Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Шикастланган нақд пуллар, уларни банкларда алмаштириб олиш, сохта банкнотлар ва нақд пул амалиётига доир бошқа маълумотлар

Янгиланган сана:  12 Мар 2021, 18:00
12 Мар 2021

Нақд пулларнинг ҳолати, улардан фойдаланиш билан боғлиқ саволлар кўпчиликни қизиқтиради. Марказий банкка ижтимоий тармоқлар ва бошқа расмий алоқа каналлари орқали келиб тушган саволларга Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти директори Фазлиддин БОЗОРОВдан жавоб олдик.


 Баъзида эски, ғижимланган қоғоз пулларни савдо шохобчаларида қабул қилишмайди. Бу қанчалик тўғри? Нақд пуллар қачон яроқсиз ҳисобланади?


– Хўжалик юритувчи субъектлар қандай ҳолатдаги банкнотларни монеликсиз тўловга қабул қилишлари лозимлиги ва тушум пули сифатида банкларга топширишлари мумкинлиги белгиланган. Хусусан, булар:

ҳар қандай қисмида тешик ёки йиртилишлар, сийқаланишлар, (жумладан ғижимланган) доғлар, қалам, сиёҳ ва фломастер билан ёзилган ёзувлари мавжуд бўлган пуллар;

йиртилган ва елимланган пуллар, агар пулнинг иккала қисми шак-шубҳасиз битта банкнотга тегишли бўлса;

бўёқ моддалари ва кислота тўкилган, табиий ранги ўзгарган, куйган, бўялган ёки чизилган пуллар;

шикастланиш тури ва жойлашишидан қатъи назар, банкнот тўлиқ ҳажмининг 55 фоизидан кам бўлмаган қисми сақланиб қолинган пуллардир.

Бу талаблар Марказий банкнинг “Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир йўриқнома” “сўм”нинг тўловга яроқлилик белгиларни аниқлаш қоидалари (2018 йил 29 июнда 3028-сон билан рўйхатга олинган)да белгилаб берилган.

Янада аниқроқ бўлиши учун тушунтириб ўтаман.

Банкларда нақд пулларни саралаш жараёнида улар “муомалага яроқли”, “эскирган”, “тўловга яроқсиз” пуллар тоифаларига ажратилади.

Сийқаланмаган, яъни банкнот қоғозининг мустаҳкамлиги, уни яна муомалада айланиши учун имконият берадиган даражада мустаҳкам пуллар “муомалага яроқли” банкнотлар тоифасига киради.

Бундай банкнотларнинг шикастланганлиги қуйидаги даражада бўлиши талаб этилади:

ҳеч қандай шикастланиш белгиларига эга бўлмаган банкнотлар;

банкнотнинг айрим қисмига (ёки қисмларига) ёзилган ёзувлар ёки бўялган (бўёқ тўкилган) жойи банкнот умумий ҳажмининг 5 фоизидан ошмайдиган ҳамда пулнинг номиналини ёки унинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган банкнотлар;

банкнотнинг йиртилган, тешилган жойининг диаметри ёки йиртилиб тушган бурчаги (қисми) 1 см.дан ошмайдиган ҳамда ушбу шикастланишлар банкнотнинг номиналини ёки унинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган банкнотлар;

ранги кескин тарзда ўзгармаган банкнотлар.

Эскирган” банкнотларга эса юқоридаги талабларга жавоб бера олмайдиган пуллар киради. Шу ўринда савол туғилади. Эскирган пуллар савдо нуқталарида қабул қилинадими? Албатта. Эскирган пуллар тўловга яроқли ҳисобланади. Шу боис улар савдо нуқталарида қабул қилиниши шарт.


Қандай пуллар тўловга яроқсиз ҳисобланади ва қабул қилинмайди?


– Банкнот юзасининг 55 фоизидан кам қисми сақланиб қолган пуллар “тўловга яроқсиз” ҳисобланади ва улар савдо шохобчаларида қабул қилинмайди. Шунингдек, пул олди-бердисида банкнотларнинг тегишли ҳимоя белгиларига эга бўлишига жиддий эътибор қаратиш зарур. Банкнотдаги унинг номинал қийматини акс эттирувчи ёзув ва рақамларни ўзгартириш орқали ҳосил қилинган “қалбаки”, “сохта” пулларга алданиб қолмаслик зарур.


– Бир-бирига елимланган пуллар яроқли ҳисобланадими?


– Елимланган банкнот қисмлари битта банкнотга тегишли бўлса, яъни серия, рақамлари бир хил бўлганда “яроқли пул” сифатида тўловга қабул қилиниши лозим. Айрим ҳолларда, бир хил номиналдаги, бироқ 2 та банкнотнинг қисмларини бир-бирига елимланганлигини учратиш мумкин. Яъни банкнот қисмларидаги серия, рақамлар турлича бўлади. Ушбу банкнотларнинг ҳар икки қисми алоҳида олинганда, банкнот умумий юзасининг 55 фоизидан кам бўлса “тўловга яроқсиз” деб топилади. Аксинча бўлса, қабул қилинади.


– Эскирган, йиртилган пулларни банкларда алмаштириб олиш мумкинми? Бунинг тартиби қандай?


– Агар банкнот юқорида айтиб ўтилган “тўловга яроқсиз” пул тоифасига мансуб бўлмаса, уларни банкларда ҳеч қандай муаммосиз алмаштириб олиш мумкин. Бунда банклар кассалари орқали шикастланган, эскирган банкнотлар қабул қилиниб, уларнинг умумий суммасига тенг бўлган миқдорда яроқли банкнотлар билан алмаштириб берилади.

“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунда ҳам банклар шикастланган пул белгиларини Марказий банк томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ чекловларсиз алмаштириб бериши қайд этилган.

“Эскирган” пуллар банкларда қабул қилингач, улар қайта муомалага чиқарилишига йўл қўйилмайди. Эслатиб ўтаман, “тўловга яроқсиз” пуллар банкларда алмаштириб берилмайди.


– Ҳозирда тангалардан фойдаланиш кўникмаси шаклланди. Савдо шохобчаларида баъзида тангалар ва майда пуллар етишмаслиги ҳолатлари кузатилмоқда. Банкка бориб, қоғоз пулларни кичик қийматдаги купюралар ва тангалар кўринишида “майдалаб” олиш мумкинми?


– Марказий банк томонидан кичик номиналдаги банкнотларни босқичма-босқич муомаладан қайтариб олиниши, уларнинг ўрнига шу номиналдаги танга кўринишидаги пул белгиларининг чиқарилиши натижасида аҳолида тангалардан фойдаланиш кўникмаси шаклланиб бормоқда. Буни жуда ижобий ҳолат сифатида қабул қилиш лозим.

Зеро, кўпгина хорижий давлатларда ҳам аҳоли томонидан товар ва хизматлар учун тўловларни амалга оширишда, қайтим қайтаришда тангалардан кенг фойдаланилади. Асосан, кичик қийматдаги пул белгилари танга кўринишида муомалага чиқарилади.

Хабарингиз бор, 2018 йилда янгича кўринишдаги ва олдинги тангаларга нисбатан енгилроқ, ихчамроқ кўринишда 50, 100, 200, 500 сўмлик янги намунадаги тангалар чиқарилди ва саволингизда қайд этилган етишмаслик ҳолатлари юзага келмаслигини таъминлаш учун доимий равишда тангалар муомалага чиқариб борилмоқда.

Мисол учун, 2018 йилда 8,3 млрд. сўмлик, 2019 йилда 12,5 млрд. сўмлик янги намунадаги тангалар муомалага чиқарилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 17,1 млрд. сўмни ташкил қилди.

Фуқаролар, шу жумладан, савдо шохобчалари ҳам банклардан қоғоз пулларни кичик қийматдаги купюралар ва тангалар кўринишида “майдалаб” олишлари, шунингдек, савдо шохобчалари уларга хизмат кўрсатувчи банкдан ҳисоб рақамларидаги маблағлар доирасида нақд пулларнинг бир қисмини танга кўринишида олишлари ҳам мумкин.

Банкларни эса уларнинг талабларига кўра Марказий банк тангалар билан таъминлайди. “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунда ҳам Марказий банк ва банклар талабга кўра бир номинал қийматдаги пул белгиларини бошқасига ҳеч қандай тўловсиз ёки воситачилик ҳақисиз айирбошлашни амалга ошириши белгиланган.

Лекин айрим савдо шохобчалари орқали аҳолига қайтим қайтириш учун тангаларнинг мавжуд бўлмай қолиши ёки қайтим ўрнига кам баҳоли товарлар, масалан, сақич, конфет, гугурт берилиши тадбиркор учун фойдалироқ ҳисобланади.

Шунинг учун, буни танга етишмовчилиги сифатида баҳоланиши нотўғри бўлиб, аввало, аҳолига савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорларнинг ўзлари қайтим қайтариш учун етарли танга пулларга эга бўлиши лозим. Тангаларни эса тадбиркор хоҳлаган банкидан қоғоз пулларни “майдалаш” орқали ёки ўз ҳисоб рақамидаги маблағлар ҳисобидан олиши мумкин.

Беморнинг қаери оғриётганини ўзидан бошқа ҳеч ким ҳис қилмаганидек, тадбиркорнинг тангага бўлган талабини ҳам банклар ёки Марказий банк билиши ёки ўзича баҳолаши қийин.

Мисол учун, бугунги кунда кенг тармоққа эга бўлган йирик супермаркетлар, “Тошкент метромолитени”, автобус саройлари уларга хизмат кўрсатувчи банкларга мурожаат қилиб, зарур миқдорда танга пулларни олишмоқда.

Ўз навбатида, Марказий банкнинг жойлардаги ҳудудий бош бошқармаларида доимий равишда майда қийматдаги пуллар, жумладан, тангалар захираси шакллантирилмоқда ва талабга асосан етказиб берилиши таъминланмоқда.


 Агар пул сув тошиши, ёнғин ё бошқа сабаблар туфайли шикастланса, уни банкда алмаштириб олиш мумкинми? Бунда бирор бир чеклов белгиланмаганми?


– Адлия вазирлигида 2018 йил 29 июнда 3028-сон билан рўйхатга олинган “Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир йўриқнома”га асосан фавқулодда вазиятлар, бахтсиз ҳодисалар оқибатида нақд пуллар жиддий шикастланган бўлса, уларнинг ҳақиқийлиги ва тўловга яроқли эканлигига банк кассирлари тўлиқ ишонч ҳосил қилгач, алмаштириб берилиши мумкин.

Банк кассаларида шикастланган, лекин тўловга яроқли эканлиги шубҳа уйғотмайдиган банкнотлар ва тангаларни алмаштириб берилиши, ҳеч қандай касса ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ҳолда амалга оширилади.

Ушбу шикастланган пуллар банк томонидан саралаш жараёнида “эскирган” тоифасига ўтказилади ва қайта муомалага чиқарилмайди ҳамда Марказий банкка юборилади.


 Ҳозирда 1000 сўмлик қоғоз пуллар жуда эскириб кетган. Ҳатто шу эскирган пулларни топиш ҳам муаммо бўлмоқда. Бунинг сабаби нимада? Пулларни янгилаб борилиши тартиби мавжудми? Яқин муддатда 1000 сўмликни муомаладан чиқариш кутиляптими?


– Биласиз, 1000 сўм номинал қийматдаги банкнот 2001 йилда муомалага чиқарилган ва уларнинг аксарият қисми узоқ вақт давомида муомалада бўлганлиги сабабли хақиқатда уриниб қолганлигини кузатиш мумкин.

Бунинг асосий сабабини ушбу пулларнинг бошқа йирикроқ номиналдаги банкнотларга нисбатан кўпроқ муомала жараёнига кириши, яъни қўлдан-қўлга ўтиши фаол бўлганлиги сабабли тез эскириши ҳамда шу ҳолатда, банкларга келиб тушмасдан аҳоли қўлида узоқ муддат қолиб кетиши билан изоҳлаш мумкин.

Бу қийматдаги банкнотлар ҳозирда ҳам босиб чиқарилмоқда ва талабдан келиб чиққан ҳолда муомалага киритиб борилмоқда.

Бироқ бугунги кунда банкнотлар муомалага асосан банкоматлар орқали чиқарилаётганлиги ва банкоматлардан асосан йирик номиналдаги банкнотлар жойлаштирилиши сабабли 1000 сўмлик банкнотлар муомаладан камайиб бораётганлиги ҳақиқат. Бу табиий жараён бўлиб, худди товарларга ўхшаб талаб камайса, банкнотлар ҳам муомаладан камайиб боради.

“Банкоматларга 1000 сўмлик ҳам жойлаштирилса бўлмайдими?” деган савол туғилиши табиий.

Бўлади. Лекин банкнотлар сиғими чекланганлиги сабабли уларни бир марталик тўлдириш орқали имкон қадар кўпроқ аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиши, яъни жойлаштирилган пул тез тугаб қолмаслиги учун кўпроқ йирик қийматдаги банкнотлардан фойдаланилади.

Нақд пулларни бевосита банк кассаларидан олганда зарур ҳолларда бир қисмини 1000 сўмлик банкнотлар сифатида олиниши мақсадга мувофиқ.

Таъкидлаш лозимки, Марказий банк доимий тарзда муомаладаги нақд пулларнинг қаторини оптималлаштириш, эскирганларини муомаладан қайтариб олиш ва уларнинг ўрнига янги банкнот ва тангаларни муомалага киритиб бориш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда. Яқин орада 1000 сўмлик номиналдаги банкнотларни муомаладан чиқарилиши кўзда тутилмаган.


– Нақд пулларнинг ҳақиқийлигини текшириш учун асосан нималарга эътибор қаратиш керак?


– Марказий банк янги намуналардаги пул белгиларининг муомалага чиқарилиши тўғрисидаги хабар ва уларнинг тавсифларини эълон қилиб боради. Пул белгиларининг ҳимоя элементларига доир талаблар “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ белгиланади.

Яъни жаҳонда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам банкнотларнинг ҳақиқийлигини таъминлаш, қалбакилаштиришга қарши бир қанча ҳимоя элементларидан фойдаланилади. Банкнот номинали ошган сари ҳимоя элементлари ҳам кучайтириб борилади.

Бир қарашда эътибор қилиниши лозим бўлган ҳимоя элементларини санаб ўтадиган бўлсак, улар дунёдаги деярли барча банкнотларда мавжуд элементлар ҳисобланади. Буларга:

- ҳимоя ипи. Мисол учун, 1000 сўмлик банкнотда қоғоз қатламида бўлса, 5000 сўмликда қоғоз қатлами сиртига чиқиб, ичкарига ботувчи, 10 000, 50 000, 100 000 сўмликларда ҳам шу шаклдаги “3D” эффектли ҳимоя ипи ўтказилган;

  - сув белгиси. Ўзбекистон банкнотларида Герб, банкнот номинали, 100 000сўмлик банкнотда Мирзо Улуғбек портрети кўринишда тайёрланган;

  - бармоқ учлари билан ушлаб (сийпалаб) кўрилганда сезиладиган бўртиб турувчи тасвирлар;

  - маълум қиялик бурчаги остида қаралганда, рангини ўзгартирувчи тасвирларни(нақш ёки рақам кўринишида) айтиб ўтиш лозим.

Демак, пулларнинг ҳақиқийлигини ушбу ҳимоя элементларига эътибор қаратиш орқали билиш мумкин. Ҳимоя элементлари ҳар бир номиналдаги банкнот муомалага чиқарилишидан олдин банкнотнинг тавсифи оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, Марказий банкнинг веб-сайтида (cbu.uz) ҳам эълон қилинган.


– Сохта купюралар қўлига келиб тушганда фуқаро кимга мурожаат қилиши зарур?


– “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунда пул белгиларини қалбакилаштириш ва қонунга хилоф равишда тайёрлаш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Фуқаро қўлига шубҳали (жумладан, сохта) бўлган пуллар келиб тушганда уларни ҳақиқатда қалбаки эканлигини аниқлаш ҳамда келгусида уларга қонуний баҳо бериш мақсадида тижорат банкларига топшириши тавсия этилади.

Шунингдек, ушбу банкнот қандай қилиб, қайси ҳолат ёки жараёнда, ким орқали ушбу фуқаронинг қўлига келиб тушганлигини баён этиш мақсадга мувофиқ.

Банкнинг касса ходимлари томонидан пуллар ҳақиқатда қалбаки эканлиги аниқланса, ушбу пуллар фуқаронинг қўлига келиб қолишининг баёни билан бирга тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга экспертиза, суриштирув, тергов ҳаракатларини олиб бориш учун тақдим этилади (Адлия вазирлигида 2018 йил 29 июнда 3028-сон билан рўйхатга олинган “Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир йўриқнома”да белгиланган тартибга кўра).

Зеро, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунга асосан фақатгина Марказий банк Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси сифатида пул белгиларини муомалага чиқаришда мутлақ ҳуқуққа эга.


– Нақд пуллардан фойдаланиш борган сари камайиб бормоқда. Вақт ўтиб нақд кўринишдаги пулларнинг мутлақо муомаладан чиқиши кутилмаяптими?


– Ўзбекистон мисолида бу фикрга қўшила олмаймиз. Ҳақиқатдан ҳам, бугунги кунда нақд пулсиз, жумладан, банк карталари ҳисоб-китоблар ҳажми ортиб бормоқда ва бу нақд пулдан фойдаланиш камайиб бораётганлигини билдирмайди.

Мисол учун, 2020 йил давомида муомалага чиқарилган нақд пуллар ҳажми 1,6 трлн. сўмга ёки 5,8 фоизга кўпайди. Қолаверса, 2020 йилда банклар кассаларига келиб тушган нақд пуллар ҳажми 179,9 трлн. сўмни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 26 фоизга кўпайган бўлса, банклардан 180,2 трлн. сўмлик нақд пуллар берилди ва бу кўрсаткич олдинги йилга нисбатан 25 фоизга ошди. 

Яна бир кўрсаткичга эътибор қаратсак, 2020 йилда савдо ва пуллик хизматлардан банкларга тушумлар таркибида 85,6 трлн. сўми ёки 58,4 фоизи нақд пулдаги тушумлар ҳиссасига тўғри келиб, 2019 йилга нисбатан 1,6 фоизли бандга кўпайган.

Ушбу кўрсаткичларга қараб, “нақд пуллардан фойдаланиш камайиб бормоқда” дейиш қанчалик тўғри бўлмаслигини англаб олиш мумкин.

Дарҳақиқат, 2017 йилда 50 000 сўмлик, 2019 йилда 100 000 сўмлик банкнотларнинг муомалага чиқарилиши ортидан кичикроқ қийматдаги банкнотларнинг ўрнини йирик қийматдаги пуллар эгаллаши ҳисобига муомаладаги банкнотлар сони сезиларли миқдорда камайди.

Мазкур ҳолат аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига нақд пуллар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш, уларни олиб юриш, сақлаш учун қулайликлар ортиб бораётганини билдиради.

Нақд пул соҳасидаги халқаро экспертларнинг фикрига кўра, 2020 йилда Европа иттифоқи мамлакатларида ҳам нақд пулга бўлган талаб сезиларли даражада ошган. 2020 йилнинг 9 ойида муомалага чиқарилган нақд пуллар ҳажми Европада 10,6 фоизга кўпайган бўлса, бу кўрсаткич АҚШда – 14,6 фоизни, Хитойда – 7,9 фоизни, Ҳиндистонда – 23,1 фоизни ташкил этган.

Саволнинг иккинчи қисмига тўхталиб шуни айтиш лозимки, нақд пуллардан воз кечиб, ҳисоб-китобларни нақдсиз кўринишда амалга оширишга ўтишнинг афзалликлари кўп ва, энг асосийси, иқтисодиётда пул айланиши тезлашади. 

Бундай жараён табиий равишда ҳамда ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши орқали аҳолига қийинчилик туғдирмаган ҳолда рўй бериши, босқичма-босқич жорий этилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Масалан, дастлаб коммунал тўловларни фақат нақдсиз шаклда тўлаш, айрим йирик савдо ва умумий овқатланиш корхоналари томонидан тўловларни фақат банк карталари орқали қабул қилиш каби тартибларнинг жорий этишлари секин-аста саволда қўйилган жараёнга етаклаши мумкин.

Швеция давлати нақд пуллардан воз кечиш сиёсатини 2015 йилда бошлаган бўлиб, бугунги кунда ушбу давлатда ресторанлар, дорихоналар ва савдо корхоналари тўлов учун нақд пулларни қабул қилишни рад этиш ҳуқуқига эга.

Айрим оммавий ахборот воситаларида Нью-Йорк шаҳридаги бир қатор савдо корхоналари ва ресторанлар тўловларни фақат нақдсиз кўринишда қабул қилишни тажриба тариқасида қўллаб кўриши баъзи аҳоли вакилларининг эътирозларига сабаб бўлаётганлигини ёзишмоқда.

Энди Ўзбекистон мисолида шу жараённи тасаввур қилиб, хулоса қилиб кўринг-чи, бунинг учун бизда етарли шарт-шароит мавжудми, аҳолининг дунёқараши шаклланганми?

Оддийгина мисол, мамлакатимизда ойлик иш ҳақини ва пенсия тўловларини банк карталари орқали тўланишига эътироз билдирувчи фуқаролар кўплаб топилади.


– Нақд пулдан тўғри фойдаланиш учун фуқаро яна қандай маълумотлардан хабардор бўлишлари мақсадга мувофиқ?


– Бугунги кунда минг афсуски, муомалага чиқарилган миллий валютамиз банкнотларига путур етказиш, уларни ғижимлаш, йиртиш, устига турли хил исмлар, телефон рақамлари, суммалар ва бошқа нарсаларни ёзиб қўйиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Аввало қайд этиш лозимки, миллий валютамиз – республикамиз иқтисодий мустақиллигининг рамзларидан бири ҳисобланади ҳамда уларда давлат рамзлари – Герб, Байроқ тасвирлари ҳам акс эттирилган.

Гарчи миллий валютага жисмонан зарар етказишга нисбатан қонунчиликда жавобгарлик белгиланмаган бўлса-да, ўз юртини ҳурмат қилган ҳар бир фуқаро, унинг пул бирлигига ҳам ҳурмат билан қараши ва муомаладаги нуфузига путур етказмаслиги лозим. Бу ўзини ҳурмат қилган, одоб-ахлоқ этикаси нормаларини билган ҳар бир инсоннинг қўлидан келади, албатта.

– Суҳбат учун ташаккур.

 

 


USD = 12697.00
+2.04
EUR = 13547.70
+38.99
RUB = 135.05
+0.39
GBP = 15836.97
+11.43
JPY = 82.23
+0.12
CHF = 13966.56
+37.48
CNY = 1753.95
-0.18
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X