Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига кўра, тўлов тизимлари муҳим ва бошқа тўлов тизимларига бўлинади. 21-моддасига асосан, тўлов тизимларини тартибга солиш мақсадида Марказий банк ушбу тизимларнинг муҳимлик мезонларини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2020 йил 27 июндаги 15/2-сонли қарори билан тўлов тизимларининг муҳимлигини аниқлаш мезонлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
- тўлов тизими инфратузилмасида икки миллиондан ортиқ фаол (бир ой давомида камида бир марта ҳисобварағига маблағ кирим қилинган) тўлов хизматларидан фойдаланувчилар мавжуд бўлса;
- бир йил давомида тўлов тизими орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми ушбу турдаги тўловлар умумий ҳажмининг 25 (йигирма беш) фоизидан кўп улушини эгаллаган бўлса;
- бир йил давомида тўлов тизими орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми 12 (ўн икки) триллион сўмдан кўп бўлса.
Ўз навбатида, муҳим тўлов тизими камида иккита мезонга жавоб бериши лозим бўлади.
Марказий банк тўлов тизимлари фаолиятини қайд этилган мезонлар асосида баҳолаш орқали уларни муҳим тўлов тизимлари қаторига киритади.