Шрифт ўлчами: A A A
Масштаб: A A A A
Ранг: A A A A
Расмлар: Ёқиш Ўчириш

Халқаро валюта жамғармаси Ижроия кенгаши IV моддага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси билан 2025 йилги маслаҳатлашувларни якунлади

Янгиланган сана: 20 Июн 2025, 10:03
20 Июн 2025

• Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари юқорилигича қолмоқда, жумладан, иқтисодий ўсиш суръатлари барқарор, консолидациялашган бюджет тақчиллиги ва жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги қисқармоқда ва халқаро захиралар етарли даражада.

• Ташқи шароитларнинг юқори ноаниқлигига қарамай, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва пул ўтказмаларининг юқори даражаси фонида иқтисодий ўсиш барқарор бўлиб қолиши прогноз қилинмоқда, инфляция эса қатъий макроиқтисодий ва макропруденциал сиёсат шароитида пасайиши кутилмоқда.

• Келгусида макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва давлатнинг иқтисодиётдаги ролини камайтириш мақсадида иқтисодий ислоҳотлар дастурини давом эттириш, шу билан бирга хусусий секторнинг етакчи роли билан кенг қамровли ўсишга кўмаклашиш устувор вазифалар ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари юқорилигича қолмоқда. 2024 йилда реал ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши барқарор ички талаб туфайли 6,5 фоизни ташкил этди ва 2025 йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,8 фоизга ошиб, юқори даражада сақланиб қолди. Инфляция 2024 йил апрель ойи охиригача пасайган бўлса, электр энергияси тарифларининг зарур ислоҳоти туфайли 2024 йил май ойида йиллик 10,6 фоизгача ошди. 2025 йил апрель ойи охирига келиб, 10,1 фоизгача пасайди. Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги сезиларли пул ўтказмалари, олтин билан боғлиқ бўлмаган экспортнинг жадал ўсиши, хомашё нархларининг ижобий динамикаси ва 2023 йилда импортнинг бир марталик кўтарилиши таъсирининг тугаши туфайли 2024 йилда ЯИМга нисбатан 2,6 фоиз бандга қисқариб, 5,0 фоиз атрофида шаклланди. Халқаро захиралар юқорилигича қолмоқда. 2024 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан 1,7 фоиз бандга қисқариб, 3,2 фоизни ташкил этди.

Умуман олганда, ривожланиш истиқболлари ижобий бўлиб қолмоқда. Глобал савдо сиёсати бўйича ноаниқликларнинг кучайишига қарамай, базавий сценарийга кўра, реал ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши барқарор бўлиб қолиши ва жорий ҳамда келгуси йилда тахминан 6 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда, бунга хусусий истеъмол ва инвестицияларнинг барқарор ўсиши, шунингдек, таркибий ислоҳотларнинг илгари сурилиши ёрдам беради. Бу қатъий пул-кредит ва макропруденциал сиёсатни сақлаб қолиниши ҳамда бюджет интизомини мустаҳкамлаш билан биргаликда 2027 йил охирига келиб инфляцияни Марказий банкининг мақсадли кўрсаткичи - 5 фоизгача пасайишига хизмат қилиши кутилмоқда. 2025-2026 йиллар давомида жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги 5 фоиз ёки ундан бироз паст даражада сақланиб қолиши, халқаро захиралар эса 2026 йил охиригача 9,2 ойлик импорт даражасида етарли даражада сақланиб қолиши кутилмоқда.

Ривожланиш истиқболларининг ёмонлашуви билан боғлиқ хатарларга савдо сиёсати билан боғлиқ давомий ва кескин шоклар, хомашё нархлари ўзгарувчанлигининг ошиши, ташқи молиялаштириш ва давлат корхоналари ва банклари, шунингдек, давлат-хусусий шериклик шартли мажбуриятларининг қатъийлаштирилиши киради. Таркибий ислоҳотларнинг жадаллашуви, даромадлар ва капитал оқимининг кўпайиши, шунингдек, хомашё нархларининг қулай динамикаси билан боғлиқ имкониятлар ижобий кутилмалар бўлиб қолмоқда.

Ижроия кенгашининг баҳоси

Ижрочи директорлар ХВЖ ходимлари баҳолашининг умумий йўналишига рози бўлишди. Улар бозор иқтисодиётига ўтишда давом этаётган тараққиёт шароитида Ўзбекистон иқтисодий ривожланишининг ижобий истиқболларини маъқулладилар. Шу билан бирга, директорлар иқтисодиётда давлатнинг иқтисодиётдаги роли юқори сақланиб қолаётганлиги ва ташқи шароитларда ноаниқликлар ортиб бораётганлиги сабабли заифлик омиллари сақланиб қолаётганлигини таъкидладилар. Ушбу шароитда, улар макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда барқарор ва изчил ўсишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Жамғарманинг техник кўмаги ёрдамида таркибий ва институтционал ислоҳотлар суръатини давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Директорлар эришилган сезиларли бюджет консолидациясини ижобий баҳоладилар. Умуман олганда, улар ижтимоий соҳа ва ривожланиш соҳасидаги устувор эҳтиёжларни қондириш учун бюджет имкониятларини яратиш мақсадида солиқларнинг ЯИМга нисбатини ва харажатлар самарадорлигини оширишга чақирдилар. Директорлар инфляцияни пасайтиришни қўллаб-қувватлаш учун ташқи қарз олиш лимитларига риоя қилиш ва олтин нархининг юқорилиги сабабли давлат харажатларининг процикликлигига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидладилар. Шунингдек, давлат корхоналари ва давлат-хусусий шерикчилиги билан боғлиқ бюджет хатарларини мониторинг қилиш ва ушбу хатарларни бошқариш сифатини ошириш, шунингдек, давлат молиясини бошқаришни янада кучайтириш ва бюджет-солиқ соҳасида шаффофликни ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Директорлар Марказий банкнинг инфляцияни пасайтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларини олқишладилар. Улар пул-кредит сиёсати маълумотларга таяниши кераклиги ва агар базавий инфляция ёки инфляцион кутилмалар пасаймаса, уни янада қатъийлаштириш кераклигига ҳамфикр бўлишди. Директорлар Марказий банкни пул-кредит сиёсатининг коммуникация ва трансмиссион механизмини янада кучайтиришга чақирди. Шунингдек, улар алмашув курсининг мослашувчанлигини ошириш ва марказий банкнинг бошқарув тизими ва мустақиллигини мустаҳкамлаш учун ҳимоя механизмлари бўйича таклифларни амалга оширишни тавсия қилдилар.

Директорлар давлатнинг молия секторидаги ролини пасайтирган ҳолда молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида банк назорати ва тартибга солишни кучайтиришга чақирдилар. Шу муносабат билан давлат банкларининг тижорат йўналишини ва уларнинг корпоратив бошқарувини кучайтириш, директив ва имтиёзли кредитлашдан босқичма-босқич воз кечиш, хусусийлаштириш ишларини жадаллаштириш ва кенгайтириш тавсия этилди. Директорлар, шунингдек, молиявий секторни баҳолашнинг биринчи дастури (FSAP) доирасидаги тавсияларга мувофиқ расмий органларга активларни таснифлаш, муаммоли кредитлар бўйича ҳисоботларни тақдим этиш ва тартибга солиш тизимини, шунингдек, меъёрий-ҳуқуқий базани, назорат тизимини, инқирозга қарши бошқарувни ва AML/CFTни кучайтиришни тавсия қилдилар. Қўшимча макропруденциал чоралар микрокредитлашнинг юқори ўсиши билан боғлиқ хатарларни юмшатишга ёрдам бериши мумкин.

Директорлар таркибий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва жадаллаштиришга чақирди. ЖСТга аъзо бўлиш ва энергетика секторини ислоҳ қилиш жараёнидаги муваффақиятларни олқишлаб, нархлар ва савдони либераллаштиришни якунлаш, давлат корхоналарини қўллаб-қувватлашни босқичма-босқич тўхтатиш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш, шунингдек, уни илғор халқаро амалиётга мувофиқ амалга ошириш зарурлигини таъкидладилар. Директорлар расмий идораларни давлат бошқаруви ислоҳотларини янада такомиллаштиришга, жумладан, шаффофлик ва ҳисобдорликни оширишга, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегиясини тасдиқлашга чақирди. Маълумотлардаги камчиликларни бартараф этиш ва маълумотлар сифатини ошириш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

инглиз тилидан таржима 

USD = 12165.24
-25.19
EUR = 14330.65
-32.11
RUB = 159.42
-2.67
GBP = 16470.52
-56.05
JPY = 76.49
-0.23
CHF = 15520.85
-73.92
CNY = 1783.63
-3.43
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X