Марказий банк Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида Ўзбекистондаги макроиқтисодий вазият ва молия секторининг ривожланиш истиқболларига бағишланган панель сессиясини ўтказди.
Тадбирда Марказий банк раиси ўринбосари Б.Ҳамраев мамлакатимиздаги макроиқтисодий вазият, инфляция даражасини пасайтириш ва молия секторини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган стратегиялар ва иқтисодий сиёсатга доир маълумотларни тақдим этди.
“Мамлакатимиздаги таркибий ислоҳотлар ҳисобига иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари юқори бўлиб, 2024 йилда ва ўрта муддатли истиқболда ЯИМнинг реал ўсиши 6-6,5 фоиз атрофида шаклланилиши кутилмоқда. Ўсишнинг муҳим омилларидан бири хусусий инвестициялар бўлиб, улар асосан тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига 2024 йилда сезиларли даражада ошди,” – деди Б.Ҳамраев.
Сессияда банк-молия соҳасида мамлакатимизда фаолият юритаётган нуфузли халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари ва масъул экспертлари иштирок этиб, сўнгги йилларда Ўзбекистонда эришилаётган ютуқлар жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори эътироф этилаётганини таъкидлаб ўтдилар.
Хусусан, молиявий оммабоплик ва микромолия бозорини ривожлантиришга қаратилган сўнгги ташаббуслар, чакана банк хизматларини ривожлантириш борасида эришилган натижалар ва рақамли банклар учун яратилган имкониятлар, нақд пулсиз тўловлар ҳамда киберхавфсизликни таъминлаш йўналишларидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда мамлакатга йирик халқаро инвесторларни кенгроқ жалб қилиш юзасидан маърузалар тингланди.
Эндрю Маккартни – Осиё тараққиёт банки эксперти, ОТБ Ўзбекистонда молиявий оммабопликни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этаётганлигини, бунинг натижасида аҳоли ва бизнес субъектларининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имконияти кенгайиб бораётганлиги ва бу, ўз навбатида, иқтисодий ўсиш, камбағалликни камайтириш ва иш ўринлари яратишга салмоқли ҳисса қўшаётганлигини таъкидлади.
Ника Курдиани – “TBC Bank Group”нинг Ўзбекистондаги ижрочи директори, Ўзбекистонда рақамли банкларнинг ташкил этилиши инновациялар ва молиявий оммабоплик учун катта имкониятлар яратаётганлигини, тартибга солувчи муҳитнинг яхшиланиши, технологияларнинг ривожланиши ва молиявий саводхонликнинг ошиши Ўзбекистонда чакана банк хизматлари соҳасининг ривожланишига туртки бераётганини билдирди.
Кетеван Антидзе – "Commerzbank"нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, банкнинг Ўзбекистон молия бозорида кўп йиллардан бери фаолият юритиб келаётганини таъкидлаб, ҳозирда тижорат банклари ва уларнинг мижозлари учун аккредитивлар, экспортни молиялаштириш ва савдо билан боғлиқ бошқа хизматларни тақдим этиш орқали савдони ривожлантиришда иштирок этаётганлигини қайд этди.
Шу билан бирга, хорижий экспертлар билан мамлакатда шаклланиб бораётган мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий муҳит, давлат ташқи ва ички сиёсатининг устувор вазифалари тўғрисида фикр алмашилди.