Марказий банкда Халқаро молия корпорацияси (IFC) ва FCI (Facilitating Open Account – Receivables Finance) билан ҳамкорликда ҳаракатланадиган активлардан фойдаланган ҳолда бизнесни молиялаштиришнинг инновацион усулларига бағишланган конференция ўтказилди.
Тадбирда экспертлар, бизнес ва молия институтлари вакиллари қатнашиб, факторинг бўйича жорий муҳим масалаларни муҳокама қилишди ва ўзаро тажриба алмашишди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари А.Турдалиев факторинг соҳасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, келгуси уч йилда факторинг операциялари ҳажмини ўн баробарга ошириш мақсад қилинганини таъкидлаб ўтди.
Конференцияда факторинг ҳамда таъминот занжирларини молиялаштириш каби инструментлар орқали кичик ва ўрта корхоналарни молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш йўллари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, тадбирда факторинг ва таъминот занжирларини молиялаштириш асослари, норматив-ҳуқуқий муҳит ва глобал трендлар, рискларни бошқариш ва рақамлаштириш каби масалалар кўрилиб, халқаро тажрибадан мисоллар келтирилди.
– Ушбу конференция Ўзбекистонда факторинг ва таъминот занжирларини молиялаштириш бозорини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга, – деб таъкидлади Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистондаги ҳудудий раҳбари Нил Маккейн. – Факторинг каби воситадан фойдаланиш тадбиркорлик субъектларига қўшимча имкониятлар, жумладан, янги иш ўринларини яратиш ва уларнинг бутун иқтисодиёт ривожига қўшаётган ҳиссасини ошириш имконини беради, дея қўшимча қилди у.
Иштирокчилар муҳокама қилинган мавзуларнинг долзарблигини қайд этиб, бизнесни янада қўллаб-қувватлаш учун ушбу инструментларнинг ривожланишига умид билдиришди.
Бизнес учун янги молиялаштириш имкониятлари: Марказий банк ва IFC ҳамкорлигидаги конференция
Янгиланган сана: 5 Дек 2024, 19:21