Марказий банк бошқарувининг “Банклар ва банклар гуруҳларининг таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир талаблар тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарори Адлия вазирлигида 2025-йил 21-январда 3427-1-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар банклар барқарорлигини таъминлаш учун банк тизимида мавжуд таваккалчиликларни самарали бошқариш ҳамда таваккалчиликларни бошқаришга доир талабларни Банк назорати бўйича Базел қўмитасининг “Самарали банк назоратининг асосий тамойиллари”га янада мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилди.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ кредит, бозор ва операцион таваккалчиликларини бошқаришга доир талаблар такомиллаштирилди, шунингдек мамлакат таваккалчилиги ва банк портфелида юзага келувчи фоиз таваккалчилигини (ИРРББ) бошқаришга доир нормалар белгиланди.
Хусусан, кредит таваккалчилигини бошқаришда банк кузатув кенгашининг вазифалари, кредит таваккалчилигини бошқаришга оид банк сиёсати ва ички тартибларига доир нормаларга қўшимчалар киритилди.
Шунингдек, банк портфели ва савдо портфели тушунчаларига аниқлик киритилди ҳамда мазкур икки портфел билан боғлиқ фоиз таваккалчиликларини бошқаришнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланди. Бунда, банк портфелида юзага келувчи фоиз таваккалчилиги турлари (номутаносибликлар, базис ва опсион таваккалчилиги), уларни бошқариш усуллари ва уларни баҳолашда қўлланилувчи сценарийлар белгиланди.
Шу билан биргаликда, мамлакат таваккалчиликлари турлари (ўтказмаларга оид таваккалчилик, суверен таваккалчилик, занжир таъсири таваккалчилиги), уларни бошқаришга доир талаблар, шу жумладан банклар томонидан мамлакат таваккалчилигини бошқаришда хорижий мамлакат билан боғлиқ инобатга олиниши лозим бўлган омиллар белгиланди.
Бундан ташқари, мазкур ҳужжатга мувофиқ операцион бардошлилик тушунчаси киритилиб, операцион бардошлиликни таъминлаш тартиби, шу жумладан банк фаолиятини қайта тиклаш ва унинг узлуксизлигини таъминлаш режасига доир талаблар киритилди.
Киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар банкларда таваккалчиликларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
“Банклар ва банклар гуруҳларининг таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир талаблар тўғрисида”ги низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича шарҳ
Янгиланган сана: 24 Янв 2025, 11:24