АОКАда жорий йил 10 апрелда қабул қилинган “Молиявий истеъмол кредити бериш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан «Истеъмол кредити тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Марказий банк ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг масъул ходимлари иштирок этди.
Анжуманда мазкур қонунда акс этган ўзгартишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига республикамиздан ташқарида ишлаб чиқарилган товарлар (хизматлар) учун ҳам молиявий истеъмол кредитлари ажратилишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилганлиги қайд этилди.
Шунингдек, истеъмолчининг ишлаб чиқарувчи ёки сотувчини олдиндан хабардор қилиш мажбурияти бугунги кунда ўз аҳамиятини йўқотганлиги боис, қонуннинг 15-моддаси биринчи қисмининг учинчи хатбошиси чиқариб ташланганлиги таъкидланди.
Мазкур ўзгаришлар молиявий истеъмол кредити бериш тартибини соддалаштиришга, истеъмолчиларнинг кундалик талаблари қондирилиши даражасини оширишга, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда ўз маҳсулотлари сифати ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши билан бирга, аҳолига сифатли маҳсулотларни танлаш ва сотиб олиш имконини беради.
Таъкидлаш жоиз, аҳолига ажратилган истеъмол кредитлари 2021 йилда 10 трлн. сўмни, 2022 йилда 22 трлн. сўмни, 2023 йилнинг 4 ойида 27,6 трлн сўмни, шу жумладан, 2023 йилда берилган автокредитлар 10,8 трлн сўмни, микроқарзлар 7,8 трлн сўмни ташкил этган.
“Истеъмол кредити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилган ўзгартиришлар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди
Янгиланган сана: 26 Май 2023, 17:16