Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Жаҳон банки Гуруҳи билан ҳамкорлик ҳақида маълумот

Янгиланган сана:  18 Июл 2019, 08:39

1992 йилнинг сентябрь ойидан буён Ўзбекистон Республикаси Жаҳон банкининг мутлоқ аъзоси.

Ўзбекистон Жаҳон банкига аъзо мамлакатларнинг Швейцария гуруҳига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Польша, Сербия, Швейцария, Тожикистон ва Туркманистон каби давлатлар билан бир қаторда киради.

Мамлакатнинг банк тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар доирасида Марказий банкнинг Жаҳон банки гуруҳи билан ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашди.

Хусусан, Халқаро тажриба департаменти директори Альфонсо Гарсия Мора бошчилигидаги Жаҳон банки делегациясининг 2017 йил сентябрь ойида Тошкентга ташрифи давомида эришилган келишувлар ҳамда Ўзбекистон делегациясининг Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг йиллик йиғилишларидаги музокаралар натижалари бўйича Жаҳон банки гуруҳи билан Марказий банкнинг ҳамкорлиги банк тизимининг институционал салоҳиятини ривожлантириш деб белгиланган ва шунга йўналтирилган.

Жаҳон банки билан ҳамкорлик ишларининг дастлабки босқичи 2017 йил декабрь ойида техник ёрдам кўрсатиш миссиясида банкларни тартибга солишнинг меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш йўналишида бошланди.

Ушбу миссия доирасида Марказий банкнинг 4та норматив ҳужжати ишлаб чиқилган ва қайта кўриб чиқилган бўлиб, булар:

“Тижорат банклари капиталининг монандлигига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом”;

“Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом”;

“Тижорат банкларининг ликвидлилигини бошқаришга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом”;

“Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига банк назорати бўйича тақдим этиладиган ҳисоботларни тўлдириш бўйича тавсиялар”.

2018 йил март ойида Жаҳон банкининг техник ёрдам миссияси билан биргаликда банк тизимини стресс-тестдан ўтказиш методологияси ва банкни тартибга солиш ва назорат қилиш меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича иккинчи босқич ўтказилди, бунда:

- ҳамкорликдаги ишлар жараёнида стресс-тест моделлари алоҳида тижорат банклар мисолида янги ташқи таъсирлар мисолида муҳокама қилинди, шунингдек стресс-тестлар методологияси, индивидуал сценариялар ва уларнинг натижалари атрофлича кўриб чиқилди;

- Марказий банкнинг норматив ҳужжатларига (активларни таснифлаш, ликвидлик коэффициентлари, капитал етарлилиги, назорат ҳисоботи) тегишли ўзгартиришлар киритиш, шунингдек корпоратив бошқарув ва рискларни бошқариш бўйича низомларнинг янги таҳририни ишлаб чиқишни бошлаш бўйича якуний босқич белгилаб олинди.

Жаҳон банки экспертлари билан биргаликда “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси такомиллаштирилмоқда. Техник ёрдам миссияси Марказий банк мутахассислари билан биргаликда 2018 йил 19 ноябрдан 23 ноябргача мазкур қонуннинг халқаро тажрибага мослиги бўйича биргаликда иш олиб боришди.

Хусусан, Резолюцияларнинг самарали режимларнинг асосий аспектларига (Key Attributes of Effective Resolution Regimes) мувофиқ Базель самарали банк назорати тамойилларига, шунингдек Марказий банкнинг банк тизимининг ўзгариши, хусусий инвестицияларнинг ривожланиши ва ортиб бориши билан боғлиқ янги муаммоларни бартараф этиши учун ҳуқуқ ва имкониятлар, воситалар ва ваколатларини киритиш масалаларига алоҳида эътибор берилди.

Бундан ташқари, 2018 йилнинг ноябрь ойида Жаҳон банкининг Марказий банкка молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегиясини ишлаб чиқишда кўмаклашиш бўйича келишувга эришилди.

Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорлик

Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорлик 2018 йилда “Samarkand Bonds” деб номланган халқаро капитал бозорларида ўзбек сўмида жойлаштирилган облигациялар чиқарилиши билан ажралиб турди.

Халқаро молия корпорацияси (ХМК) томонидан Лондон фонд биржасида 18 май, 26 июнь, 29 май, 5 декабрь ва 11 декабрда жойлаштирилган 5та облигациялар чиқариш амалга оширилди.

Янги ривожланаётган бозорларга ихтисослашган активларини бошқариш бўйича Европа компаниялари ва ХМК ўртасида облигацияларини сотиш бўйича битимлар тузилди.

Лондондаги қимматбаҳо қоғозлар биржасида жойлаштирилган умумий суммаси 2018 йилда 476 млрд. сўмни (58,5 млн. АҚШ доллари) ташкил этди.

Жумладан, Самарқанд облигацияларининг 353 млрд. сўмлик (қайтариш муддати – икки йил, купон ставкаси - 9,45%-9,7%) тўртта чиқарилиш, шунингдек 123 млрд. сўмлик (қайтариш муддати – бир йил, купон ставкаси - 9,45%) битта чиқариш натижасида пул маблағлари ХМК томонидан АТБ Ҳамкорбанк ва АТИБ Ипак Йўли орқали бозор шароитида Ўзбекистондаги лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилган.

Бундан ташқари, ХМК ва Жорж Вашингтон қошидаги капитал бозорларни ривожлантириш соҳасидаги Милкен университетининг (IFC- Milken Institute Capital markets program at the George Washington University) қўшма дастури доирасида ХМК томонидан Марказий банкнинг битта ходимигатаҳсил олиш учун грант ажратилган.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлик

ЕТТБ президенти С.Чакрабартининг 2018 йил 1 август куни ташрифи доирасида “Капитал бозорини ривожлантириш ва миллий валютада молиялаштириш соҳаларида ҳамкорлик” тўғрисида ўзаро тушуниш Меморандуми имзоланди.

Ушбу меморандум доирасида ЕТТБ томонидан Чехиянинг “ОГРесерч” компанияси консультантларининг инфляцион таргетлашни амалга оширишнинг асосий элементлардан бири бўлган Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича техник кўмак миссияси жалб этилишида ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, ЕТТБ томонидан Марказий банкнинг 8 ходимини Халқаро комплайнс ассоциацияси программаси асосида жиноий йўллар билан топилган маблағларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш ҳамда “ўз мижозингизни билиш” масофавий ўқиши учун грант ажратилди.

Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлик

2018 йилда Марказий банкнинг Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлиги техник кўмак миссиялари орқали ташкил этилди. Хусусан, иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш дастури доирасида 2018 йил октябрь ойида Марказий банкда банк назорати механизмларини такомиллаштириш бўйича техник кўмак миссияси фаолият юритди, унинг асосий вазифалари:

– рискка асосланган банк назоратининг такомиллаштирилган усулини жорий этилишида кўмаклашиш;

– CAMELS рейтинг тизимининг менежмент компоненти ва рискни бошқариш тизимининг кўрсаткичларини ўрганиб чиқиш.

Тавсиялар ва ишлар режасини тайёрлаш мақсадида эксперт томонидан жорий банк назорати тизимининг пруденциал назорат, жойидаги инспекция қилиш механизмлари тахлил қилинди, шунингдек қонунлар ва ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ўрганиб чиқилди.

Молиявий оммабоплик альянси билан ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 9 январдаги ПФ-5296-сонли фармони, шунингдек “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” 2018 йил 23 мардаги ПҚ-3620-сонли қарорига мувофик банк хизматлари оммабоплиги, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ва банк хизматлари истеъмолчиларининг хуқуқларини ҳимоя қилиш Марказий банкнинг мақсади йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 17 август куни Марказий банк Бошқаруви томонидан “Молиявий оммабоплик альянси” халқаро ташқилотига аъзолик тўғрисида қарор қабул қилди.

Альянсининг асосий мақсади аъзо мамлакатларга молиявий оммабоплик миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, тажриба алмашиш учун платформа яратиш, ўқитиш ва долзарб масалалар юзасидан ишчи гуруҳлар тузиш орқали кўмаклашиш.

Марказий банк делегацияси Альянснинг Сочи шахрида бўлиб ўтган

Х глобал форумида иштирок этди. Форум давомида Альянснинг аъзо-ташкилотлар томонидан Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларининг Регулятор ташаббуси йўлга қўйилди ва “Молиявий оммабопликни ошириш мақсадида Финтехни ривожлантириш бўйича Сочи келишуви” маъқулланди.

Марказий банкнинг мутахассислари қуйидаги 6 йўналиши бўйича Альянснинг ишчи гурухларига қабул қилиндилар:

  • истеъмолчиларнинг хуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш;
  • молиявий оммабоплик даражасини аниқлаш;
  • халқаро стандартларни бир маромда қўллаш;
  • молиявий оммабоплик стратегияси;
  • рақамли молиявий хизматлар;
  • кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш маслалалари.

Ишчи гурухлар молиявий оммабопликни ошириш масалаларида долзарб масалаларни ечиш майдони бўлиб, уларга барча аъзо-ташкилотлар вакиллари жалб этилган.

Молиявий оммабоплик альянси ва Жахон банки томонидан Марказий банкка Молиявий оммабоплик миллий стратегиясини ишлаб чиқишда кўмаклашади.

ЧЕТ ЭЛ МАРКАЗИЙ БАНКЛАРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК

Швейцария миллий банки

2017 йил июль ойида Швейцария миллий банки Раиси Т.Йордан бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ташриф буюрган эди. Ташриф чоғида Марказий банкнинг асосий йўналишлари бўйича, хусусан пул-кредит сиёсати ва халқаро активларни бошқариш салохиятини оширишга қаратилган келишувларга эришилди.

Швейцария таклифига биноан Марказий банкнинг Нақд пул муомаласини ташкил этиш департаменти ва ДУК “Давлат белгиси” раҳбар ходимлари 2017 йил ноябрь ойида нақд пул муомаласини ташкил этиш ва банкноталар ишлаб чиқариш масалаларига бағишланган семинарда қатнашдилар.

2018 йил январь ойида Марказий банкнинг бир қатор департаментлари рахбарлари Швейцария миллий банкида бир хафталик малака ошириш амалиётини ўтадилар.

2018 йил апрель ойида Швейцария миллий банки эксперти томонидан Марказий банкда инфляция анализи ва прогнозлаштириш моделларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича техник кўмак кўрсатилди.

2018 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг ХВФда Швейцария гуруҳига ўтиши ХВФ доирасида, шунингдек хорижий мамлакатлар марказий банкларининг асосий фаолият йўналишлари бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни кўзда тутади.

Қозоғистон миллий банки

Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Қозоғистон Республикаси Миллий банки ўртасида ҳамкорлик кенг қамровда йўлга қўйилди.

2018 йил 16 майда МОҲИҲ форуми, ХВФ минтақавий учрашувлари хамда Остона иқтисодий форуми халқаро тадбирлари доирасида ҳар икки мамлакат марказий банклар раҳбарларининг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди, уларда икки томонлама ҳамкорлик ва иқтисодий алоқаларини ривожлантиришда банк соҳасида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

2018 йил июль ойида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш мақсадида Марказий банк делегацияси Қозоғистон Республикаси Миллий банкида хизмат сафарида бўлди.

2018 йил 10 июлда бўлиб ўтган расмий учрашувда хар иккала томондан мамлакатларнинг банк бозорига киришига ҳуқуқий асос яратувчи банк назорати соҳасидаги Келишув имзоланди. Келишувга асосан Ўзбекистон ва Қозоғистон томонлари миллий қонунчилик доирасида банк соҳасига тегишли янгиликлар, шунингдек ҳуқуқий-меъёрий мувофиқлаштириш ва назорат масалалари бўйича ўзаро маълумот алмашиб борадилар.

Малака ошириш вақтида Марказий банк мутахассислари Қозоғистон Республикаси Миллий банкининг асосий пул-кредит сиёсати, банк назорати, коммуникация сиёсати, банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа йўналишлар бўйича тажриба алмашадилар.

2018 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида Қозоғистон Республикаси Миллий валютасининг муомалага киритилишига 25 йил тўлиши муносабати билан бўлиб ўтган Қозоғистон молиячиларининг VIII Конгрессида иштирок этди.

Қирғизистон Республикаси Миллий банки

2018 йил май ойида Кирғизистон Республикаси миллий валютасининг муомалага киритилганига 25 йил тўлиши муносабати билан ташкиллаштирилган Халқаро конференция доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон республикалари марказий банклари раисларининг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида асосий эътибор икки томонлама ҳамкорлик ва банклараро алоқалар масалаларига қаратилди.

Томонлар марказий банкларнинг иқтисодий моделлаштириш соҳасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш лозимлигини қайд этдилар.

Ташриф давомида Марказий банк делегацияси Қирғизистон Республикаси Миллий банкининг макроиқтисодий прогнозлаштириш ва илмий-изланиш фаолияти, пул-кредит статистикасини юритиш ва тарқатиш, нақд пул муомаласини ташкил этиш, пул-кредит сиёсати инструментларини қўллаш, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини химоя қилиш ва молиявий саводхонлик йўналишлари бўйича тажриба алмашдилар.

Россия Федерацияси Марказий банки

2018 йилнинг сентябрь ойида Молиявий оммапоблик Альянсининг Сочи шахрида бўлиб ўтган 10-чи Халқаро сиёсий форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раисининг ва Россия Федерацияси Марказий банки Раиси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Томонлар регуляторларнинг ўзаро тажриба алмашиши, келгусида Марказий банк ходимларининг Россия Банки бўлинмалари ва ўқув муассаларида марказий банк фаолиятининг барча йўналишлари бўйича доимий малака ошириб бориш тўғрисида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олдилар.

2018 йил ноябрь ойида Москвада бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий иттифоқининг “Шаклланётган бозор иқтисодиётида инфляцияни таргетлашнинг тажриба ва муаммолари” форумида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки делегациясин иштирок этди, Марказий банк Раиси ўринбосари И.Норқулов бошчилигидаги делегация Россия Федерацияси Марказий банки Раисининг биринчи ўринбосари К.Юдаева билан учрашди. Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликнинг кенг доирадаги масалалари мухокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон ва Россия марказий банклари ходимларининг малакасини ошириш тўғрисидаги келишув хамда 2018-2019 йилларда банк ходимларининг малака ошириш ва техник кўмак ишлари орқали касбий алоқаларини мустаҳкамлашга йўналтирилган чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналишлари бўйича Харакатлар стратегияси талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳамда Россия Федерацияси билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича хукуматлараро комиссия доирасида банклараро хамкорлик бўйича кичик комиссияси иш фаолияти қайта тикланди.




Улашиш:

 
USD = 12628.05
+7.96
EUR = 13616.83
+17.42
RUB = 136.42
-0.31
GBP = 15927.76
+35.28
JPY = 83.44
+0.11
CHF = 14007.82
+81.44
CNY = 1748.70
+3.28
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X