Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Раиси М.Б. Нурмуратовнинг 2024 йил 25 апрелдаги Марказий банк бошқаруви йиғилиши натижалари юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманидаги МАЪРУЗАСИ

Янгиланган сана:  25 Апр 2024, 18:52
25 Апр 2024

Бугун Марказий банк бошқарувининг таянч йиғилишида жорий ва кутилаётган ички ҳамда ташқи иқтисодий шароитлар ва улар асосида янгиланган макроиқтисодий прогнозлар батафсил кўриб чиқилди.

Муҳокамалардан келиб чиқиб, асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Ушбу қароримиз қуйидагилар билан изоҳланади.

Биринчидан, иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларга фундаментал монетар омиллар таъсири босқичма-босқич камайиб бормоқда ва 2024 йилнинг биринчи чорагида инфляция пасаювчи динамика хосил қилди.

Умумий инфляция йил бошидан 0,8 фоиз бандга пасайиб, март ойида йиллик 8 фоизни ташкил қилди ва базавий инфляция йил бошида 8,5 фоиздан март ойида 7,6 фоизгача (0,9 фоиз бандга) секинлашди.

Базавий инфляция даражаси умумий инфляциядан пастроқ шаклланаётгани иқтисодиётда инфляцион ҳолат яхшиланиб, монетар омиллар таъсири камайиб бораётганини билан изоҳлаш мумкин. Хабарларинг бор, охирги 2 йилда тескари тенденция, яъни базавий инфляция умумий инфляциядан баланд шаклланиб келган эди.

Ушбу тенденция яхшиланишига нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг таъминланаётганлиги ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

2024 йилнинг I чораги давомида шаклланган инфляция даражасига товарлар гуруҳлари бўйича қаралганда озиқ-овқатлар (йил бошидан 1,9 ф.б.га пасайиб, март ойида 7,8 фоизни ташкил этган) ва ноозиқ-овқатларнинг йиллик инфляцияси (0,5 ф.б.га пасайиб, 7,2 фоиз) секинлашиши умумий инфляциянинг пасайишига хизмат қилган бўлса, хизматлар инфляцияси (0,8 ф.б.га ошиб, 9,5 фоиз) оширувчи таъсирга эга бўлди.

Айрим тартибга солинадиган нархлар ва тарифларнинг оширилиши (совуқ сув, маиший чиқинди учун тўловлар) шароитида хизматлар инфляциясида сўнгги ойларда сезиларли ўсиш кузатимоқда.

Тиббий хизматлар, дори дармонлар ва айрим коммунал хизматлар бўйича солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши маълум бир даражада умумий инфляцияни пасаювчи тенденциясини секинлаштириши мумкин.

Шу билан бирга, ташқи инфляцион босимларнинг камайиши ва жаҳон озиқ-овқат бозорларида нархларнинг барқарорлашиши ҳисобига импорт инфляцияси таъсири камайиб бормоқда.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари бироз пасайган бўлса-да, инфляциянинг жорий ва прогноз даражасидан юқорилигича қолмоқда.

Март ойи якунлари бўйича аҳоли кутилмалари 12,8 фоизни ва тадбиркорларда 12,2 фоизни ташкил этди.

Иккинчидан, тариф сиёсатига май ойидан киритиладиган ўзгартиришлар умумий инфляцион жараёнларга бир марталик оширувчи таъсирга эга бўлиб, ўрта ва узоқ муддатли даврда нархларга фундаментлар хатарлар яратмаслиги кутилмоқда.

Қайд этиш лозимки, тарифлар оширилиши тўғрисидаги муҳокамалар сўнгги уч йилдан бери давом этиб, маълум даражада аҳоли кутилмаларида ўз аксини топишга улгурган бўлиши мумкин. Бироқ, келажакдаги кутилмаларга таъсири бўлмайди деб айтолмаймиз. Албатта, бу ўзгаришлар кутилмаларда акс этади, лекин таъсир кўламини қай даражада бўлиши қўшимча ўрганишларни талаб қилади.

Айни пайтда, бир марталик ижтимоий трансфертлар ҳамда таклиф этилаётган ижтимоий норма ва тўловни кечиктириш имкониятлари ушбу ўзгаришлар таъсирларини юмшатишга хизмат қилади.

Январь ойида сизларга тақдимот қилган макроиқтисодий прогнозларимизда, (базавий сценарийга кўра) тартибга солинадиган нархлар эркинлаштирилиши қисман ҳисобга олиниб, 2024 йил якунига инфляция 8-9 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинган эди.

Май ойида киритилаётган электр энергияси ва газ нархларидаги ўзгаришлар прогнозларимиз даражасидан юқорироқ бўлганлиги ҳамда юқоридаги омиллар ҳисобига, янгиланган умумий инфляция даражаси прогнози 9-11 фоиз доирасида бўлиши тахмин қилинмоқда.

Базавий инфляция кўрсаткичи прогноз доирасида 7-8 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Хабарингиз бор, охирги бир йил давомида инфляцион жараёнларни секинлашишига ва инфляция билан асосий ставка ўртасида тафовутнинг сезиларли кенгайишига қарамасдан асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш орқали пул-кредит шароитларида маълум бир қатъийлик даражаси сақлаб қолинди.

Бугунги кунда пул бозоридаги реал ставкалар 5,5 фоизни ташкил қилмоқда. Нисбатан қатъий шароитлар 3-4 фоизлик реал ставкаларни назарда тутади.

Инфляция даражасининг янгиланган прогнозини ҳисобга олган тақдирда ҳам шаклланаётган пул-кредит шароитлари нисбатан қатъий фазада сақланиб қолади ҳамда келгусида ҳам базавий инфляциянинг барқарор пасайиш траекториясида қолишини ва инфляцияни ўрта муддатда таргет кўрсаткичигача пасайишини қўллаб-қувватлайди.

Учинчидан, иқтисодиётда юқори истеъмол талабини бироз мақбуллашиши ва инвестицион фаолликнинг ошиши прогноз қилинмоқда.

2024 йилнинг I чорагида иқтисодий фаоллик жадаллашиб, ЯИМ реал ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,2 фоизни ташкил этди. Бунда таклиф тарафдан барча тармоқларда ўсиш суръатлари ўтган йилга нисбатан юқорироқ шаклланган бўлса, талаб тарафдан инвестициялар, хусусан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, қулай глобал нарх муҳити шароитида экспортнинг импортга нисбатан юқори ўсиши фаолликни қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлди.

Яна бир ҳолат, 2023 йилнинг сўнгги чорагидан бошлаб иқтисодий фаолликнинг истеъмолдан инвестицияга ўтиш тенденцияси кузатилмоқда.

Хусусан, I чоракда асосий капиталга инвестицияларнинг реал ўсиши 74,5 фоизни ташкил этди. Бу сўнгги бир неча йилги ўртача кўрсаткичдан сезиларли юқоридир.

2023 йил якунлари бўйича асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар реал ҳисобда 22 фоизга ўсган.

Ушбу даврда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2,7 млрд долларни ташкил этиб, инвестициялар ўсишига асосий ҳисса қўшди.

Ўтган йилга нисбатан 2,6 баравар ўсиш, умумий инвестициялар ҳажмининг 31 фоизига етди.

2024 йилнинг биринчи чораги якунига кўра, номинал иш ҳақиниг ўсиш суръати йиллик 19,8 фоизни, инфляцияни ҳисобга олганда реал 9,8 фоизни ташкил этди.

Трансчегаравий пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,6 фоизга ошиб, 2,5 млрд. долларга етди.

Пул ўтказмалари таркибида ўзгаришлар давом этиб, анъанавий давлатлар улуши бироз қисқариб, узоқ минтақалардан ўтказмалар улуши ошиб бормоқда.

Умуман олганда, пул ўтказмалари динамикаси, иқтисодиётда иш ҳақининг ўсиши ҳамда ўзини-ўзи банд қилганларнинг даромадлари ўсиши аҳолининг реал даромадлари ва ялпи талабни ўсишига хизмат қилди (11,5 фоизлик ўсиш).

Ўтган йилнинг сўнгги чораги ва жорий йилнинг ўтган даврида фискал рағбатлантиришларнинг юқори бўлганлиги ҳам иқтисодий фаолликни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлмоқда.

Амалдаги пул-кредит шароитларининг қатъийлик даражаси, ижобий реал бозор ставкаларини таъминлаш орқали иқтисодиётда кредитлаш ҳажмларининг босқичма-босқич мўътадиллашуви ва депозитлар ўсишининг тезлашишида намоён бўлмоқда.

Юқоридаги омиллар таъсирида янгиланган ҳисоб-китобларга кўра, ЯИМ ўсиши йил якунига 5,2-5,7 фоиз оралиғида бўлиши кутилмоқда.

Иқтисодий ўсиш прогнози аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари харажатларидаги таркибий ўзгаришлар ҳисобига келгусида истеъмол талабининг маълум маънода мақбуллаши бўйича кутилмаларни инобатга олиб қайта кўриб чиқилди.

Айни пайтда, юқори инвестцион фаоллик, фискал рағбатлантиришлар ва аҳоли даромадларининг ўсувчи динамикаси ўтган йиллардаги каби жорий йилда ҳам иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлади.

Тўртинчидан, ташқи савдода ўсиш сураътлари давом этмоқда. Реал самарали алмашув курсига нисбатан юқори босимлар кутилмаяпти.

Жорий йилнинг дастлабки чорагида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 15,8 млрд долларни ташкил этди ва ўтган йилга нисбатан
6 фоизга ўсди.

Экспорт ҳажми 6,4 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 10 фоизга ўсган бўлса, олтинсиз экспорт 3,7 млрд долларни ташкил этиб, 9,6 фоизга ўсди.

Импортнинг ўсиш суръати секинлашиб, 3,8 фоизни ташкил этди. Бу асосан, ўтган йилги бир марталик импорт таъсирларини чиқиб кетиши ва озиқ-овқат маҳсулотлари импортини камайиши жаҳонда гўшт, ёғ ва буғдой нархлари пасайиши билан ҳам изоҳланади.

Ушбу тенденция кимёвий маҳсулотлар импортида ҳам кузатилди.

Импорт ўсишининг мақбуллашиши, келгусида импорт ва инвестиция мақсадлари учун валюта маблағларига бўлган эҳтиёжни камайтириб алмашув курсига босимни камайтириши тахмин қилинмоқда.

2024 йил I чорагида экспорт ва импорт динамикаси таъсирида сўм алмашув курси девальвацияси йил бошига нисбатан 2,3 фоизни ташкил этди.

Миллий валютанинг долларга нисбатан курси динамикаси, мамлакатимизнинг 2023 йилдаги савдо баланси таркибидаги ўзгаришлар таъсирида I чоракда сўмнинг реал самарали алмашув курси 2023 йилнинг декабрь ойига нисбатан 0,9 фоизга қадрсизланди.

Савдо-ҳамкорлардаги жорий иқтисодий тенденциялар ва кутилмаларни инобатга олиб, келгуси ойларда сўмнинг реал алмашув курсига нисбатан юқори босимлар кузатилмаслиги кутилмоқда.

Бешинчидан, пул бозоридаги шароитлар нисбатан қатъий фазада шаклланиб, жамғариш фаоллиги ошиб бормоқда.

Пул бозоридаги фоиз ставкалари динамикаси 2024 йилнинг I чораги давомида асосий ставкага яқин шаклланиб, реал ҳисобда 5,5 фоиз атрофида бўлди.

Жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб Марказий банкнинг операцион механизмига киритилган ўзгартиришлар тижорат банклари томонидан ликвидликни янада самарали бошқаришга имконият бермоқда.

Йил бошидан бошлаб пул-кредит соҳасида бир қанча ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда:

Банк тизимидаги ликвидликнинг таркибий профицити қисқариб, банклараро пул бозорининг ҳажми сезиларли даражада ошмоқда.

Пул бозори умумий ҳажми ўтган чоракка нисбатан 1,5 баробарга ошди.

Айни пайтда пул бозори умумий ҳажмининг ЯИМга нисбати 2020 йилдаги 5 фоиздан 2023 йил якунида 36 фоизгача кенгайди.

Асосий ставка билан пул бозори ставкалари ўртасидаги боғлиқлик даражаси кучайиб, трансмиссиянинг қисқа муддатли пул нархига самарадорлиги ошиб бормоқда.

2020-2022 йилларда фоиз ставкалар коррелация коэффициенти 0,67 ташкил этган бўлса, 2023 ва 2024 йилнинг ўтган даврида 0,9 гача ошди.

Кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари март ойида 23,6 фоизни ташкил этиб, декабрь ойидаги кўрсаткичга нисбатан 0,4 фоизга паст шаклланди.

Депозитлар бўйича фоиз ставкаларнинг инфляцион кутилмаларга нисбатан ҳам, девальвацион кутилмаларга нисбатан ҳам юқори шаклланиши, аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари қолдиғи йил бошидан 12,9 фоизга ошишига (37 трлн сўм) муҳим омил бўлди.

Жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкалари март ойида 21,4 фоизга тенг бўлди.

Миллий валютадаги депозитлар бўйича юқори реал фоиз (7 фоиз атрофида) ставкалари шароитида банк депозитлари ҳажмининг юқори ўсиш суръатлари жорий йилда ҳам сақланиб қолиши кутилмоқда.

Умуман олганда, жорий йилда ҳам инфляцион таргетлаш режими доирасида макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган ёндашув давом эттирилади.

Асосий ставка бўйича келгуси қарорларни инфляциянинг янгиланган прогнозлари ва кутилмалардан келиб чиқиб қабул қиламиз ва инфляциянинг 5 фоизлик таргет кўрсаткичига эришиш учун зарур пул-кредит шароитларини таъминлаб борамиз.


USD = 12599.92
-25.26
EUR = 13510.89
+5.73
RUB = 144.48
-2.14
GBP = 15962.84
-10.54
JPY = 78.92
-0.53
CHF = 14108.07
-40.96
CNY = 1735.60
-3.09
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X