Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк томонидан янги таҳрирда ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида”ги Низомга киритилган асосий ўзгаришлар

Янгиланган сана:  6 Май 2020, 12:08
1 Май 2020

Бугунги кунда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиб, унинг ривожи миллий иқтисодиётнинг барқарорлиги ҳамда маблағлар айланишининг тезлашишига олиб келади.

Маълумки, янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги Қонунининг 21-моддасида, Марказий банкка республикамиз ҳудудида нақд пулсиз тўловларнинг амалга оширилиши тартибини белгилаш ваколати юклатилган.

Шунингдек, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши тўловлар ва ҳисоб-китобларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўлиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этди.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан баъзи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ҳамда замон талабларига мослаштириш юзасидан олиб борилган амалий ишлар доирасида "Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида"ги Низом янги таҳрирда ишлаб чиқилган ҳолда Адлия вазирлигида жорий йилнинг 13 апрелида 3229-сон билан давлат рўйхатига олинди.

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқишда барча тижорат банклари ҳамда кенг жамоатчилик, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг таклиф ва мулоҳазалари ҳам ўрганиб чиқилди.

Мазкур Низом "Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги Қонуннинг 33-моддасида келтирилган тўлов ҳужжатлари асосида нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ташкил этишга оид умумий ёндашувлар ва банкларда тўлов ҳужжатлари алмашинувини ташкил этиш, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг тўлов ҳужжатларидан фойдаланиб, нақд пулсиз ҳисоб-китобларини амалга ошириш тартибини белгилайди.

Норма ижодкорлигига оид халқаро стандартларга ҳамда мамлакатимизда идоравий норматив ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига мувофиқ, Низомда асосий тушунчалар таърифлари келтирилган бўлиб, фойдаланувчиларга асосий мазмунни қулай ва осон тушунишга имконияти яратилди.

Бундан ташқари, ушбу Низомда банклар амалиётида нақд пулсиз ҳисоб-китобларда фойдаланиладиган тўлов ҳужжатлари турлари келтирилиб, уларни расмийлаштириш ва банкларга тақдим этиш тартиби батафсил ёритилди.

Жумладан, халқаро тўловлар қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ, тўлов ҳужжатлари олинган пайтдан эътиборан икки операция кунидан кечиктирмай бажарилиши белгилаб қўйилди. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатда халқаро тўловларни амалга ошириш учун банкка тақдим қилинадиган чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби ҳам ёритиб берилди.

Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, янги тушунча – "валюталаш санаси", яъни тўлов ҳужжати асосида пул маблағларини олувчининг ҳисобварағига ўтказиб бериш санаси, яъни тўлов топшириқномасини ижро этиш санаси киритилиб, Қонун 48-моддасига асосан тўлов топшириқномасида кўрсатилган валюталаш санаси тўлов топшириқномаси тақдим этилган санадан эътиборан ўн кундан ошмаслиги кераклиги белгиланди.

Янги таҳрирдаги Низомда қоғоз шаклдаги тўлов ҳужжатлари банк операция куни давомида мижозлар билан ишлаш вақтидан келиб чиқиб қабул қилиниши, электрон шаклдаги тўлов ҳужжжатлари эса мижозлар билан ишлаш вақтидан қатьи назар қабул қилиниши аниқ кўрсатиб ўтилди.

Аккредитив бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиблари халқаро тажриба, банк амалиёти ҳамда Фуқаролик кодекси талабларидан келиб чиқиб такомиллаштирилган ҳолда баён этилди.

Шунингдек, мижозларнинг:

  • масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали юборилган электрон шаклдаги тўлов ҳужжатлари банк ва мижоз ўртасида тузиладиган шартномага асосан идентификация воситалари орқали тасдиқланган ҳолда банк томонидан қабул қилиниши;
  • банк ҳисобварақларига маблағлар кирим қилиниши учун асос бўладиган тўлов ҳужжатлари нусхасини мижозга тақдим этиш тартиби банк ва мижоз ўртасида тузиладиган шартномада кўрсатилиши;
  • солиқлар ва йиғимлар бўйича тўлов топшириқномалари 2-сон картотекадан тегишли солиқ органининг ёзма ёки электрон шаклдаги мурожаати ҳамда суд қарори асосида чақириб олиниши;
  • қоғоз шаклдаги тўлов ҳужжатларининг (тўлов топшириқномаси ва тўлов талабномаси) тақдим этиш тартиби ҳам такомиллаштирилиб, олдинги Низомда мажбурий бўлган уч нусха ўрнига мазкур тўлов ҳужжатларининг икки нусхаси тақдим этилиши белгиланди.

Янги Низомга мувофиқ, банклар томонидан маблағларни тўловчининг банкига кредит ва уларга ҳисобланган фоизлари бўйича муддатида тўланмаган қарзлар, шунингдек, кредитлар ва уларга ҳисобланган фоизлар бўйича муддатида тўланмаган қарзларни кафил бўлган шахсдан ундириш учун акцептсиз тўлов талабномалари тақдим этилиши мумкинлиги қайд этилди.

Акцептли тўлов талабномасини акцептлаш муддати, мижознинг ҳудудий жойлашувидан қатъи назар, талабнома тўловчига топширилган кундан кейинги кундан бошлаб беш операция куни ёки тўловчининг асосли аризаси билан мурожаат қилинганда ўн операция куни этиб белгиланди.

Эндиликда тўлов талабномалари қоғоз шаклда ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.

Бундан ташқари, акцептли ва акцептсиз тўлов талабномаларининг 2-сон картотекадан ҳисобдан чиқарилиши ҳамда ижро этилмасдан қайтариб юборилиши суд қарорига, маблағларни олувчининг аризасига ҳамда маблағларни олувчининг фаолияти тугатилганлигини тасдиқловчи маълумотномага асосан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси талабларидан келиб чиқиб, солиқ органлари томонидан инкассо топшириқномаларини тақдим этиш тартибларига ўзгартиришлар киритилди.

Молия вазирлиги томонидан инкассо топшириқномаларини тақдим этиш орқали тўловчиларнинг ҳисобварақларидан маблағларни ундириб олиш ҳолатлари ҳам амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқ равишда ўз аксини топди.

Ушбу Низомда инкассо топшириқномалари билан ҳисоб-китоблар тартиби соддалаштирилиб, инкассо топшириқномаси маблағларни тўловчи ёки олувчининг банкига қоғоз ёки электрон шаклда тақдим этилиши мумкинлиги белгиланди.

Таъкидлаш ўринлики, инкассо топшириқномаси нафақат ундирувчининг аризаси ва суд қарорига асосан, балки тўловчи тугатилганлигини тасдиқловчи маълумот асосида ҳам бекор қилиниши мумкин.

Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Низомдан:

- ҳозирги кунда тижорат банкининг ҳисоб-китоб чеклари тўлов инструменти сифатида ўз аҳамиятини йўқотганлиги ва амалиётда бир неча йиллардан бери қўлланилмаётганлиги ҳамда "Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги Қонунда тўлов ҳужжатлари рўйхатида мавжуд эмаслиги сабабли ушбу тўлов ҳужжати билан амалга ошириладиган ҳисоб-китобларга оид қоидалар;

- "Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги Қонунда банк картасини электрон тўлов воситаси сифатида эмиссия қилиш, ундан фойдаланиш тартиби батафсил ёритилганлиги, шунингдек, банк картасининг муомалада бўлиши бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ёритилганлиги муносабати билан банк картаси орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби;

- Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий тўловларни ундириш учун, дебиторларнинг банк ҳисобварақларига ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасини илова қилган ҳолда, солиқ тўловчининг солиқ қарзи суммасини ундириш учун ва қонунчиликда назарда тутилмаган бошқа ҳолларда инкассо топшириқномаларини тақдим этиш нормалари чиқариб ташланди.

Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг такомиллашуви ва ривожланиши натижасида банкларда ҳисоб-китобларни ташкил этиш самарадорлигининг янада ошишига, операцион харажатларнинг камайишига ҳамда пул маблағлари айланишининг тезлашишига эришилади. Умуман олганда, ишлаб чиқилган Низом республикамизда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тартибини белгиловчи ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

USD = 12620.09
+19.95
EUR = 13599.41
-42.76
RUB = 136.73
+0.81
GBP = 15892.48
-16.46
JPY = 83.33
+0.09
CHF = 13926.38
+8.19
CNY = 1745.42
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X