Бугунги кунда рақамли технологиялар шиддат билан ривожланиб, замонавий технологик ечимлар ҳаётнинг барча соҳаларига кириб бормокда. Шу боис киберхавфсизлик ташкилотлар ва фойдаланувчилар учун долзарб масалага айланмоқда. Рақамлаштириш даври улкан имкониятларни тақдим этиш баробарида, фирибгарлик ва киберҳужумлар билан боғлиқ таҳдид ва хавфларни ҳам келтириб чиқариш эҳтимоли мавжуд. Айниқса, ижтимоий инжинирингдан фойдаланиб, содир этиладиган молиявий фирибгарликлар кенг тарқалган долзарб муаммо бўлиб, жисмоний шахслар ҳамда ташкилотлар фаолиятига хавф солиши мумкин.
Шу муносабат билан Марказий банкда тижорат банклари, тўлов ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, халқаро компаниялар, шунингдек, киберхавфсизлик ва фирибгарликка қарши тизимлар соҳасидаги вендорлар иштирокида финтехда хавфсизлик масалаларига бағишланган икки кунлик форум бўлиб ўтди.
Тадбир давомида банк карталаридан фойдаланиш билан боғлиқ фирибгарликнинг замонавий усуллари бўйича ечимлар тақдим этилди. Жумладан, долзарб трендлар ва содир этилган фирибгарликлар бўйича статистик маълумотлар эълон қилиниб, турли мамлакатларда фирибгарликнинг олдини олиш учун қўлланиладиган самарали усул ва стратегиялар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, форумда электрон тўлов тизимлари билан боғлиқ фирибгарлик турлари ва фирибгарлар томонидан маблағларни ўғирлаш усуллари таҳлил қилиниб, электрон тўловлар хавфсизлигини таъминлаш ва фойдаланувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган профилактика ва ҳимоя чоралари муҳокама қилинди.
Биометрик идентификация тизимларидан фойдаланишда шахсий маълумотларни тўплаш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар ҳам иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди. Мақсад –фойдаланувчи маълумотларининг махфийлиги ва ҳимоясини таъминлайдиган ишончли тамойиллар ва хавфсизлик чораларини ишлаб чиқишдир.
Форум доирасида банк ва тўлов тизимлари учун молиявий жиноятларни аниқлаш ва олдини олиш, юқори даражадаги хавфсизлик ва қонуний талабларга риоя қилишни таъминлашга қаратилган комплекс ечимлар тақдим этилди.
Финтех хавфсизлиги масалаларига бағишланган форум
Янгиланган сана:
14 Сен 2023, 11:11