Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Савол-жавоб

Янгиланган сана:  11 Май 2021, 12:45
11 Май 2021

Савол: Фирибгарларни қандай фарқлаш мумкин? Улар қандай сўзлар билан алдашга уринишади? Шу ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Кузатувлар ва келиб тушаётган мурожаатлар ўрганилганда фирибгарлар асосан фуқаронинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, ўзини Марказий банк, тижорат банки, тўлов ташкилоти ёки тўлов тизими операторининг номидан хавфсизлик, пластик карта, мижозларни қўллаб-қувватлаш ёки бошқа бўлим ходими деб таништириши аниқланди.

Бундай шахслар мижознинг мобил иловаси бузилгани, банк картаси блок ҳолатига тушгани, картадан ноқонуний пул ечиб олишга уринишлар бўлаётгани ва шу каби турли уйдирмаларни келтиради ҳамда агар дарҳол чора кўрилмаса, барча маблағлардан айрилиши ҳақида айтиб, турли ижтимоий инженерингни қўллаган ҳолда психологик босим ўтказишга уринади. Фирибгарлар телефонингизга юборилган бир марталик SMS-кодни сўраб, Сизга ёрдам беришни таклиф этишади.

Фирибгарларнинг тузоғига тушмаслик учун умумий белгиларни эслаб қолиш зарур:

  • номаълум, яширин ва бегона рақамлардан кўнғироқ ёки SMS-хабар келади;
  • зудлик билан қарор қилишга ундаш, “тезроқ”, “ҳозироқ”, “кейин тушунтираман”, “тезроқ керак” каби сўзлар билан саросимага солишга уринишади;
  • телефон орқали фирибгарлик қилувчи шахслар ўзларини жуда ишончли тутиб, босим ўтказиши ёки аксинча мулойимлик билан ва бошқа турли усуллар ёрдамида мижозни ўзига ишонтиришади. Бунда уларнинг асосий мақсади – мижозни шубҳалантирмаслик ҳамда фикрлаш учун фурсат қолдирмасдан шошилинч қарор қабул қилишга ундашдир;
  • муайян саволлар берганингизда аниқ жавобнинг йўқлиги ёки чалкашлик ҳолати кузатилади;
  • паспорт маълумотлари, карта рақами билан унинг амал қилиш муддатини, сизга жўнатилган тасдиқловчи кодни ёки бошқа шахсий маълумотларни сўрашади (эслаб қолинг, аслида картага пул маблағи ўтказиш учун фақатгина карта рақамини билиш етарлидир).

“Танловда ғолиб бўлдингиз” каби турли қизиқтирувчи хабарлар йўллаб, совринлар, қулай тарифлар, совғалар таклиф этган ҳолда улар учун “қўшимча тўловлар”, “гаров пули қўйиш” ёки бошқа йўллар билан пул ўтказишни сўраш – телефон орқали қўлланиладиган фирибгарлик белгиларидан бири ҳисобланади.

 

Cавол: Фирибгарлар қўнғироқ қилганда қандай йўл тутиш керак: гаплашмасдан гўшакни қўйишми ёки эшитиб, ундан кейин рад этиш керакми ёки телефон орқали суҳбатни ёзиб олган маъқулми?

Жавоб: Агар номаълум шахс қўнғироқ қилса, Сиз:

  • аввало, ўзингизни хотиржам тутишингиз ва тинчланиб олишингиз;
  • шахсий маълумотларингизни айтмаслигингиз;
  • ҳеч қачон ва ҳеч кимга банк картангиз кодини ошкор қилмаслигингиз зарур.

Агар картангиз билан боғлиқ бирор ҳолат юзасидан қарор қабул қилишингизни талаб қилишса, ўйлаб олиш учун вақт сўранг. Картангизнинг ҳолати ва ундаги пул маблағлари тўғрисидаги маълумотни банкнинг расмий веб-сайти ёки мобил иловаси орқали ўз шахсий кабинетингизга кириб аниқлаш мумкин. Агар ҳозироқ қарор қабул қилиш лозимлигини айтишса, ушбу масалада хизмат кўрсатувчи банк билан боғланиб, вазиятга аниқлик киритишингизни маълум қилинг.

Сизга қўнғироқ қилаётган шахс ўзини қайси ташкилот ходими деб таништирса, шу ташкилотнинг мурожаатлар билан ишлаш бўлими телефон рақамини сўраб, ташкилотнинг расмий веб-сайтидан мазкур рақамларнинг актуаллигини текширинг. Бунда ташкилот билан боғланиб, қўнғироқ қилган шахс тўғрисида маълумот олиш тавсия этилади.

Агар Сизга қайсидир акцияда ғолиб бўлдингиз дейишса, ушбу акция ҳақида интернет орқали тўлиқ маълумот изланг. Бегона шахслар билан пул ўтказмаларини амалга оширманг.

 

Савол: Фирибгарлар қўнғироғидан сўнг қаерга мурожаат қилиш керак: ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларигами, Марказий банк ёки хизмат кўрсатувчи банкками? Мурожаат шакли ва қандай маълумотлар тақдим этилиши ҳақида айтиб ўтсангиз.

Жавоб: Агар фирибгарлик ҳолатларидан гумонингиз бўлса, дарҳол Сизга хизмат кўрсатувчи банкка телефон орқали ёки ёзма мурожаат қилинг ва ҳолат ҳақида хабар беринг. Қайси телефон рақамидан қўнғироқ бўлгани, мурожаат қилган шахс ўзини ким деб таништиргани ва қандай маълумотларни сўрагани бўйича батафсил маълумот йўлланг.

Марказий банк турли фирибгарлик йўли билан банк карталаридаги пул маблағлари ечилишига йўл қўймаслик мақсадида фуқароларимизни огоҳлантиради.

Ҳеч қачон телефонингизга келган банк карталари билан боғлиқ бир марталик юборилган SMS-кодни, тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг мобил иловаларига кириш ҳуқуқини берувчи логин ва паролларни ҳеч қандай шахсларга айтманг. Улар сиздан олган маълумотлар (SMS-код, логин ва порол) орқали банк картангиздаги пул маблағларини кўчириб олиш ёки Сизнинг рухсатингизсиз бошқариш имконини қўлга киритади.

Фирибгарларнинг бу каби ҳийлаларига алданиб қолманг!

USD = 10571.88
-9.48
EUR = 12623.88
+48.99
RUB = 145.58
+1
GBP = 14758.34
+79.88
JPY = 95.27
-0.53
CHF = 11512.45
+27.2
CNY = 1632.22
-1.61
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X