Якуний баёнотда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ходимларининг аъзо мамлакатга расмий ташрифи якунлари бўйича дастлабки хулосалари келтирилган. ХВЖ Келишувининг IV моддаси юзасидан мунтазам маслаҳатлашувлар – ХВЖ ресурсларидан фойдаланиш (қарз олиш), ХВЖ ходимлари мониторинги билан амалга ошириладиган дастурлар бўйича муҳокамалар ёки мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига баҳо бериш мақсадида ўтказилади. Мамлакат расмийлари ушбу баёнотни чоп этишга розилик берган. Баёнотда келтирилган хулосалар ХВЖ мутахассисларининг мулоҳазалари бўлиб, ХВЖ Ижроия Кенгашининг ушбу мамлакат бўйича муносабатини акс эттирмайди. Мазкур баёнотда келтирилган дастлабки хулосаларга асосланиб, ходимлар ҳисобот тайёрлайди ва ушбу ҳисобот раҳбарият томонидан тасдиқлангандан сўнг муҳокама ва қарор қабул қилиш учун ХВЖ Ижроия Кенгашига тақдим этилади.
Жорий ҳолат, истиқболлар ва хатарлар
Иқтисодиёт барқарор ўсишда давом этмоқда. 2024 йилда реал ЯИМ ўсиши 6,5 фоизни ташкил этиб, юқори ички талаб томонидан қўллаб-қувватланди. Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги 2023 йилдаги бир марталик импорт ўсиши таъсирининг тугаши, юқори даражадаги пул ўтказмалари, хомашё нархларининг юқорилиги ҳамда олтиндан ташқари экспорт ҳажми ўсишининг тезлашгани ҳисобига 2024 йилда ЯИМга нисбатан 2,6 фоиз бандга қисқариб, 5,0 фоизни ташкил этди. Халқаро захиралар етарли даражада сақланиб қолмоқда. Консолидациялашган бюджет тақчиллиги (КБТ) 2024 йилда ЯИМга нисбатан
1,7 фоиз бандга камайиб, 3,2 фоизни ташкил этди. Бу, асосан, энергия субсидияларининг қисқариши ва ижтимоий харажатларнинг аниқроқ йўналтирилганлиги, ҚҚС қайтармалари ошиши шароитида ҚҚС тушумлари камайганлигини юқори олтин нархлари ҳисобига қопланиши билан изоҳланади. Бироқ, тақчилликнинг камайиши туфайли ички талабнинг пасайиши таъсирлари давлат корхоналари (ДК) харажатларининг ошиши ва ташқи қарз олиш чегарасининг кенгайтирилиши эвазига камайди.
Инфляция юқори даражада сақланиб қолмоқда. 2025 йил март ҳолатига йиллик инфляция 10,3 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилдаги энергия тарифлари ва бошқа тартибга солинадиган нархларнинг оширилиши ҳамда уларнинг бошқа нархларга таъсири билан боғлиқ.
Иқтисодий ўсиш суръати барқарор бўлиб қолиши кутилмоқда, бироқ ҳозирда ташқи ноаниқликлар кучайган. Глобал бож ставкалари оширилишининг эълон қилиниши умумий ноаниқликларни кучайтириб, глобал молиявий шароитларни қатъийлаштирди. Бу ҳолат Ўзбекистонга ташқи талаб, хомашё нархлари ва молиявий оқимлар орқали таъсир қилиши мумкин. Шунга қарамай, базавий сценарийга кўра, 2025 ва 2026 йилларда реал ЯИМ ўсиши 6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу ўсиш шахсий истеъмол, инвестициялар ва таркибий ислоҳотларнинг давом этиши ҳисобига таъминланади.
Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги 2025 йилда ҳам ЯИМга нисбатан 5 фоиз даражасида сақланиб қолиши кутилмоқда. Бу прогноз олтин экспортидан тушумларнинг ортиши ва давлат сектори харажатларининг қисқартирилиши, савдо ҳамкор мамлакатлардаги иқтисодий ўсишнинг секинлашуви натижасида юзага келган олтинсиз экспорт пасайишининг ўрнини қоплаши билан асосланади. Инфляция даражаси эса 2025 йил охирида йиллик 8 фоиздан бироз юқори даражагача пасайиб, кейинги йилларда аста-секин камайиб бориши кутилмоқда. Бу қатъий макроиқтисодий ва макропруденциал сиёсатлар, шунингдек, таркибий ислоҳотларнинг давом эттирилиши билан боғлиқ.
Юқори даражадаги ноаниқликлар нафақат хатарлар, балки имкониятларни ҳам юзага келтиради. Асосий ташқи хатарлар: савдо сиёсатидаги сезиларли ва узоқ давом этадиган шоклар, Украинадаги урушнинг иккиламчи таъсирлари, ташқи молиялаштириш имкониятларининг камайиши ва хомашё нархларининг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ. Ички хатарлар эса бюджет тақчиллигининг кутилганидан юқори даражаси, қарз олиш чегараларининг оширилиши, банклар балансининг заифлашуви ҳамда давлат корхоналари, давлат тижорат банклари (ДТБ) ва давлат-хусусий шерикчиликларининг (ДХШ) шартли мажбуриятларини ўз ичига олади.
Шу билан бирга, ислоҳотларнинг тезроқ амалга оширилиши, капитал ва пул ўтказмаларининг кўпайиши ҳамда олтин нархларининг юқорилиги янги имкониятларни тақдим этиши мумкин.
Солиқ-бюджет сиёсати
2024 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигини (КБТ) қисқартирилгани ижобий баҳоланади. ХВЖ ходимлари ҳукуматни КБТни камайтиргани ва ўрта муддатли 3 фоизлик фискал мақсадига содиқ ёндашувини эътироф этади. 2025 йилда ташқи қарз олиш чегарасини 5,5 миллиард АҚШ доллари даражасида сақлаб туриш ва кейинги йилларга қарз олиш лимитларини давлат ва давлат кафолати остидаги қарз ЯИМга нисбатан ортиб кетмайдиган даражада белгилаш бюджетга нисбатан ишончни ошириш, давлат корхоналари ва ДХШ лойиҳаларидан келиб чиқадиган хатарларни камайтириш ҳамда инфляцияга босимларни юмшатишда муҳим аҳамият касб этади. Олтин нархларининг ўзгарувчанлиги, нарх юқорилиги шароитида харажатларга бўлган инфляцион босимларни, нарх пастлиги шароитида эса бюджет харажатларининг қисқариши хавфини оширади. Бу эса макроиқтисодий нобарқарорликни кучайтиради. Шу боис, ҳукумат олтин нархи ўзгаришининг давлат харажатларига таъсирини минималлаштиришга ҳаракат қилиши керак.
Ривожланиш ва ижтимоий эҳтиёжларга харажатларни амалга ошириш учун бюджетдаги молиявий ресурсларни яратиш мақсадида даромадларни сафарбар қилиш ва харажатларни рационаллаштириш зарур. 2020 йилдан буён солиқ тушумларининг ЯИМга нисбати 2 фоиз бандга пасайишини қоплаш мақсадида ўрта муддатли даромад стратегияси ишлаб чиқилиши керак. Солиқ сиёсати бўйича қуйидаги муқобил йўналишларда, жумладан, юридик ва жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ислоҳоти, даромадга асосланган имтиёзларни қисқартириш, самарасиз божхона имтиёзларини бекор қилиш ва янгиларини жорий қилмаслик каби чораларни ўз ичига олади. Мазкур чораларни амалга оширишда даромадларни бошқариш бўйича ташкилий ислоҳотлар, хусусан, солиқ текширувлари амалиётини қайта кўриб чиқиш ва йирик солиқ тўловчилар билан ишловчи идора фаолиятини яхшилаш кўзда тутилади. Бунда, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари эътибордан четда қолмаслиги керак. Шу муносабат билан, солиқ маъмурчилигини ислоҳ қилиш ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича айни дамда кўриб чиқилаётган икки стратегия тасдиқланиб, амалга оширилиши лозим. Иш ҳақи мақбуллаштирилиши, давлат харидлари тизими ислоҳотлари асосида товарлар ва хизматлар харидида харажатларни камайтириш, давлат корхоналарини ислоҳ қилишни жадаллаштириш, келгусида ҳам консолидация жараёнларини давом эттириш, ижтимоий ёрдам дастурлари тузилмасини такомиллаштириш ҳамда пенсия тизимини ислоҳ қилиш харажат самарадорлигини оширади.
Фискал интизом ва шаффофликни ошириш учун фискал институтлар ислоҳотлари давом эттирилиши лозим. ХВЖ миссияси ҳукуматни бюджет тақвимига риоя қилгани, фискал стратегия ишлаб чиққани ҳамда фискал хатарлар баёнотларини тайёрлагани, шунингдек, 2025-2030-йиллар учун Давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегиясини қабул қилганини эътироф этади. Келгусида молиялаштириш манбасидан қатъий назар, давлат инвестициялари жараёнини бирлаштириш, капитал ва жорий бюджетларни бир-бирига яхшироқ мувофиқлаштириш ва интеграциялаш, бюджет чегараларини белгилашда барча капитал харажатларни инобатга олиш, ушбу чегараларни бюджет ҳужжатлари билан бирга эълон қилиш зарур.
Шунингдек, ҳукумат юқори суръатларда ошиб бораётган ДХШ лойиҳалари портфелидан келиб чиқадиган фискал хатарларни назорат қилиш ва бошқаришга қаратилган муҳим тизимни ишлаб чиқишда сезиларли ютуқларга эришган. Бу тизимни янада кучайтириш учун асосий тахминларнинг таъсирчанлигини баҳолаш бўйича таҳлиллар ўтказиш, эҳтимолий ДХШ харажатларини бюджетда акс эттириш, ДХШ лойиҳаларини кенгроқ давлат инвестиция бошқаруви тизимига интеграция қилиш ва йиллик ДХШ чегарасини мамлакатнинг ўзлаштириш имкониятига мувофиқ равишда пасайтириб бориш лозим.
Давлат молияси статистикасини яхшилаш, қарзни бошқариш стратегияси ҳамда йиллик қарз олиш режасини эълон қилиш фискал шаффофликни таъминлайди ва инвесторлар билан муносабатларни ривожлантиради.
Пул-кредит ва валюта сиёсати
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки инфляцияни 5 фоизлик мақсадли таргетгача пасайгунга қадар пул-кредит сиёсати қатъийлигини сақлаб туриши зарур. Сўнгги ойларда инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг ошишига жавобан асосий ставканинг оширилиши Марказий банкнинг мавжуд босимларга қарши курашишга тайёрлигини намоён этди. Пул-кредит сиёсати статистик маълумотларга асосланиши лозим, бунда, агарда базавий инфляция ёки инфляцион кутилмалар пасаймаса, қўшимча қатъийлаштириш чораларини кўриш керак бўлади.
Валюта курси кенгроқ чегараларда эркин ўзгаришига босқичма-босқич ўтиш керак. Бу бозор шароитларини яхшироқ акс эттириб, иқтисодий шокларга мослашувчанликни ошириб, захираларни ҳимоя қилади, шунингдек, корхоналарни валюта хатарларини хеджирлашга ундайди ҳамда барқарор девальвация кутилмаларининг олдини олади. Шу билан бирга, йил давомида нейтраллик тамойилига риоя қилиш валюта курсининг мослашувчанлигини кучайтиради.
ХВЖ миссияси Марказий банкнинг коммуникацияни кучайтириш бўйича ҳаракатларини эътироф этади. Ушбу йўналишни янада ривожлантириш инфляцион кутилмаларни жиловлашга ва пул-кредит сиёсати ишончлилигини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, пул-кредит сиёсатининг трансмиссия механизмини кучайтириш мақсадида ликвидликни бошқариш тизими ва мажбурий захиралаш меъёрларини такомиллаштириш, банк тизимида давлат улушини қисқартириш ва юқори долларлашув даражасини камайтириш орқали эришиш мумкин.
Молиявий сектор барқарорлиги
Молиявий барқарорлик ва молиявий ресурсларнинг самарали тақсимланишини таъминлаш учун ҳукумат давлат улушига эга банкларни (ДБ) ислоҳ қилишни давом эттириши ва уларни хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириши зарур. Ушбу банклар фойда олишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйиши, нотижорат операциялари билан боғлиқ барча харажатлар эса, бундай операциялар босқичма-босқич тўхтатилгунга қадар, бюджет маблағлари ҳисобидан тўлиқ ва шаффоф тарзда қопланиши лозим. ДБларда корпоратив бошқарув тизимини кучайтириш уларнинг тижорат фаолиятини рағбатлантиради, хусусийлаштириш учун шароит яратади, давлат корхоналарини ислоҳ қилишга ёрдам беради, пул-кредит сиёсатининг трансмиссия механизмини яхшилайди ва хусусий сектор учун арзон кредит олиш имкониятларини кенгайтиради.
2020-2025-йилларга мўлжалланган банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясида белгиланганидек, банк тизимидаги давлат улушини 40 фоизгача камайтириш мақсадида ДБларнинг хусусийлаштирилишини жадаллаштириш зарур. Хусусийлаштириш жараёнида шаффоф тартиблар, ишончли меъёрий-ҳуқуқий база, кредиторлар ва акциядорлар ҳуқуқларининг қонуний ҳимояси, шунингдек, савдоларни рақобатбардош танлов механизмлари асосида амалга ошириш малакали инвесторларни жалб қилиш ва активлар қийматини максимал даражада ошириш имконини беради.
Бундан ташқари, ХВЖ миссияси тизимли аҳамиятга эга банкларни ихтисослашган давлат банклари сифатида сақлаб қолиш бўйича жорий режаларни амалга оширмасликни тавсия беради. Ушбу ёндашув молиявий хатарлар ва бюджет харажатларининг ошишига олиб келиши мумкин.
Халқаро стандартларни жорий этган ҳолда банклар устидан назоратни кучайтириш. ХВЖ миссияси Ўзбекистон ҳукумати учун яқинда ўтказилган ва мамлакат учун биринчи бўлган Молиявий секторни баҳолаш дастури (FSAP) тавсияларини амалга оширишни тавсия қилади. Бу тавсиялар қуйидаги йўналишларни қамраб олади. Хусусан, банк тизимини тартибга солишни кучайтиришга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш, хатарларга асосланган назоратни жорий этиш, тизимли хатарлар таҳлили ва стресс-тестларни такомиллаштириш, капитал талабларини ошириш, активларни таснифлаш ва муаммоли кредитларни ҳал қилишни халқаро илғор тажрибаларга асосланган ҳолда мослаштириш, тўлов тизими устидан назоратни такомиллаштириш ва банкларни соғломлаштиришнинг тегишли механизмларни яратиш, шунингдек, инқирозларни бошқариш ва молиявий ҳимоя тизимларини шакллантириш бўйича етарли тартиботларни яратиш.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки молиявий барқарорликка таҳдид солувчи янги хатарларни диққат билан кузатишда ва зарурат туғилганда уларни бартараф этишга тайёр бўлиши лозим.
2023–2024-йилларда жорий этилган макропрудециал чоралар банкларнинг қарз олувчиларни кредитга бўлган лаёқатлигига кўпроқ эътибор қаратганлиги аҳолига кредит бериш суръатларининг пасайишига хизмат қилди. Шунга қарамай, микрозаймлар ва микроқарзлар нисбатан юмшоқроқ шартларда тақдим этилгани боис, микромолиялаштириш сегменти юқори суръатларда ўсмоқда. Молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар этироф этилса-да, банклар томонидан истеъмолчиларнинг кредитга лаёқатлилигини тўғри баҳолашга салбий таъсир кўрсатмаслигига алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлиб, акс ҳолда молиявий барқарорлик учун хавфларни кучайтириши мумкин. Шу боис, Марказий банк хатарларга асосланган назоратни кучайтириши, зарурат туғилганда қўшимча капитал талаблари ёки бошқа мажбурий макропруденциал чораларни қўллаши лозим.
Шу билан бирга, Марказий банк томонидан чет эл валютасида қарз олувчи, хатарларни суғурталаш имконига эга бўлмаган корпоратив қарз олувчилар, расмий даромад манбаисиз жисмоний шахсларга берилаётган кредитлар, молиявий барқарорликка эга бўлмаган корхоналар билан боғлиқ хатарларни ҳам бартараф этилиши зарур. Имтиёзли ва директив кредитлаш амалиётидан босқичма-босқич воз кечилиши устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Таркибий ва давлат бошқарувидаги ислоҳотлар
Ўзбекистон ўтиш даври иқтисодий ислоҳотларини амалга оширишда сезиларли ютуқларга эришди. Эндиликда ушбу ислоҳотларни якунлаш ва институционал ислоҳотларни жадаллаштириш зарур. Энергия тарифлари ва бир қатор тартибга солинадиган нархларнинг оширилиши нархларнинг эркинлашишига хизмат қилди ва бу жараён тўлиқ якунлангунига қадар давом этиши керак бўлиб, шунда нархлар бозор шароитларини тўлиқ акс эттиради. Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама йўналишларда катта ютуқларга эришди. Шунингдек, қўшни давлатлар ҳамда Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши аъзолари билан ҳамкорликнинг кучайтирилиши савдонинг эркинлашуви ва диверсификациясига ҳисса қўшмоқда.
Давлат корхоналарини қайта ташкил этиш шарти билан уларни қўллаб-қувватлаш шаффоф тарзда амалга оширилиши лозим. Бунда ушбу қўллаб-қувватлашлар босқичма-босқич бекор қилиниши ҳамда хусусий ва давлат корхоналари учун тенг шароитлар яратилиши зарур. Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришни давом эттириш, йирик давлат корхоналарининг хусусийлаштирилишини тезлаштириш ва уни илғор халқаро тажрибага мувофиқ амалга ошириш керак. Назорат ва бевосита аралашув чоралари ўрнига самарали тартибга солиш ва бозор институтлари жорий қилиниши лозим. Корхоналар фаолиятини бошлаш ва тугатиш шартларини осонлаштириш хусусий сектор учун рақобат муҳитининг яхшиланишига хизмат қилади.
Бошқарув, меҳнат бозори ва иқлим бўйича ислоҳотлар давом эттирилиши зарур. Сўнгги йилларда бошқарув самарадорлиги кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланди. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши, давлат хизматчиларини ушбу қонун нормаларини қўллаш бўйича ўқитиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Виртуал академиянинг ташкил этилиши ижобий баҳоланди. Яқин орада давлат хизматчилари ва давлат корхоналари раҳбарларининг активларини декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси, шунингдек, ҳукумат томонидан ахборот берувчиларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиши кутилмоқда. Ушбу қонунлар имкон қадар тезроқ қабул қилиниб, амалиётга жорий этилиши лозим. Шаффофликни ошириш ва маълумотлардан фойдаланишни таъминлаш, айниқса харидлар соҳасида, шунингдек, коррупцияга қарши кураш бўйича Миллий стратегияни ишлаб чиқилишини якунлаш давлат харажатларининг самарадорлиги ва уларнинг бошқаруви яхшиланишига ҳисса қўшади. Аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштироки камлиги, норасмий секторнинг юқори улуши, ишчилар малакаси ва меҳнат бозори талаблари ўртасидаги номувофиқликларни ҳал қилиш учун мазкур йўналишдаги ислоҳотларни жадаллаштириш зарур.
Энергия нархларини эркинлаштириш бўйича ислоҳотларни якунлаш ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги экинларни диверсификация қилиш ҳамда ўрмонларни тиклаш бўйича чораларни тезкорлик билан қабул қилиниши иқлим билан боғлиқ масалаларда сезиларли ютуқларга эришишни таъминлайди. Статистика сифатини ошириш таҳлилларни яхшилашга ва асосланган сиёсат чораларини ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Халқаро валюта жамғармаси миссияси Ўзбекистон ҳукуматига, манфаатдор томонларга ва хусусий сектор вакилларига меҳмондўстлик, конструктив сиёсий мулоқот ва “IV модда” бўйича маслаҳатлашув миссияси давомида самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдиради.
Ўзбекистон: 2022–2026 йиллар учун айрим иқтисодий кўрсаткичлари |
|||||
|
2022 |
2023 |
2024 |
2025 |
2026 |
|
|
|
прогноз |
||
Миллий даромад |
|
||||
ЯИМ реал ўсиш суръати |
6,0 |
6,3 |
6,5 |
5,9 |
5,8 |
Номинал ЯИМ (трлн сўм) |
996 |
1 204 |
1 455 |
1 733 |
2 005 |
Аҳоли жон бошига ЯИМ |
2 555 |
2 849 |
3 113 |
3 487 |
3 805 |
Аҳоли сони (млн) |
35,3 |
36,0 |
36,9 |
37,7 |
38,5 |
Нархлар |
(ўзгариши, %) |
||||
Истеъмол нархлари индекси, ИНИ (йил якунига) |
12,3 |
8,7 |
9,8 |
8,4 |
6,5 |
ЯИМ дефлятори |
14,5 |
13,8 |
13,3 |
12,5 |
9,4 |
Ташқи сектор |
(ЯИМга нисбатан улуши, %) |
||||
Жорий операциялар ҳисоби |
-3,2 |
-7,6 |
-5,0 |
-5,0 |
-4,8 |
Ташқи қарз |
49,2 |
54,5 |
57,2 |
55,8 |
55,5 |
|
(Даража) |
||||
Алмашув курси (давр якунига, сўм/АҚШ доллари) |
11225 |
12339 |
12920 |
… |
… |
Реал самарали алмашув курси (ўртача, 2015 = 100, кўрсаткичнинг пасайиши = қадрсизланиш) |
61,8 |
58,8 |
55,4 |
… |
… |
Давлат молияси |
(ЯИМ нисбатан улуши, %) |
||||
Консолидациялашган бюджет даромадлари |
28,8 |
26,7 |
26,5 |
26,3 |
26,4 |
Консолидациялашган бюджет харажатлари |
32,4 |
31,6 |
29,7 |
29,3 |
29,4 |
Консолидациялашган бюджет баланси |
-3,6 |
-4,9 |
-3,2 |
-3,0 |
-3,0 |
Аниқлик киритилган бюджет даромадлари 1/ |
27,7 |
25,9 |
25,5 |
25,3 |
25,5 |
Аниқлик киритилган бюджет харажатлари 1/ |
31,3 |
29,9 |
27,8 |
27,3 |
27,8 |
Аниқлик киритилган бюджет баланси |
-3,7 |
-4,0 |
-2,3 |
-2,0 |
-2,3 |
|
|||||
Ислоҳотлар учун кредитлар |
0,0 |
0,9 |
0,9 |
1,0 |
0,7 |
Умумий бюджет баланси 1/ |
-3,6 |
-4,9 |
-3,2 |
-3,0 |
-3,0 |
|
|||||
Давлат қарзи |
30,5 |
32,2 |
32,6 |
33,3 |
33,2 |
Пул ва кредит |
(ўзгариши, %) |
||||
Резерв пуллар |
31,4 |
4,9 |
9,5 |
9,2 |
8,8 |
Кенг маънодаги пул массаси |
30,2 |
12,2 |
30,6 |
19,4 |
16,3 |
Иқтисодиётни кредитлаш |
21,4 |
23,2 |
14,0 |
19,3 |
16,0 |
Манбалар: Ўзбекистон расмий идоралари ва ХВЖ мутахассислари баҳолашлари.
1/ ХВЖ ходимлари бюджет даромад ва харажатларини акционер капиталга қўйилмалар, директив кредитлаш ва давлат активларини хусусийлаштириш каби молиявий операцияларни ҳисобга олган ҳолда аниқлик киритади.