Марказий банкда Ҳиндистон Миллий тўлов тизими корпорацияси — NPCI вакиллари билан ҳамкорлик масаласида учрашув ўтказилди.
Учрашувда меҳмонлар рақамли тўлов тизимларида Ҳиндистон тажрибаси, NPCI тўлов тизимининг ўзига хос хусусиятлари, оммабоп ва қулай хизматлари, сўнгги технологиялар ва киберхавфсизлик талабларига мослиги хусусида тақдимот қилишди.
Суҳбат давомида томонлар мамлакат тўлов тизимини такомиллаштириш ҳамда киберхавфсизликни ривожлантириш соҳаларида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни ўрнатиш масалаларини муҳокама қилишди.
Шунингдек, NPCI вакиллари бирлашган тўловлар интерфейси Unified Payments Interface (UPI)ини Ўзбекистондаги HUMO ва UZCARD тўлов тизимлари билан интеграция қилиш имкониятига қизиқиш билдирдилар.
Учрашув якунида томонлар юқорида тўхталиб ўтилган мавзулар доирасида ҳамкорлик қилишни давом эттиришга келишиб олишди.
Ҳиндистон Миллий тўлов тизими корпорацияси (NPCI) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
Янгиланган сана: 29 Окт 2024, 17:52