Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ХВЖ Келишувининг IV моддасига мувофиқ 2024 йилги маслаҳатлашув якунлари бўйича МИССИЯНИНГ ЯКУНИЙ БАЁНОТИ

Янгиланган сана: 15 Май 2024, 18:16
15 Май 2024
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Келишувларининг IV моддасига мувофиқ жорий йилнинг 23 апрель – 7 май кунлари Ўзбекистон Республикаси билан 2024 йилги Маслаҳатлашувлар доирасида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган муҳокамалар якунлари бўйича ХВЖ миссияси расмий баёнот эълон қилди.

Якуний баёнотда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ходимларининг аъзо мамлакатга расмий ташрифи якунлари бўйича дастлабки хулосалари келтирилган. ХВЖ Келишувларининг IV моддаси юзасидан мунтазам маслаҳатлашувлар – ХВЖ ресурсларидан фойдаланиш (қарз олиш), ХВЖ ходимлари мониторинги  билан амалга ошириладиган дастурлар бўйича муҳокамалар ёки мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига баҳо бериш мақсадида ўтказилади.

Мамлакат расмийлари ушбу баёнотни чоп этишга розилик берган. Баёнотда келтирилган хулосалар ХВЖ мутахассисларининг хулосалари ҳисобланиб, ХВЖ Ижроия Кенгашининг ушбу мамлакат бўйича муносабатини акс эттирмайди. Мазкур баёнотда келтирилган дастлабки хулосаларга асосланиб, ходимлар ҳисобот тайёрлайди ва ушбу ҳисобот раҳбарият томонидан тасдиқлангандан сўнг муҳокама ва қарор қабул қилиш учун ХВЖ Ижроия Кенгашига тақдим этилади.

Вашингтон, Колумбия округи: Келишувларнинг IV моддасига мувофиқ, ХВЖнинг Яссер Абдиҳ бошчилигидаги миссияси жорий йилнинг 23 апрель – 7 май кунлари Ўзбекистон Республикаси билан 2024 йилги Маслаҳатлашувлар доирасида Тошкент шаҳрида муҳокамалар ўтказди. Учрашувлар якунлари бўйича миссия қуйидаги баёнотни эълон қилди:

Жорий ҳолат, истиқболлар ва хатарлар

Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати юқорилигича қолмоқда. Пул ўтказмалари ҳажми 2022 йилгача бўлган давр трендига қайтган бўлса-да, рағбатлантирувчи фискал сиёсат юритилиши, асосий капиталга инвестицияларнинг кескин ўсиши ва хусусий истеъмолнинг фаоллашуви 2023 йилда ЯИМ реал ҳисобда 6 фоиз ўсишига хизмат қилди. 2024 йилнинг биринчи чорагида ўсиш суръати юқори сақланиб қолиб, йиллик ҳисобда 6,2 фоизни ташкил этди. Реал даромадларнинг барқарор ўсиши ва 2020 йилдан бери ижтимоий ҳимоя тизими кўламини кенгайтириш борасидаги чоралар камбағаллик даражасини 2021 йилдаги 17 фоиздан 2023 йилда 11 фоизгача пасайишига ёрдам берди. Нисбатан юқори реал асосий ставка ҳамда жаҳон бозорида озиқ-овқат ва энергия нархларининг пасайиши туфайли умумий инфляциянинг 2022 йил охиридаги 12,3 фоиздан 2024 йил март ойида 8,0 фоизгача пасайди. Машина ва ускуналар импортининг тез суръатда ўсиши (уларнинг бир қисми вақтинчалик характерга эга), пул ўтказмалари ҳажмининг 2022 йилга нисбатан қисқариши, ташқи қарзлар бўйича фоиз тўловларининг ошиши ва чет эл улуши бор корхоналар даромадларининг репатриация қилиниши каби омиллар таъсирларининг олтин экспортига нисбатан юқори бўлиши тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби тақчиллигининг ЯИМга нисбатан 2020 йилдаги 3,5 фоиздан 2023 йилда 8,6 фоизгача ошишига сабаб бўлди. Халқаро захиралар 2023 йилда 1,2 миллиард АҚШ долларига қисқарган бўлса-да, юқори даражада қолмоқда ва 2024 йил март ойи охирида тахминан 9 ойлик импорт ҳажмини ташкил этмоқда.

Умуман олганда истиқболлар ижобий, аммо ички ва ташқи хатарлар сақланиб қолмоқда. Мамлакат расмий идораларининг ислоҳотларни амалга ошириш бўйича қатъий саъй-ҳаракатлари, айниқса, энергетика, хусусийлаштириш ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш йўналишидаги, иқтисодий ривожланиш истиқболларини яхшилашга ёрдам берди. ЯИМнинг реал ўсиши юқори бўлиб, ички талабнинг барқарор ўсиши ҳисобига 2024 йилда 5,4 фоизни ташкил этиши кутилмоқда ва 2025 йилда 5,5 фоизгача ошади.

Фискал тўғриланишларнинг давом этиши (фискал тақчилликнинг қисқартирилиши), банк кредитлари ўсишининг мувозанатлашиши ва импортда 2023 йилда кузатилган вақтинчалик омилларнинг камайиши импортнинг ўсишини мақбуллаштиради. Бу эса, жорий ва кейинги йилларда жорий ҳисоб тақчиллигининг пасайишига олиб келади. Прогнозларга кўра, инфляция 2024 йил охирига келиб, энергия нархларининг оширилиши таъсирида бироз ошади, аммо қатъий макроиқтисодий ва макропруденциал сиёсат ҳамда таркибий ислоҳотларнинг давом эттирилиши инфляциянинг кейинчалик Ўзбекистон Марказий банки томонидан белгиланган мақсад кўрсаткич даражасигача пасайишига олиб келади. Ташқи шароитлардаги юқори ноаниқликлар хатарларнинг ошишига олиб келади. Ташқи хатарларга Россиянинг Украинада олиб бораётган уруши авж олишининг геоиқтисодий оқибатлари, товарлар нархларининг ўзгарувчанлиги ва жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатларининг кескин пасайиши кабилар киради. Ички хатарларга фискал консолидациянинг режалаштирилганидан кўра секинроқ бўлиши, банклар балансларининг заифлашиши, давлат банклари, давлат корхоналари ва давлат-хусусий шериклик (ДХШ) битимлари бўйича шартли мажбуриятларнинг юзага келиши кабилар киради. Таркибий ислоҳотларнинг жадаллашиши, даромадлар ва капитал оқимининг кириб келиши ва олтин нархининг ўсиши ижобий  омиллар ҳисобланади.

Солиқ-бюджет сиёсати

Ҳукумат бюджет тақчиллигини 2024 йилда ЯИМнинг 4 фоизигача ва 2025 йилда 3 фоизига қисқартиришни режалаштирган. Бюджетни консолидация қилиш давлат молиясининг барқарорлигини таъминлаш ва яқин истиқболда инфляцион босимни пасайтириш учун зарур ҳисобланади. Айни пайтда аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини кўллаб-қувватлаш ва ўрта муддатли даврда иқтисодиёт самарадорлигини ошириш муҳим ҳисобланади. Бюджет консолидациясини иқтисодий ўсишга зарар етказмаган ҳолда, хусусан, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам бериш, энергия субсидияларини камайтириш, ижтимоий харажатлар ва ижтимоий ҳимоя тизимига сарфланадиган харажатларнинг манзиллигини ошириш, шунингдек, директив кредитлаш ҳажмини камайтириш орқали амалга ошириш кўзда тутилган. Расмийлар бюджетнинг даромад ва/ёки харажатлар қисми билан боғлиқ хатарлар юзага келса, бюджет тақчиллигини камайтириш мақсадларига эришиш учун қўшимча чоралар кўришга тайёр бўлиши керак. Солиқ базасини кенгайтириш, солиқ тизимини янада модернизация қилиш, харажатлар самарадорлигини ошириш, асосий бюджет жараёнларини такомиллаштириш, давлат инвестициялари жараёнини унификация қилиш ва фискал хатарларни янада самарали бошқариш каби чоралар фискал соҳадаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга хизмат қилади.

Солиқ сиёсати ва маъмурчилиги, давлат молиясини бошқариш каби соҳаларда салоҳиятнинг узлуксиз равишда мустаҳкамланиб бориши ҚҚС қўллашнинг самарали тизимини жорий этиш, фискал стратегияни ва фискал хатарларни баҳолаш борасида сезиларли ютуқларга эришиш имконини берди. Мазкур соҳаларда ишларни давом эттириш керак. Миссия давлат-хусусий шериклик битимлари билан боғлиқ хатарларнинг олдини олиш мақсадида давом этаётган инвентаризация натижаларини ҳисобга олган ҳолда давлат қарзи тўғрисидаги қонунга мувофиқ ДХШ лойиҳалари бўйича кафолатларнинг юқори чегарасини белгилашни тавсия қилади.

Пул-кредит ва алмашув курси сиёсати

Пул-кредит сиёсатида инфляцияни пасайтиришга устувор аҳамият беришни давом эттириш лозим. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки нархлар динамикасини диққат билан кузатишни давом эттириши ва инфляция барқарор пасайиш траекториясига киргунга қадар қатъий пул-кредит сиёсатини сақлаб туриши керак. Агар энергия нархларининг ошиши базавий инфляция ва инфляцион кутилмаларга таъсир қилса, Марказий банк асосий ставкасини ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Миссия Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати соҳасидаги қарорларини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлайди, бу эса инфляцион кутилмаларни янада жиловлашга ёрдам беради.

Пул-кредит сиёсатининг трансмиссиясини янада кучайтириш бўйича ишлар давом эттирилиши керак. Мувозанатли пул-кредит сиёсатини давом эттириш ва Марказий банкнинг мустақиллиги янада оширилиши иқтисодиётда долларизация даражасини пасайтириш ва трансмиссион каналларни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Молия секторидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, шу жумладан, давлат банкларини хусусийлаштириш, директив кредитлаш ҳажмларини қисқартириш ва банклараро пул бозор имкониятларини ошириш молиявий воситачиликни ривожлантиришга, ликвидликнинг таркибий профицитини камайтиришга ва маҳаллий капитал бозорини ривожлантиришга ёрдам беради. Валюта курсининг мослашувчанлиги янада оширилиши шоклар таъсирини камайтиришга ва захираларни барқарор сақлашга ёрдам беради.

Молия секторининг барқарорлиги

Қатъий назорат ва активлар сифатини тўғри баҳолаш молиявий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Кредит миқдорининг гаров қийматига нисбати бўйича кўрсаткичнинг (LTV) оширилиши ва концентрация чекловлари ўрнатилиши ипотека кредитлари ва автокредитларнинг ўсиш суръатларини секинлаштирди. 2024 йилнинг июль ойидан кредиторлар учун қарзга хизмат қилишнинг даромадга нисбати (DSTI) бўйича чеклов ҳамда LTV ва DSTI кўрсаткичлари юқори бўлган ҳолатларда банкларга нисбатан қўшимча капитал талаблар киритилиши молиявий хатарлар тўпланишининг олдини олади ва қарз олувчиларнинг қарз юки ўсишини барқарорлаштиради. Активлар сифати ва хатарларнинг мустақил равишда баҳоланиши ҳамда активларни таснифлаш стандартлари такомиллаштириши, директив ва имтиёзли кредитлаш ҳажмларининг босқичма-босқич камайтирилиши, шунингдек, валюта тушумига эга бўлмаган корхоналар учун чет эл валютасида молиялаштириш чекланиши керак. 2024–2025 йилларга мўлжалланган Молия секторини баҳолаш дастури (FSAP) расмий идораларга тизимдаги камчиликлар ва заифликлар омилларини аниқлашга ва ислоҳотларнинг йўл харитасини ишлаб чиқишда ёрдам беради.

Давлат банкларини ислоҳ қилиш устувор вазифа бўлиб қолиши билан бирга уларнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш, тижорат мақсадларига эришиш ва банкларни хусусийлаштиришга тайёрлашга ҳам эътибор қаратиш керак. 2023 йил якуни бўйича давлат банклари, активлари жами банк активларининг 68 фоизини ташкил этган ҳолда молия тизимида устун мавқега эга бўлиб қолмоқда. “Ипотека-банк” хусусийлаштирилганидан кейин расмий идоралар томонидан икки йирик давлат банки – “Асака” ва “ЎзСҚБ”ни хусусийлаштириш тўғрисида муҳим қарор қабул қилинди. Келажакда давлат банкларининг хусусийлаштирилишини янада жадаллаштириш рақобатни кучайтиради, барчага тенг фаолият шароитларини яратади, ресурсларни янада самарали тақсимлашга ва молиявий хизматлардан фойдаланишни кенгайтиришга имкон беради. Давлатга тегишли банклар тижорат асосида ишлайдиган самарали тизимларга ва бошқарув тузилмаларига эга бўлиши керак. Барча нотижорат фаолият турларини бюджетга ўтказиш зарур ёки бюджетдан тегишли харажатларни қоплашнинг шаффоф усулини яратиш керак. Тижорат банкларида давлат улуши сақланиб қолишининг мақсадга мувофиқлиги доимий баҳолаб борилиши керак, шу билан бирга, мақсадларига эришмаган давлат банкларини хусусийлаштириш учун тайёрлаш зарур.

Таркибий ислоҳотлар

Мамлакат раҳбарияти томонидан таркибий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари тўғри белгиланган ҳолда давлатнинг иқтисодиётдаги улушини босқичма-босқич камайтириш ва ўсиб бораётган аҳоли учун иш ўринларини яратишга қаратилган. Сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш соҳасида сезиларли ютуқларга эришилди. Хусусан, энергия тарифларини ислоҳ қилиш тўғрисидаги янги қарор энергиядан янада самарали фойдаланишни рағбатлантириш, қўшимча инвестицияларни жалб қилиш, энергия таъминотини яхшилаш ва давлат молиясини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ушбу жараённи давом эттириш керак. Тартибга солиш ва операцион функцияларни ажратиш, нотижорат мақсадлардан босқичма-босқич воз кечиш, бошқарув ходимларининг малакасини ошириш, корхоналарнинг бошқарув органлари мустақиллигини кучайтириш, шунингдек, халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ давлат корхоналари фаолиятининг операцион ва молиявий кўрсаткичлари бўйича шаффоф ҳисоботларни тайёрлашга устувор аҳамият берган ҳолда давлат корхоналарини ислоҳ қилишни давом эттириш керак. Ушбу чора-тадбирлар давлат корхоналарини хусусийлаштиришни осонлаштиради ва самарадорликни сезиларли даражада оширишга имкон беради.

Бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш рақобатни ривожлантириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва янги иш ўринларини яратиш билан бирга инфляцияни пасайтиришда ёрдам беради. Расмий органлар Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. ЖСТга аъзо бўлиш қўшни давлатлар билан савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва транспорт йўналишларини такомиллаштириш билан бирга Ўзбекистон экспортининг ўсишини таъминлайди. Аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, меҳнат бозоридаги гендер тафовутини бартараф этиш инклюзивлик, меҳнат унумдорлиги ва ЯИМ ўсишини қўллаб-қувватлайди. Иқлим ўзгаришига мослашиш ва “яшил” технологияларни жорий этиш учун рағбатлантириш чоралари иқлим ўзгаришига таъсирчанликни камайтиради ҳамда иқтисодиётни карбонсизлаштиришга ва “яшил” ўсишга олиб келади.

Ҳукумат давлат бошқарувини такомиллаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашдаги ютуқларга таяниб, коррупцияга қарши кураш саъй-ҳаракатларини давом эттириши керак. Миссия яқин келажакда активларни декларациялаш ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунлар қабул қилинишини ҳамда даромадларни декларациялашнинг самарали тизимини жорий қилишни тезлаштиришни тавсия қилади. Ўзбекистонда ахборотдан фойдаланиш бўйича ҳуқуқий нормаларнинг жорий этилиши ва уларга риоя қилиш даражасини ошириш зарур. Коррупцияни аниқлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга кўмаклашиш учун ахборот берувчиларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ва уларнинг жавобгарлиги кучайтирилиши керак. Ҳисоб палатаси ва суд тизимининг мустақиллигини ошириш молиявий назоратни кучайтиришга, шартномалар бажарилишига ва бизнес шароитларига ижобий таъсир кўрсатади.

Миссия Ўзбекистон расмий идораларига, манфаатдор ташкилотлар ҳамда хусусий сектор вакилларига меҳмондўстлик, конструктив мулоқот ва IV моддага мувофиқ маслаҳатлашувларда самарали ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдиради.

 

Ўзбекистон: айрим иқтисодий кўрсаткичлар 2021–2025 йиллар

 

2021

2022

2023

2024

2025

 

 

 

 

прогноз

Миллий даромад

 

    ЯИМ реал ўсиш суръати (% ўзгариши)

7,4

5,7

6,0

5,4

5,5

    Номинал ЯИМ (трлн сўм)

738

897

1067

1267

1505

Аҳоли жон бошига ЯИМ (АҚШ доллари)

2014

2301

2523

2692

2959

Аҳоли сони (млн)

34,6

35,3

36,0

36,9

37,7

Нархлар

(% ўзгариши)

Истеъмол нархлари индекси, ИНИ (йил якунига) 1/

10,0

12,3

8,8

11,5

8,7

ЯИМ дефлятори

13,5

14,9

12,2

12,7

12,6

Ташқи сектор

(ЯИМ нисбатан улуши, %)

Жорий ҳисоб баланси

-7,0

-3,5

-8,6

-7,6

-7,1

Ташқи қарз

57,6

54,6

61,3

60,9

59,1

 

(Даража)

Алмашув курси (давр якунига, сўм/АҚШ доллари)

10838

11225

12339

……

…..

Реал самарали валюта курси (ўртача, 2015 = 100, кўрсаткичнинг пасайиши = қадрсизланиш)

65,3

61,6

58,4

……

……

Давлат молияси

(ЯИМ нисбатан улуши, %)

Консолидациялашган бюджет даромадлари

27,7

32,0

30,1

30,5

30,6

Консолидациялашган бюджет харажатлари

33,2

36,0

35,6

34,5

33,6

Консолидациялашган бюджет баланси

-5,5

-4,0

-5,5

-4,0

-3,0

 

 

 

 

 

 

Аниқлик киритилган бюджет даромадлари 2/

25,9

30,8

29,2

29,2

29,2

Аниқлик киритилган бюджет харажатлари 2/

30,5

34,8

33,8

32,4

31,6

Аниқлик киритилган бюджет баланси

-4,6

-4,1

-4,6

-3,3

-2,4

 

 

 

 

 

 

Ислоҳотлар учун кредитлар

1,5

-0,1

1,0

0,7

0,6

Умумий бюджет баланси 2/

-6,0

-4,0

-5,5

-4,0

-3,0

 

 

 

 

 

 

Давлат қарзи

35,3

33,9

36,3

35,7

34,7

 

 

 

 

 

 

Пул ва кредит

(% ўзгариши)

Резерв пуллар

28,3

31,4

4,9

8,5

8,8

Кенг маънодаги пул массаси

29,7

30,2

12,2

16,1

18,8

Иқтисодиётни кредитлаш

18,4

21,4

23,2

16,7

18,9

 

 

 

 

 

 

Манбалар: Ўзбекистон расмий идоралари ва ХВЖ мутахассислари баҳолашлари.

1/ Истеъмол нархлари индекси  прогнозида 2024 ва 2025 йилларда энергия нархларининг эълон қилинган ўсишининг таъсирлари инобатга олинган.

2/ ХВЖ ходимлари бюджет даромад ва харажатларини акционер капиталга қўйилмалар, директив кредитлаш ва давлат активларини хусусийлаштириш каби молиявий операцияларни ҳисобга олган ҳолда аниқлик киритади. 2021 йилгача бўлган даврда бюджетнинг умумий баланси консолидациялашган балансга нисбатан салбийроқ эди. 2022 йилдан бошлаб кўрсаткичлар ўртасидаги фарқ йўқолди, чунки расмий органлар хусусийлаштиришдан тушган барча даромадларни молиялаштириш манбаларига киритишни бошлади.  

 На русском

 
 In english 

USD = 12822.98
+13.93
EUR = 13823.17
+57.28
RUB = 131.24
+0.68
GBP = 16618.58
+83.38
JPY = 84.20
+0.99
CHF = 14712.00
+94.8
CNY = 1791.74
+2.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X