Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Журналист ва блогерлардан келган саволларга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки жавоблари

Янгиланган сана:  22 Апр 2022, 08:50
21 Апр 2022

Марказий банк Бошқаруви йиғилиши олдидан журналист ва блогерлардан электрон манзил орқали келиб тушган кўплаб саволларга мутахассисларимиз томонидан умумлаштирилган ҳолда жавоблар тайёрланди.


– Бугун Ўзбекистонда инфляция даражаси қанчалик барқарор? Ташқи геосиёсий вазиятнинг Ўзбекистондаги инфляцияга таъсири қандай бўлмоқда?

– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инфляция даражаси пасаювчи динамикага эга бўлди. Хусусан, 2021 йил якуни бўйича инфляция даражаси 10 фоизгача пасайган бўлса, жорий йил март ойи якунида йиллик 10,5 фоизга тенг бўлди. Марказий банк пул-кредит сиёсатини инфляцион таргетлаш режимига ўтказиш доирасида инфляция даражасини 2023 йил якунига қадар 5 фоизгача пасайтиришни мақсад қилган.

Жаҳон бозорида озиқ-овқат товарлари, энергия ресурслари ва хомашёлар нархининг қимматлашиши импорт инфляцияси орқали бизга ҳам ўз таъсирини ўтказади, албатта.

Йил бошида амалга оширилган макроиқтисодий прогнозларда йил якуни бўйича инфляциянинг 8-9 фоизгача пасайиши кутилган эди. Бироқ, юзага келган ташқи хатарлар ва ноаниқликлар фонида Марказий банк инфляция даражасининг 12-14 фоизгача тезлашиши мумкинлигини ҳамда 2023-2024 йилларда бир маромда пасайиб бориши прогноз қилмоқда.

Бундай шароитда Марказий банк иқтисодиётда қатъий пул-кредит шароитларини таъминлаш орқали монетар омилларнинг инфляция даражасига таъсирини минималлаштириш ва ўрта муддатли истиқболда (2023 йилнинг охири ва 2024 йилнинг биринчи ярмида) инфляцияни ўзининг мақсадли кўрсаткичига (5 фоизлик таргетига) қадар пасайтиришга асосий эътиборни қаратади.

 

– Ҳозирги шароитда миллий валютамиз сўмнинг етакчи хорижий валюталарга нисбатан курси қандай бўлади, ташқи хатарлар ва ўзгаришларни ҳисобга олиб қисқа ва ўрта муддатли прогнози борми? Марказий банк ташқи омилларни ҳисобга олиб сўм курсининг кескин девальвация бўлишини олдини олиш бўйича қандай чора-тадбирларни амалга оширмоқчи?

– Марказий банк миллий валюта алмашув курси прогнозини амалга оширмайди. Сўмнинг алмашув курси ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф асосида шаклланиб боради.

Жорий йилнинг дастлабки чорагида, айниқса, март ойининг биринчи ярмида ташқи хатарлар таъсирида иқтисодиёт субъектларининг девальвацион кутилмаларининг ортиши ҳисобига миллий валюта алмашув курсининг 5 фоиз атрофида қадрсизланди ва қарийб барча қисқа муддатли ўзгаришларни (шокларни) қамраб олди.

Марказий банк алмашув курсининг кескин тебранишларини олдини олиш ва бозорнинг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида “олтин-валюталари нейтраллиги тамойили” доирасида ички валюта бозорида интервенцияларни амалга ошириб боради. Бунда, Марказий банк алмашув курсининг фундаментал трендига таъсир этмайди ва валюта курси ташқи шокларга мослашган ҳолда шаклланиб боради.

Умуман олганда, инфляцион таргетлаш режими доирасида (назарий жиҳатдан ҳам, халқаро тажриба бўйича ҳам) ўрта ва узоқ муддатли истиқболда мамлакатда инфляция даражасининг пасайиб бориши ҳисобига алмашув курси қадрсизланиши ҳам секинлашиб боради.

 

– Субсидия асосида ажратиладиган ипотека кредитларига асосий ставканинг 17 фоизга оширилишининг таъсири бўладими? Тижорат банкларидан олдин олинган ипотека кредитлари бўйича фоизлар асосий ставка ошган тақдирда ҳам ўзгартирмаслик имкони борми?

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 апрелдаги ПҚ-199-сон “Марказлашган манбалар ҳисобидан ипотека ва таълим кредитлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича фоиз ставкаларини белгилаш тўғрисида”ги қарорида Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ипотека учун ажратиладиган ресурс маблағлари бўйича фоиз ставкаларини 2022 йил якунига қадар, истисно тариқасида, амалдаги фоиз ставкаларида сақлаб қолиниши белгиланган.

Бу эса, ўз навбатида, тижорат банклари томонидан аҳолига бирламчи уй-жой бозоридан хонадон сотиб олиши учун ажратадиган ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкалари жорий йил якунига қадар ўзгармаслигини англатади.

Шунингдек, илгари олинган ипотека кредитлари шартлари эса мижоз ва тижорат банки ўртасида тузилган шартнома асосида белгиланади. Агар шартномада ипотека кредити бўйича фоиз ставкаси асосий ставкага (қайта молиялаштириш ставкасига) боғланган бўлса, асосий ставка ўзгариши улар бўйича фоиз ставкаларининг ҳам ўзгаришига олиб келади.

 

– Марказий банк асосий ставкаси бирданига 3 фоиз бандга оширилганидан кейинги илк йиғилиш. Агар асосий ставка ўзгаришсиз қолса, йилнинг қайси давригача ставкани тушириш ҳақида ўйланди? Бу борада Марказий банкнинг режалари қандай?

– Марказий банк бошқарувининг бугунги йиғилиши қарори билан асосий ставка йиллик 17 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолинди. 2022 йил якунига қадар яна 5 маротаба кўриб чиқиш режалаштирилган бўлиб, навбатдаги бошқарув йиғилиши 9 июнь санасига белгиланган.

Келгуси бошқарув йиғилишларида жорий ташқи геосиёсий вазиятнинг қандай ривожланиши, ташқи ва ички иқтисодий шароитлардаги ўзгаришлар, инфляция динамикаси ва унинг прогнози, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмаларидан келиб чиқиб асосий ставка бўйича қарорлар қабул қилинади.

 

– Ҳозирда янги ва эски банкноталар амалда. Қачон янги банкнотадан тўлиқ фойдаланиш бошланади, яъни эски пуллар қачон муомаладан чиқарилади?

– 2021 йилда дастлаб янги номиналдаги, яъни 2 000 сўмлик ва 20 000 сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилди.

Шунингдек, 2021 йилнинг август ва декабрь ойларидан босқичма-босқич янги кўринишдаги 5 000, 10 000, 50 000, 100 000 сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилди ҳамда ушбу банкнотлар шу номиналдаги эски намунадаги банкнотлар билан параллел равишда муомалада бўлиши, яъни эски намунадаги 5 000, 10 000, 50 000, 100 000 сўмлик банкнотлар тўлов қобилиятини йўқотмаслиги белгиланди.

Бугунги кунда эски намунадаги банкнотлар табиий йўл билан, яъни муомалада бўлиши жараёнида эскирган ва тўловга яроқсиз ҳолга келганлари муомаладан қайтариб олинмоқда. Муомалада айланаётган банкнотлар сони 2,5 млрд. донадан ортиқ бўлса, шундан 201 млн. донадан зиёди 2021 йил намунасидаги банкнотлар ҳисобланади.

Муомалада эски намунадаги банкнотлар салмоғи юқори эканлигини инобатга олиб, уларнинг муомаладан чиқариш муддатлари чекланмаган.

 

– Ўзбекистон сўнгги йилларда Россия Федерациясидан катта миқдорда кредит ресурсларини жалб қилди. Асосан ҳозирда санкцияга тушган банклардан – Газпромбанк, ВТБ, ВЕБ ва бошқалар. Бу банклар йирик иқтисодий лойиҳаларни молиялаштириши лозимлигини ҳисобга олсак, Ўзбекистон санкциялар туфайли бу маблағлардан маҳрум бўлиши хавфи борми?

– Тижорат банкларининг хорижий банклар олдидаги жами мажбуриятлари таркибида қаттиқ санкцияларга тушган банклардан жалб қилинган молиявий ресурслар улуши юқори эмас.

Таъкидлаш жоизки, маҳаллий банклар томонидан қатъий санкцияга тушган банклардан жалб қилинган мажбуриятларини ўз вақтида ва иккиламчи санкциялар хавфини яратмасдан қайтариш бўйича халқаро юридик консалтинг компаниялари жалб қилинган.

Ҳар бир транзакция юридик компаниялар хулосаси асосида амалга ошириш чоралари кўрилди. Бу, ўз навбатида, келгусида йирик иқтисодий лойиҳаларни узлуксиз молиялаштириш мақсадида халқаро молия бозорларидан муаммосиз ресурслар жалб этиш имкониятини яратмоқда.

 

– Марказий банк асосий ставкаси март ойида 17 фоизга оширилганидан сўнг жисмоний шахсларнинг депозитлари бўйича фоиз ставкалари 20,9 фоизгача (+0,5 фоиз банд), юридик шахсларнинг депозитлари бўйича эса 16,2 фоизгача (+0,7 фоиз банд) ошди. Бироқ, кредитлар бўйича фоиз ставкалари
20,2 фоизгача (-1,1 фоиз банд) пасайди. Кредит бўйича фоиз ставкаларининг пасайиши нима билан боғлиқ?

– Март ойида кредитлар бўйича фоиз ставкалар депозитлар бўйича шаклланган фоизлар, банклар томонидан мижозга нисбатан ўрнатиладиган риск учун мукофот, банкларнинг кутилмалари ва бошқа операцион харажатлари билан бир қаторда пул-кредит шароитлари таъсирида шаклланди.

Хусусан, март ойида жами миллий валютада ажратилган кредитлар бўйича фоиз ставкалар 20,8 фоизни, жисмоний шахслар бўйича 21,8 фоизни ҳамда тадбиркорлик субъектлари бўйича 20,2 фоизни ташкил этди.

Бунда, тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича фоиз ставкалари февраль ойидагига нисбатан 1,1 фоиз бандга пасайиши кузатилди. Мазкур ҳолат тадбиркорлик субъекларига ажратилган кредитлар бўйича шартномаларнинг қарийб 80 фоизи Марказий банк асосий ставкаси ўзгаргунга қадар имзоланганлиги билан изоҳланади.

Жорий йилнинг март ойида тижорат банклари томонидан миллий валютада жами 11,1 трлн.сўм, шундан тадбиркорлик субъектларига 4,2 трлн.сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

Марказий банк асосий ставкасининг ўзгариши таъсири иқтисодиётдаги кредитлар бўйича фоиз ставкаларига маълум муддат кечикиш билан таъсир этади.


Асосий савдо ҳамкоримиз бўлган Россия банклари билан халқаро ҳисоб-китоблар қандай амалга оширилмоқда? Россиянинг етакчи банклари СВИФТдан ўчирилгандан кейин бизнинг банкларимизда қандай муаммолар вужудга келди ва улар қандай ҳал қилинади?

– Таъкидлаш жоизки бугунги кунда тижорат банклари томонидан,  мижозларининг Россия ва Беларус давлатларида рўйхатдан ўтган хорижий ҳамкорлар билан тузилган барча экспорт-импорт шартномалари инвентаризациядан ўтказилмоқда.

Шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан ташқи савдо амалиётларни ўтказишда тижорат банклари томонидан санкциялар рўйхати доимий равишда янгиланиб, ўз мижозларига қатъий санкцияларга тушмаган ҳамкорлар ва банклар билан молиявий муносабатларни амалга ошириш бўйича тавсиялар бериб келинмоқда.



– Халқаро тўлов тизимлари Россияда фаолиятини тўхтатиши билан у ердан республикамизга пул ўтказишда қандай муаммолар вужудга келди ва улар қандай ҳал қилинади?

– Март ойининг биринчи ярмида вазиятдан келиб чиққан ҳолда айрим халқаро пул ўтказмалари операторлари фаолиятида вақтинчалик узилишлар ёки тўхталишлар кузатилган эди. Ушбу тўхталишларга ўша пайтда вужудга келган ноаниқликлар сабаб бўлган.

Қайд этиш лозимки, Россия Федерациясидан Ўзбекистонга пул ўтказмаларини амалга оширувчи кўплаб тизимлар йўлга қўйилган бўлиб, баъзи тизимларда узилишлар вужудга келганда уларнинг бошқа муқобилидан фойдаланиш имконияти мавжуд.

USD = 12620.09
+19.95
EUR = 13599.41
-42.76
RUB = 136.73
+0.81
GBP = 15892.48
-16.46
JPY = 83.33
+0.09
CHF = 13926.38
+8.19
CNY = 1745.42
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X