Марказий банкда журналист ва блогерлар учун “Кредит ахбороти алмашинуви соҳасидаги ўзгаришлар: амалдаги ҳолат ва кутилаётган янгиликлар" мавзусида медиа-мулоқот бўлиб ўтди.
Медиа-мулоқотда жисмоний ва юридик шахсларнинг кредит ахборотини юритиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилаётган кредит соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида маълумот берилди.
Медиа-мулоқотда Марказий банк масъул ходимлари, “Kredit-axborot tahliliy markazi” кредит бюроси МЧЖ ва “CRIF Kredit axborot xizmatlari” МЧЖ раҳбарлари иштирок этишди.
Учрашувда кредит ахбороти таҳлили билан боғлиқ сўнгги ўзгаришлар ҳақида сўз борди. Жумладан, эндиликда жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими расмийлаштирилишининг олдини олиш учун кредит битимини тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин. Кредит битимини тузишни тақиқлаш ёки бундай тақиқни олиб ташлаш тўғрисидаги ариза олинган пайтдан эътиборан кредит бюроси дарҳол уни реестрга киритади.
Медиа-мулоқотда иштирокчилар кредит ахбороти таҳлилига оид янги ўзгаришлар ҳамда кредит бюролари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, кредит ахбороти таҳлили қандай юритилади, кредит тарихи ёмонлашишига сабаб бўладиган омиллар, онлайн фирибгарликлардан ҳимояловчи — “Freeze” хизмати билан боғлиқ ва бошқа саволларига мутахассислардан жавоб олдилар.
“Кредит ахбороти алмашинуви соҳасидаги ўзгаришлар: амалдаги ҳолат ва кутилаётган янгиликлар” мавзусида медиа-мулоқот
Янгиланган сана: 4 Фев 2025, 18:29