Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Раиси М.Б. Нурмуратовнинг 2024 йил 31 октябрдаги Марказий банк бошқаруви йиғилиши натижалари юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманидаги МАЪРУЗАСИ

Янгиланган сана: 31 Окт 2024, 17:55
31 Окт 2024

Бугун Марказий банк Бошқарувининг таянч йиғилишида иккита масала кўриб чиқилди.

Биринчи масалада Марказий банкнинг асосий ставкаси муҳокама қилиниб, иқтисодиётда шаклланган макроиқтисодий ҳолат ва кутилмалардан келиб чиқиб, у йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди;

Иккинчи масала, Марказий банкнинг стратегик ҳужжатларидан бири ҳисобланган “Пул-кредит сиёсатининг 2025 йил ва 2026-2027 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари” концептуал жиҳатдан маъқулланди.

I. Асосий ставка даражасининг ўзгаришсиз қолдирилиши қуйидаги омиллар билан изоҳланади.

Биринчидан, инфляцион жараёнлар турли йўналишда шаклланаётганига қарамасдан, умумий инфляция даражаси йил якунида Марказий банк прогнозлари доирасида шаклланиши кутилмоқда.

Хусусан, сентябрь ойида инфляция йиллик 10,5 фоизни ташкил этиб, сўнгги чоракда деярли ўзгаришсиз қолмоқда.

Инфляциянинг шаклланишига базавий инфляция тезлашиши оширувчи ҳисса қўшган бўлса, мева-сабзавотлар нархларининг йиллик ҳисобда арзонлашгани пасайтирувчи таъсирга эга бўлди.

Энергия тарифлари оширилиши таъсирини истисно қилганда умумий инфляция йиллик 6,9 фоизга тенг бўлди.

Базавий инфляция динамикаси:

·        юқори истеъмол талаби;

·        ёқилғи-энергия ресурслари нархлари эркинлаштирилишининг хизматлар нархларига иккиламчи таъсири ва;

·        айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашиши таъсирида ўсувчи трендга ўтиб, сентябрда йиллик 7,1 фоизга етди.

Базавий инфляциянинг асосий компонентлари таркибига кирувчи айрим маҳсулотлар ва хизматлар нархларида умумий инфляциядан юқори ўсиши кузатилмоқда.

Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларнинг келгусида ёқилғи-энергия ресурслари ҳамда коммунал хизматлар нархлари ўзгариши бўйича хавотирлари сўнгги ойларда уларнинг инфляцион кутилмаларини бироз ошишига олиб келди.

Маълумот учун: аҳоли ва тадбиркорларнинг келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмалари сентябрь ойида мос равишда 13,3 ва 12,6 фоизни ташкил этиб, инфляциянинг жорий ва прогноз даражасидан юқорилигича қолмоқда.

Инфляцион кутилмалар ва базавий инфляциянинг ўсувчи динамикаси иқтисодиётда инфляцион босимлар сақланиб қолаётганидан далолат беради.

Шу билан бирга, жорий йилда қулай иқлим шароитлари ҳисобига мева ва сабзавотлар нархларида сезиларли пасайиш кузатилди. Сентябрь ойида ушбу гуруҳда 11 фоизлик дефляция қайд этилиб, озиқ-овқат товарлари инфляциясининг барқарор пасайишига сезиларли ҳисса қўшмоқда.

Истеъмол саватидаги нархи 5 фоизгача ошган товар ва хизматлар улуши (сони ва вазни бўйича) бироз пасайишдан сўнг сентябрь ойидан (мос равишда 40,4 фоиз ва 35,1 фоиз) ўсувчи динамикага қайтмоқда.

Базавий инфляциянинг барқарор пасайишини таъминлаш учун нархи 5 фоизгача қимматлашган товар ва хизматлар улушининг (35,1 фоиз) барқарор ошиб бориши маълум давр давомида узлуксиз бўлиши талаб этилади.

Октябрь ойида кунлик ва ҳафталик кузатувларимизга кўра, нархлар анча барқарор бўлди ва йиллик инфляция маълум даражада пасайиши мумкин.

Таҳлиллар ва кузатув натижаларига кўра, жорий йилнинг IV чорагида инфляцион жараёнларнинг маълум даражада пасайиши ҳамда йил якунида умумий инфляциянинг 9,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Иккинчидан, юқори истеъмол ва инвестиция фаоллиги таъсирида барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари сақланиб қолмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 9 ойлик якунлари бўйича ЯИМнинг реал ўсиши 6,6 фоизга етди. Иқтисодий ўсишни асосан, хорижий инвестициялар ва аҳоли даромадларининг юқори ўсиш суръатлари қўллаб-қувватламоқда. Деярли барча асосий тармоқларда иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари Марказий банк прогнозларидан юқорироқ шаклланган.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 9 ойда инвестициялар йиллик 31 фоизга, шундан, марказлашмаган инвестициялар 35 фоизга кўпайди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 1,6 баробарга ошиб, 8 млрд. долларга етди.

Меҳнат бозоридаги жорий ҳолат ҳам, хусусан, хизматлар соҳасидаги қўшимча бўш иш ўринларининг ортиши ялпи талабнинг ошиб бораётганидан далолат бермоқда.

Ташқи иқтисодий шароитларнинг қулай шаклланаётгани, олтинсиз экспорт ҳажмининг умумий импортга нисбатан юқорироқ ўсишини (15,5 фоиз ва 5,2 фоиз) қўллаб-қувватламоқда.

Иқтисодий ривожланишнинг ушбу тенденцияларидан келиб чиқиб, 2024 йилда ЯИМнинг реал ўсиши 6,0-6,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Учинчидан, аҳолининг реал даромадларини юқори суръатларда ўсиши ялпи талабга ошиб борувчи таъсир кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойида аҳоли даромадлари реал ҳисобда 7,7 фоизга ошиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичларга (3,5 фоиз) нисбатан 2 баробардан юқори бўлди.

Бунда, ўртача ойлик иш ҳақи (16,5 фоиз) ва трансчегаравий пул ўтказмаларининг юқори суръатларда ўсиб бораётгани (34,8 фоиз) даромадлар ошишининг асосий омилларидан бўлмоқда.

Ушбу ҳолат иқтисодиётда товар ва хизматларга бўлган ялпи талабни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Ўз ўрнида, Марказий банк хулосалари учун ялпи талаб ўсишига мос равишда таклифнинг ҳам ошиб бориши муҳим ҳисобланади.

Акс ҳолда, талаб ва таклиф ўртасида номутаносиблик иқтисодиётдаги нархлар даражасига оширувчи таъсир кўрсатиши мумкин. Бу эса, нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш бўйича асосларни кучайтирмоқда.

Тўртинчидан, иқтисодиётда жамғариш фаоллигини қўллаб-қувватловчи пул-кредит шароитлари таъминланмоқда.

Пул бозори фоиз ставкалари ва давлат қимматли қоғозлари даромадлилиги бўйича фоиз кўрсаткичлари ҳамда аҳоли депозитлари ва кредитлари билан боғлиқ миқдорий кўрсаткичлар инфляцияни пасайтирувчи шароитларга мос шаклланмоқда.

Хусусан, чакана кредитлар қолдиғининг йиллик ўсиши ўтган йил сентябрдаги 54 фоиздан жорий йил 1 октябрь ҳолатига 22 фоизгача пасайди. Аҳолининг сўмдаги муддатли депозитларида эса йиллик 1,6 баробарлик юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолмоқда.

Бундан ташқари, олтинсиз экспорт ҳажми (15,5%) ва трансчегаравий пул ўтказмаларининг (34,8%) юқори суръатларда ўсиши ички валюта бозорида мувозанатни таъминлаб, миллий валютада жамғаришни янада рағбатлантириш ва нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш имконини бермоқда.

Жорий пул-кредит шароитлари шахсий истеъмолни мувозанатлаштириш ва жамғариш фаоллигини ошириш орқали, инфляциянинг монетар омилларини жиловлашга ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ушбу таҳлил ва хулосаларга асосланиб Бошқарув асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди.

II. Пул-кредит сиёсатларининг 2025 йил ва 2026-2027 йилларга мўлжалланган асосий йўналишлари

Пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари:

·        жорий макроиқтисодий шароитларнинг ўрта муддатли истиқболдаги ривожланиши бўйича Марказий банк қарашларини ифодалаб,

·        ушбу даврда инфляцияни 5 фоизлик таргетигача пасайтиришга қаратилган пул-кредит сиёсати чораларини белгилайди.

Келгуси уч йиллик давр мобайнида мамлакатимиз иқтисодий ривожланиши бўйича Марказий банк прогнозлари ишлаб чиқилди.

Шуни айтиб ўтиш керакки, биз иқтисодиёт кўплаб омилларга боғлиқ бўлган замонда ва муҳитда яшаяпмиз ва ушбу омилларнинг аксарияти бизнинг назоратимиздан ташқарида.

Хусусан, жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар, кутилмаган воқеалар занжири – буларнинг барчаси иқтисодий ривожланишимизга биз кутгандан бошқача таъсир қилиши мумкин.

Шу сабабли, Марказий банк ўрта муддатдаги иқтисодий ривожланиш параметрларини асосий, муқобил ва хатарли сценарийлар асосида ишлаб чиқди.

Пул-кредит сиёсатини юритишда бундай ёндашув бизга эҳтимоли юқорироқ бўлган хатарларни баҳолаш ва кўп томонлама асосланган қарорлар қабул қилишимизга имкон беради.

Бевосита сценарийларни шарт-шароитлари, мазмуни ва йўналишларига тўхталиб шуни қайд этиш лозимки, асосий сценарий ички ва ташқи шароитлар жорий суръатларда ривожланишда давом этиши, хусусан:

§ глобал инфляциянинг пасайиб бориши ва унга жавобан Марказий банклар томонидан фоиз ставкаларининг пасайтирилиши;

§ жаҳонда иқтисодий ўсиш суръатларининг ижобий даражада шаклланиши;

§ халқаро бозорларда хомашёлар нархларининг нисбатан юқори даражада сақланиб қолиши;

§ мамлакатда инвестицион талабнинг ошиб бориши ва таркибий ислоҳотларнинг фаол давом эттирилиши каби шартларга асосланган.

Бу сценарийда нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари ва фискал консолидацияни таъминланиши ҳисобига истеъмол талабининг мақбуллашиши назарда тутилган. Натижада, 2025 йилда иқтисодий ўсиш 5,5-6,0 фоизни ташкил этиб, келгуси йиллардан 6,0-6,5 фоизгача тезлашиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, айрим тартибга солинадиган нархларнинг келгуси йилдаги навбатдаги оширилишини инобатга олиб, инфляциянинг 5 фоизлик таргетига 2026 йилнинг иккинчи ярмида эришиш кутилаяпти.

Табиийки Сизларда нима учун Марказий банк таргетга тезроқ эришиш учун қатъий чоралар кўришда эҳтиёткорона ёндашув олиб бормоқда, деган савол туғилиши мумкин.

Тўғри, таргетга қанча тез эришсак, барқарор иқтисодиётга, унинг келгусида соғлом ривожланишига шароитларни шунча тез яратамиз ва энг муҳими инфляцион кутилмаларни барқарор жиловлашга ҳам эришамиз.

Бироқ, айни пайтда институционал жиҳатдан барқарор шароитлар яратилмасдан туриб, ялпи талабни чекловчи кескин чоралар кўрилган тақдирда, ушбу чоралар иқтисодий фаоллик ва молиявий барқарорликка жиддий хатарлар туғдириши мумкин.

Шу сабабли, жорий шароитлар ва инфляцион омиллардан келиб чиқиб умумий макроиқтисодий барқарорликка салбий таъсир кўрсатмаслик мақсадларида инфляция таргетига эришиш муддати узайтирилмоқда.

Тўғри, юқори инфляция шароитларида ҳам юқори ўсиш кўрсаткичларига маълум бир қисқа муддатли даврда эришиш мумкин. Лекин, бу ўсиш барқарор бўлмайди, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда юқори инфляция албатта ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Буни айрим хорижий давлатлар амалиёти яққол кўрсатиб турибди.

Таъкидлаш лозимки, инфляцияни мақсадли кўрсаткичларгача пасайтириш ва уни ушбу даражада узоқ муддат бардавом бўлишининг ижобий таъсири бутун иқтисодиётда ва ҳаётимизни барча жабҳаларида сезилади.

Чунки, барқарор паст инфляция даражаси узоқ муддатли инклюзив, яъни ҳаммамиз ҳис қиладиган юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш ва камбағаллик даражасини пасайтиришнинг асосий шартларидан ҳисобланади.

Шу жиҳатдан ҳам бизда инфляцияни пасайтириш ва шу орқали камбағалликни қисқартириш муҳитини яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Муҳими ялпи таклифни оширишга қаратилган Давлат сиёсати изчил давом эттирилмоқда. Ҳар бир соҳада бозор механизмларини кенгайтириш бўйича ишлар амалга оширилаяпти. Бу ҳам паст инфляцияни таъминлашнинг муҳим шартларидан ҳисобланади.

Макроиқтисодий ривожланишнинг муқобил сценарийси борасида шуни қайд этиш керакки, асосий сценарийдан фарқли равишда, ташқи хатарларнинг ортиши, шу жумладан, глобал инфляциянинг узоқроқ муддат юқори шаклланиши ва асосий савдо ҳамкорларда иқтисодий ўсишнинг секинлашишини ички иқтисодиётга салбий таъсиридан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.

Бунда, ички талабни қўллаб-қувватлаш асосан фискал рағбатлантиришлар ҳисобига амалга оширилиши назарда тутилган. Натижада, иқтисодий ўсиш асосий сценарийдаги кўрсаткичларда бироз пастроқ даражада, 2025 йилда 5,0-5,5 фоиз, 2026 йилда 5,0-6,0 фоиз доирасида шаклланиши, 2027 йилда эса 5,5-6,5 фоизгача тикланиши тахмин қилинмоқда.

Муқобил сценарийда иқтисодий фаолликнинг маълум даражада пасайиши ва нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақлаб қолиниши эвазига умумий инфляция 2025 йилда 7-8 фоизга, 2026 йилда 6 фоизга яқин бўлиши ва 5 фоизлик таргетигача 2027 йилнинг биринчи ярмида пасайиши кутилмоқда.

Ушбу сценарий шартлари юзага келган тақдирда пул-кредит шароитларини асосий сценарийга нисбатан қатъийроқ шакллантириш, хусусан, асосий ставкани ошириш эҳтимоллари ҳам кўриб чиқилади.

Асосий ва муқобил сценарийларга қўшимча равишда эҳтимоли доим мавжуд бўлган инфляцион хатарларнинг кучайишига асосланган хатарли сценарий ҳам кўриб чиқилди. Бунда,

§ минтақадаги иқлим ўзгаришининг ишлаб чиқариш кўрсаткичларига салбий таъсири;

§ ишлаб чиқаришнинг чекланганлиги шароитида фискал рағбатлантиришларнинг кучайтирилиши;

§ энергия ресурслари таклифининг талабга номутаносиб бўлиши ҳисобига инфляцияни оширувчи таклиф томондан хатарлар эҳтимоллиги инобатга олинди.

Мазкур хатарлар таъсирида умумий инфляция 2025 йилда 8-9 фоиз, 2026 йилда 7-8 фоиз атрофида шаклланиши ва 5 фоизлик таргетга 2027 йилнинг охирида етиши кутилмоқда.

Бу сценарий амалга ошган тақдирда, Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилади ва пул-кредит шароитлари қатъийлаштирилади. Шунингдек, Ҳукумат билан биргаликда инфляцияга номонетар омиллар таъсирини қисқартириш бўйича чоралар янада фаоллаштирилади.

Эътибор берган бўлсангиз, макроиқтисодий ривожланишнинг ҳар қандай сценарийси шароитида ҳам пул-кредит сиёсати чоралари Марказий банкнинг асосий мақсади бўлган нархлар барқарорлигини таъминлашга – инфляцияни 5 фоизлик таргетигача пасайтириш ва ушбу даражада барқарор шаклланишини таъминлашга қаратилган.

USD = 12926.51
-9.17
EUR = 14092.48
-72.09
RUB = 156.00
-2.8
GBP = 16769.56
-49.41
JPY = 86.31
-0.05
CHF = 14715.97
+9.65
CNY = 1786.47
-4.18
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X