Республикамизнинг чекка туманларида аҳолининг кибержиноятлар қурбонига айланишининг олдини олиш, банкларга бўлган ишончини ҳамда рақамли молиявий саводхонлигини ошириш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
Марказий банк томонидан навбатдаги ўқув-тренинг тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё, Нукус, Кегейли, Шуманай ва Хоразм вилоятининг Қўшкўпир, Хива, Янгибозор, Янгиариқ туманларида ўтказилган ўқув машғулотларида 446 нафар хотин-қизлар, 174 нафар ёшлар, 18 нафар тадбиркор, 18 нафар ҳоким ёрдамчилари ҳамда 133 нафар маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Тренинглар давомида Марказий банк ва тижорат банклари мутахассислари томонидан аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, жумладан, ўзини-ўзи банд қилишда яратилган микромолиявий хизматларнинг имкониятлари, имтиёзли кредитлаш дастурлари, ижобий кредит тарихини шакллантиришда масъулиятли қарз олишнинг аҳамияти, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шунингдек, молиявий хавфсизликнинг асосий қоидалари каби мавзуларга алоҳида эътибор қаратилди.
Республикамизнинг чекка туманларида аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган ўқув-тадбирлари давом этмоқда.
