Банк назорати қўмитаси томонидан Марказий банкнинг назоратга доир вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йил 15 сентябрь куни валюта амалиётларни ўтказишда шаффофликни таъминлаш ҳамда қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда мазкур операциялар устидан мониторингни такомиллаштириш борасидаги қарори қабул қилинган эди.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги кунларда хорижий ҳамкор банклардан Ўзбекистондаги тижорат банкларига валюта операциялари билан боғлиқ тўловларни амалга оширишда мижозларни лозим даражада текшириш (KYC) талабларини кучайтириш ҳамда бошқа банкларнинг пул ўтказмаларини амалга оширишни тўхтатиш юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.
Шу муносабат билан ҳамда валюта операциялари ҳисобини тўғри юритиш ва улар устидан зарур мониторинг тадбирларини амалга ошириш мақсадида хўжалик юритувчи субъектларнинг чет эл валютасини сотиб олиш операциялари билан боғлиқ валюта амалиётларини асосий ҳисобварақ очилган банклар орқали ўтказишлари лозимлиги белгиланган эди.
Бундай амалиёт ҳозирда мавжуд бўлиб, капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта операциялари мижозларнинг асосий ҳисобварақлари орқали амалга оширилиши белгиланган (2536-сон, 2013 йил 17 декабрь).
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларида (3281-сон, 2020 йил 31 август) белгиланган талабларга кўра, хўжалик юритувчи субъектларга хорижий валютани сотиш операцияларини банкларда ташкил этилган таркибий бўлинмалар (экспертлик гуруҳлари) хулосалари асосида амалга оширилиши таъкидланди.
Банк назорати қўмитасининг мазкур қарорида хўжалик юритувчи субъектларнинг чет эл валютасини сотиб олиш ва бошқа валюта операциялари чекланиши назарда тутилмаган.
Бундан ташқари, иккиламчи ҳисобварақларга хизмат кўрсатувчи банкларда санкциялар ва комплаенс-назорат қоидаларига амал қилинишини лозим даражада текшириш имконияти чегараланганлиги сабабли ушбу қарорга келинган эди.
Бироқ, оммавий ахборот воситалари ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан билдирилган таклиф ва эътирозларни инобатга олиб, хўжалик юритувчи субъектларнинг валюта амалиётларини асосий ҳисобварақ очилган банклар орқали ўтказиш лозимлиги юзасидан қабул қилинган қарор бекор қилинди.
Тижорат банкларига иккиламчи ҳисобварақлар орқали мижозларга хизмат кўрсатишда, комплаенс-назорат бўйича ўрнатилган талаблар лозим даражада бажарилиши бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
МАРКАЗИЙ БАНК ХАБАРИ
Янгиланган сана:
16 Сен 2023, 15:15