақат солиқ тўловларини камайтириш мақсадида терминалдан савдо қилмайди, фақат нақд пул талаб қилади, деган бир ёқлама тушунча муаммонинг моҳиятини очиб бермайди. Агар савдогар барча товарларни нақд пулсиз сотиб олган бўлса, нақдда харажати бўлмаса, демак, ўзи ҳам нақд пулсиз сотаверар, бизнес давом этаверар эди, муаммо чиқмас эди. Масала шундаки, чакана савдо корхоналарининг ўзида ҳам нақд пул харажатлари бор ва уларни қоплаш учун тадбиркор харидордан нақд пул олишга ҳаракат қилади.

Бундай қараганда, товар ва хизматларни ишлаб чиқариш, кейин уларни улгуржи савдо корхоналарига, ундан кейин чакана савдо шохобчаларига етказиш ва аҳолига сотиш билан боғлиқ занжирни олсак, нақд пулга эҳтиёж фақатгина занжирнинг охирида эмас, балки занжирнинг бутун давомида ҳам у ёки бу даражада мавжуд. Лекин айнан занжирнинг охирида, яъни истеъмолчи томонидан товар ва хизматларни чакана савдо шохобчаларидан сотиб олиш жараёнидагина нақд пул тўловлари аҳолининг эътирозларига сабаб бўлади, занжирнинг олдинги қисми эса кўзга ташланмайди.

Айтмоқчиманки, нақд пулсиз тўловларни ривожлантириш учун мана шу бутун занжир бўйича нақд пулга бўлган эҳтиёжни камайтириш учун иқтисодиётнинг барча соҳаларига тааллуқли, чуқур ва тизимли чоралар кўриш талаб қилинади.

Масаланинг иккинчи томони шундаки, нақд пулга эҳтиёж (хоҳиш эмас, айнан эҳтиёж) аҳолининг ўзида ҳам мавжуд. Мисол учун, жамғармалар асосан нақд пулда, жумладан, чет эл валютасида эканлиги, уй-жой ёки автомобил каби йирик харидларда, шунингдек, кичик тадбиркорлар ва ўз-ўзини банд қилган шахслар томонидан товарлар сотиш ва хизмат кўрсатишда нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш, аксари аҳоли янгича технологик қулайликлар ва манфаатли ечимлар ҳақида билим ва кўникмаларга эга эмаслиги – булар ҳаммаси нақд пулга бўлган эҳтиёжни кучайтиради.

Демак, аҳоли жамғармаларининг янгича инструментлари ва шахсий инвестициялар учун ечимлар жорий қилиш керак, токи аҳолининг нақд пулдаги жамғармалари юртимиз иқтисодиётига хизмат қилсин.

Кичик тадбиркорлар ва ўз-ўзини банд қилган шахслар учун молиявий хизматлар кўламини кенгайтириш эса фуқаролар орасидаги ҳисоб-китобларни кўпроқ нақд пулсиз кўринишга келишига хизмат қилади.




Улашиш:

 
USD = 12690.00
-7
EUR = 13526.27
-21.43
RUB = 135.95
+0.9
GBP = 15802.86
-34.11
JPY = 82.14
-0.09
CHF = 13969.62
+3.06
CNY = 1752.47
-1.48
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X