Ўзбекистон Республикаси Марказий банки делегацияси 6-8 ноябрь кунлари Кореянинг Сеул шаҳрида Жаҳон банки томонидан ташкил этилган “Халқаро захираларни бошқариш” мавзусидаги халқаро форумда иштирок этди ҳамда Кореянинг етакчи банклари билан учрашувлар ўтказди.
Форум давомида қатор хорижий марказий банкларнинг раҳбарлари ҳамда халқаро экспертлар иштирокида халқаро захираларни бошқариш, монетар сиёсат ва захираларни бошқаришнинг мутаносиблигини таъминлаш ҳамда Марказий банкнинг актив ва мажбуриятларини бошқариш бўйича тажриба алмашилди.
Ташриф доирасида Жаҳон банки ғазначилиги дастури халқаро ҳамкорлар билан алоқалар департаменти (РАМП) директори Марко Руиз, Жанубий Корея Марказий банки раиси ўринбосари Мин Джахонг, Корея тараққиёт банки (КДБ) бошқарувчи директори Джу Донг Бин ҳамда Кукмин банк раиси ўринбосари Поул Джэонг Ха билан икки томонлама учрашувлар ўтказилиб, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ходимлар малакасини ошириш бўйича қўшма тадбирлар ўтказиш масалалари муҳокама этилди.
Марказий банк делегацияси Кореянинг Сеул шаҳрида қатор молия ташкилотлари билан учрашувлар ўтказди
Янгиланган сана:
10 Ноя 2023, 19:06