Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Жаҳон банки томонидан аҳоли ўртасида рақамли тўловлардан фойдаланишни кенгайтириш, Марказий Осиё мамлакатларида кичик ва ўрта бизнес субъектларининг капиталдан фойдаланишини яхшилаш бўйича давлат сиёсати чоралари ва хусусий капитални сафарбар қилиш стратегияларига бағишланган конференция ташкил этилди. Бу саъй-ҳаракатлар минтақада янги ва янада барқарор иш ўринларини яратишга қаратилган.
Тадбирда Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Марказий банк ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбарияти ҳамда халқаро молия институтлари вакиллари, шунингдек, хусусий сектор етакчилари, жумладан, етакчи финтех компаниялари масъуллари иштирок этди.
Конференцияда сўнгги йилларда Марказий Осиёда кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари яхшиланиб бораётгани ва молиявий инновациялар, жумладан, муқобил кредит скоринги, рақамли кредитлаш ва маълумотларга асосланиб хавфларни баҳолаш, шунингдек, аҳолининг, айниқса, аёл тадбиркорларнинг кредит олиш имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратилаётгани юқори баҳоланди.
Минтақада рақамли тўлов хизматларининг кенгайиши иқтисодиётнинг янги тармоқларида, жумладан, фрилансерлик ва электрон тижоратда иш ўринларини яратишда муҳим туртки бўлиши, бу ёшлар, хотин-қизлар ва қишлоқ аҳолисига қўшимча имкониятлар яратиши, иш топиш учун қулайликларни ҳамда иқтисодий фаоллик даражасини яхшилаши таъкидланди.
Тадбир давомида Жаҳон банки вакиллари томонидан “Европа ва Марказий Осиё минтақасида иқтисодий ўсиш, даромадлар ва бандликни оширишга кўмаклашиш учун молиявий хизматлардан фойдаланиш” (ECA FIN-GROW) номли янги дастур тақдимоти ўтказилди. 2026 йилда ишга туширилиши режалаштирилган мазкур дастур иштирокчи давлатларда жисмоний шахслар, кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун капитал ва рақамли тўловлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг кредит ресурсларидан фойдаланишини ошириш ҳамда натижада янги барқарор иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Замонавий молиявий хизматларни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратилади
Янгиланган сана: 12 Апр 2025, 15:16