Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг
қиймати 1000 сўм бўлган танга кўринишидаги
пул белгиларини муомалага чиқариш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2022 йилнинг 26 декабридан бошлаб номинал қиймати 1000 сўм бўлган танга кўринишида пул белгилари муомалага чиқарилишини маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг номинал қиймати 1000 сўм бўлган танга кўринишидаги пул белгиси 2 хил рангдаги комбинациядан иборат бўлиб, ички айланаси сариқ рангли мис ва латун, ташқи айланаси кумуш рангли никель қотишмасидан тайёрланган.
Танга диаметри – 26,27 мм., ички диск диаметри – 17,6 мм., қалинлиги – 1,6 мм., оғирлиги – 7,3 гр.
Танганинг олд томонида (аверс) Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган “Ислом цивилизацияси маркази”нинг биноси тасвирланган.
Тасвирнинг пастки қисмида ботиқ ҳолда танга қиймати “1000” рақами ва лотин босма ҳарфларида “so’m” сўзи ёзилган.
Танга орқа томони (реверс) марказида Ўзбекистон Республикасининг Давлат Герби тасвирланган. Гербнинг ташқи айланаси бўйлаб босма лотин ҳарфларида айланасимон кўринишда “O’ZBEKISTON MARKAZIY BANKI” сўзлари ёзилган.
Гербнинг остида танга намунаси тасдиқланган йил – “2022” рақами кўрсатилган.
Танганинг ён қирраси силлиқ ишланган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки шуни алоҳида қайд этадики:
муомалага чиқарилаётган 1000 сўмлик танга кўринишидаги пул белгилари бугунги кунда муомалада бўлган 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнотлар билан бир қаторда (параллел равишда) муомалада бўлади;
яъни, 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотмайди;
шунингдек, янги кўринишдаги ушбу пул белгилари айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт.