Марказий банк вакиллари пойтахтимизда ўтказилган “Молия тенденциялари, финтех ва банклар: фирибгарликка қарши курашиш ҳамда ислом банкини оммалаштириш” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди. Унда Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларнинг банк соҳаси мутахассислари ва экспертлари қатнашдилар.
Халқаро анжуман 3 йўналишга бўлинган ҳолда “Рақамли банклар”, “Молиявий фирибгарликларга қарши курашиш” ва “Ислом банкларини оммалаштириш” мавзуларида давом этди. Панел муҳокамаларида иштирокчилар Ўзбекистонда банк-молия соҳасидаги ўзгаришлар, хусусан, ислом банкларини оммалаштириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, рақамли пулларнинг ҳуқуқий асослари, рақамли банк технологиялари ва хизматлари, бу борадаги сўнгги тенденциялар ва халқаро тажриба хусусида фикр алмашдилар.
Тадбирда шунингдек, пул эволюцияси, молиявий фирибгарлик, уларни бошқариш ва шу йўналишда киберхавфсизликни таъминлашнинг қонунчилик ва меъёрий асослари ҳам муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, тўлов тизими операторлари, банклар ва тўлов ташкилотлари ҳамда Марказий банкда тегишли антифрод тизимларини жорий қилиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
