Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг делегацияси 2025-йил 2–5-сентябр кунлари Намибиянинг Свакопмунд шаҳрида бўлиб ўтган Молиявий оммабоплик учун Альянснинг йиллик Глобал форумида (AFI GPF 2025) иштирок этди. «Жамиятни ривожлантириш ва ўсишни рағбатлантириш» шиори остида ўтказилган форумда барқарор иқтисодий ривожланиш ва молиявий барқарорликни таъминлашда молиявий оммабопликнинг асосий восита сифатидаги муҳим ўрни таъкидланди.
Форум давомида Ўзбекистон Марказий банки вакиллари AFI гендер қўмитаси йиғилишларида, шунингдек, молиявий оммабоплик сиёсати ва маълумотлари, рақамли молиявий хизматларни ривожлантириш, халқаро стандартларни тенг қўллаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш ва молиявий саводхонликни ошириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, инклюзив «яшил» молиялаштиришни рағбатлантириш каби йўналишларни қамраб олган 7 та ишчи гуруҳ фаолиятида иштирок этдилар. Шунингдек, делегация аъзолари Ўзбекистон Марказий банкининг аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш ва молиявий саводхонлик бўйича ташаббусларни амалга ошириш борасидаги тажрибаси ҳақида тақдимотлар ўтказдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий банки раислигида Шарқий Европа ва Марказий Осиё сиёсий ташаббусининг (ECAPI) йиғилиши бўлиб ўтди. Сессия доирасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва яшил молиялаштиришнинг инновацион воситаларини жорий этишга қаратилган «Инклюзив яшил молиялаштириш бўйича Тошкент декларацияси» (The ECAPI Declaration on Inclusive Green Finance) илгари сурилди.
Маълумот учун: ECAPI мамлакатлари ва ташкилотлари - Арманистон Марказий банки, Қозоғистон Республикаси Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги (ассоциациялашган аъзо), Босния ва Герцеговина Марказий банки, Мўғулистон Молия назорати комиссияси, Шимолий Македония Республикаси Миллий банки, Тожикистон Миллий банки, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки.