Ўзбекистондаги Америка савдо палатаси ва KPMG томонидан “Корпоратив бошқарув: комплаенс-назорат ва ички аудитга доир жорий масалалар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда турли давлатлар молиявий институтлари ва компаниялари, халқаро рейтинг агентликлари, Марказий банк ва тижорат банкларидан мутахассислар иштирок этишди.
Тадбирда корпоратив бошқарувда комплаенс-назоратнинг роли, банк тизимида таваккалчиликка асосланган ички аудитни ташкил этиш, бу борада янгиланган халқаро стандартлардан фойдаланиш, комплаенс-назоратга доир жорий масалалар юзасидан регуляторнинг кутилмалари каби мавзулар ҳам муҳокама қилинди.
Давра суҳбати давомида Марказий Осиёдаги молиявий ташкилотлар ва банкларда корпоратив бошқарувнинг анъанавий шакллари, умумий ва фарқли жиҳатлари борасида экспертлар ўзаро фикр ва тажриба алмашдилар ҳамда ҳамкорлик бўйича янги лойиҳаларни йўлга қўйиш борасида келишиб олдилар.
Америка савдо палатаси ва KPMG томонидан ташкил этилган давра суҳбатида Марказий банк экспертлари иштирок этишди
Янгиланган сана: 7 Апр 2025, 17:49