Жорий йил 19 августда Молиявий саводхонликни ошириш ва банк мутахассисларини қайта тайёрлаш департаменти томонидан Олмалиқ шаҳрида аёллар молиявий саводхонлигини ошириш бўйича навбатдаги давра суҳбати ўтказилди.
Ушбу таълим тадбирида Олмалиқ шаҳрининг турли ҳудудларидан 18 ёшдан 50 ёшгача бўлган 50 нафар аёллар иштирок этишди. Улар орасида асосий аудиторияни “Аёллар дафтари”га киритилган, тадбиркорлик билан шуғулланишни бошлаган хотин-қизлар, оилавий тадбиркорлик масалалари бўйича маҳалла раиси ўринбосарлари ҳамда қишлоқ жойлардан ташриф буюрган аёллар ташкил этди.
Давра суҳбати мобайнида Марказий банк ходимлари томонидан банк омонатлари ёрдамида жамғармалар шакллантириш, депозит ва кредит бўйича фоизлар ҳисобланиш тартиби, рақамли банк хизматлари ва маҳсулотларидан самарали фойдаланиш, молиявий хавфсизликни таъминлаш, молиявий мақсадлар қўйиш ва уларга эришиш ҳамда молиявий хизматлар истеъмолчилари ҳуқуқлари ҳимояси каби молиявий саводхонликнинг асосий масалалари ёритиб берилди. Шунингдек, кредит олишга масъулият билан ёндашиш қоидалари ва ижобий кредит тарихини шакллантиришнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбирнинг интерактив шаклда олиб борилганлиги натижасида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган турли саволларга жавоб олишди.
Марказий банк томонидан республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам аёллар молиявий саводхонлигини ошириш бўйича интерактив таълим тадбирларини ташкил этишни режалаштирилмоқда.
Марказий банк жойларда аёллар молиявий саводхонлигини ошириш бўйича тизимли тадбирларини давом эттирмоқда
Янгиланган сана:
20 Авг 2021, 17:29