Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2023 йилги ҳисоботи тўғрисидаги масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг Ялпи мажлисидаги маъруза матни

Янгиланган сана:  27 Май 2024, 15:09
27 Май 2024

Марказий банкнинг 2023 йилдаги фаолияти “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунда,Президентимизнинг банк тизимини ислоҳ қилишга оид қарор ва фармонларида, ҳамда 2022 йилги Марказий банк ҳисоботи бўйича Олий Мажлис Сенати қарорида нархлар, банк ва тўлов тизими барқарорлигини таъминлаш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига қаратилди.

2023 йилда глобал инфляция жараёнларида секинлашиш кузатилган бўлсада, халқаро молия бозорида ресурслар нархининг қиммат сақланиб қолаётганлиги иқтисодиётимизда юқори инвестицион ва ишлаб чиқариш фаоллигининг ошиб бораётганлиги ва давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлашни давом эттирилиши шароитида инфляцияни жиловлаш ва молиявий барқарорлик билан боғлиқ хатарларни камайтиришга қаратилган ўзаро мувофиқлашган пул-кредит ва макропруденциал сиёсат юритилди.

Ушбу мақсадда 2023 йилда “нисбатан қатъий” пул-кредит шароитлари сақлаб қолинди.

2023 йилнинг I чорагидан бошлаб инфляция даражасининг пасайиш тенденциясига ўтганлиги асосий ставкани 15 фоиздан 14 фоизга (2023 йил март ойида) пасайтириш имконини берди.

Энг асосийси, пул-кредит соҳасидаги чоралар юқори ижобий реал фоиз ставкаларини сақлаб қолинишини таъминлаб, депозит бозорининг чакана сегментида фаолликни оширди.

Хусусан, тижорат банкларидаги миллий валютадаги депозитлар қолдиғи 2022 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошиб, қарийб 170 трлн сўмни ташкил этди.

Жисмоний шахсларнинг депозитлари қолдиғи 1,4 баробарга ўсиб, 64 трлн сўмга, юридик шахсларнинг депозитлари қолдиғи 1,2 баробардан кўпроқ ошиб, қарийб 106 трлн сўмга етди.

Инфляцияга монетар омиллар таъсирини камайтириш мақсадида қисқа муддатли пул-кредит сиёсати инструментларидан фаол фойдаланилди.

Марказий банкнинг ликвидликни тартибга солиш операциялари банк тизимдаги умумий ликвидлик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириб борилди.

Хусусан, Марказий банк томонидан 2023 йилнинг II ярим йиллигида тижорат банкларига кунлик ўртача 1,7 трлн сўмлик ликвидлик тақдим этиб борилди.

Мазкур даврда Марказий банкнинг ликвидликни жалб қилиш операцияларига бўлган талаб нисбатан мувозанатлашиб, I ярим йиллик билан таққосланганда 1,9 баробарга камайди ва кунлик ўртача 2 трлн сўмни ташкил этди.

Истеъмол товарлари нархлари ўзгаришини тезкор кузатиб бориш мақсадида ҳудудлардаги марказий бозорларда асосий турдаги 20 хил истеъмол товарлари нархининг ҳафталик мониторинги, йирик супермаркетлар веб саҳифалари ва интернет дўконларидаги товарлар нархларини онлайн кузатиш (НОК) тизими орқали 1 000 га яқин нархларни тезкор кузатиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.

Нархлар кузатуви бўйича олинган маълумотлар асосида тегишли таклифлар мунтазам равишда ҳукуматга тақдим этиб борилмоқда.

Пул-кредит соҳасидаги ушбу чора-тадбирлар инфляция даражасини юқори суръатларда ўсишини пасайтириб, 2023 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 8,8 фоиз атрофида шаклланди.

Базавий инфляция кўрсаткичи 2023 йил давомида
5,3 фоиз бандга пасайиб 8,5 фоизни ташкил этди.

Базавий инфляциянинг пасайишига бир томондан, ўтган йилги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари бўйича юқори нарх эффектининг чиқиб кетиши, иккинчи томондан, ташқи инфляцион босимларнинг пасайиши ва нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари таъминлангани ижобий таъсир кўрсатди.

Истеъмол нархлари индексининг ўзгарувчанлиги юқори бўлган шароитда базавий инфляцияни паст ва барқарор даражада жиловлаш умумий инфляцияни таргет даражасида бўлишига хизмат қилади.

2023 йилда ички валюта бозоридаги ҳолат борасида шуни қайд этиш лозимки, юқори иқтисодий фаоллик фонида чет эл валютасига бўлган талабнинг таклиф ҳажмидан сезиларли даражада ортиши шароитида шаклланди.

Хусусан, ички валюта бозорида 2022 йилга нисбатан 1,2 баробарга кўп, 33,4 млрд АҚШ доллари сотилди. Cўм алмашув курсининг девальвацияси 9,8 фоизни ташкил этди.

Сўнгги йилларда кузатилаётган глобал молиявий барқарорлик билан боғлиқ хатарлар, мамлакатимиз банк тизими барқарорлигини таъминлашда назорат механизмларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Ушбу мақсадда банкларнинг таваккалчиликларини бошқариш тизимига доир қўшимча талаблар Базел қўмитасининг тавсиялари асосида такомиллаштирилмоқда.

Хусусан, кредит, ликвидлилик, операцион ва бозор таваккалчиликларини бошқариш ҳамда муаммоли активларни аниқлаш ва улар билан ишлаш бўйича талаблар кучайтирилмоқда.

Капитал монандлигини ҳисоблаш методологияси Базель қўмитаси стандартларига мувофиқлаштириш ишлари 2023 йилда ҳам давом эттирилди. Бунда,

– бирлашмаган номолиявий фаолият билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг капиталига киритилган инвестициялар таваккалчилик даражаси 200 фоиз этиб;

– банкларнинг регулятив капитали таркибидаги
I ва II даражали капиталлар улушларини тенг миқдорда
тақсимлаш (эски талаб бўйича II даражали капитал улуши 25 фоиздан ошмаслиги белгиланган);

– субординар қарз маблағларини I даражали капиталнинг 100 фоизидан ошмаган миқдорда ҳисобга олиниши белгиланди.

Бундан ташқари, доимий даромадга ҳамда камида 6 ой давомида банк ҳисобварағида маблағлар айланмасига эга бўлган ўзини ўзи банд қилган шахслар ва кичик тадбиркорлик субъектларига кўрсатилган микромолиявий хизматлар учун таваккалчилик даражаси 100 фоиздан 75 фоизгача пасайтирилди.

Шунингдек, тизимли аҳамиятга молик банкларни аниқлаш услубиётини синовдан ўтказиш якунланди.

Кейинги босқичда эса, тизимли аҳамиятга молик деб эътироф этилган банкларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ пруденциал нормативларга қўшимча устамалар белгилаш масалаларини кўриб чиқилади.

Кредит ташкилотлари томонидан қарз юкини ҳисоблаш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар (микроқарзлар) бўйича тўлов миқдори ва ставкасини ҳисоблашда фоиз тўловларидан ташқари тўланадиган бошқа тўловларни ҳам ҳисобга олиш амалиёти жорий этилди.

Банклар активларини диверсификация қилиш ҳамда аҳолининг қарз юки ошишини олдини олиш мақсадида макропруденциал чоралар кучайтириб борилмоқда.

Хусусан, автокредитлар концентрацияси билан боғлиқ рискларни олдини олиш мақсадида автокредитларнинг таваккалчилик даражасини уларнинг гаров суммасига кўра белгилаш амалиёти жорий этилди.

Банкларда риск-менеджмент ва кредит сифатини баҳолаш борасида вертикал назорат тизими яратилди.

Йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда лойиҳа ташаббускорининг 30 фоиздан кам бўлмаган ўз маблағлари билан иштирок этиши, муаммоли қарздорликлари мавжуд мижозларга кредитлар ажратиш ҳамда кредит муддатларини асоссиз узайтириш ҳолатларига чек қўйиш борасида меъёрий талаблар кучайтирилди.

Йирик таваккалчиликларни бошқариш ва уларнинг банклар молиявий ҳолатига таъсирини ўрганиб бориш мақсадида банкларнинг кредит портфелидаги топ-50 та йирик қарздорларнинг молиявий ҳолатини таҳлил қилиб бориш тизими йўлга қўйилди.

Мониторинг жараёнида аниқланган заифликлар Марказий банк Бошқаруви йиғилишларида муҳокама қилиниб, тегишли кўрсатмалар бериб борилмоқда.

Яшил” молиялаштиришни рағбатлантириш мақсадида ушбу соҳага йўналтирилган кредит маҳсулотлари бўйича макропруденциал талаблар енгиллаштирилди.

– аҳоли учун қуёш фотоэлектрик станциялари, қуёш сув иситгичлари ва бошқа яшил энергия ускуналарини сотиб олишга мўлжалланган Грин продакт (Green product) кредит маҳсулоти ( 406,2 млрд сўм кредитлар ажратилди);

– кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун қуёш панеллари ўрнатиш, электромобилларни зарядлаш станциялари ташкил қилишга мўлжалланган, соддалаштирилган шартлардаги Грин Энержи микролоун (Green Energy Microloan) кредит маҳсулотлари (883,6 млрд сўм кредитлар ажратилди) амалиётга жорий қилинди.

Банклар фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш билан бир қаторда, уларнинг молия бозоридан чиқиши ва тугатилиши механизмларини қонунчилик асосини кучайтириш мақсадида “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси “Халқаро Молиявий барқарорлик кенгаши стандартлари” асосида ишлаб чиқилди.

Унда банкларни санация қилиш мақсадлари ва тамойиллари, санация қилиш воситалари, санация қилишни молиялаштириш механизмлари ҳамда банкларни ихтиёрий ва мажбурий тугатиш тартиби назарда тутилмоқда.

2023 йилда банкларда самарали корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш борасидаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш ишлари ҳам давом эттирилди.

Хусусан, банк устав капиталининг энг кам миқдорини 2025 йилнинг 1 январига қадар 100 млрд сўмдан 500 млрд сўмгача етказиш бўйича “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартишлар киритилди.

Тадбиркорлик муҳитининг янада яхшиланиб бораётганлиги ҳамда муқобил молиялаштириш манбаларининг чекланганлиги шароитида банк кредитларига бўлган талаб юқорилигича қолмоқда.

Ушбу юқори талабни қондириш ва тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадларига 2023 йилда жами 251,4 трлн сўм (2022 йилга нисбатан қарийб 24 фоизга кўп) кредит маблағлари ажратилиб, жами кредит қўйилмалари қолдиғи қарийб 497 трлн сўмга етди.

Тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредит қўйилмалари қолдиғи 15,3 фоизга ўсиб 348,5 трлн сўмни,

аҳолига ажратилган кредит қўйилмалари қолдиғи
2022 йилга нисбатан 47 фоизга кўпайиб, 148,2 трлн сўмни ташкил этди.

(Ипотека кредитлари қолдиғи қарийб 1,3 баробарга ошиб, 58,2 трлн сўмни, микроқарзлар қолдиғи қарийб 1,7 баробарга ошиб, 24,4 трлн сўмни, ва аҳолига ажратилган бошқа чакана кредитлар қолдиғи қарийб 1,6 баробарга ошиб, 66 трлн сўмни ташкил этди).

2023 йилда кредитлар ҳажмининг ўсиши иқтисодиётнинг барча тармоқларида кузатилиб, саноат соҳасида (ўсиш 10,7 фоиз) 140,2 трлн сўмни, қишлоқ хўжалигида (12,3 фоиз) 47,3 трлн сўмни, транспорт ва коммуникация соҳасида (15,7 фоиз) 34,3  трлн сўмни, қурилиш соҳасида (18 фоиз) 12,3 трлн сўмни, савдо ва умумий овқатланиш соҳасида (12,5 фоиз) 32,5 трлн сўмни ташкил қилди.

2023 йилда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 472 мингдан ортиқ лойиҳаларга жами 10 трлн сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилди.

Мазкур имтиёзли кредитлар ҳисобидан, ёшлар
(174 минг лойиҳа) ва хотин-қизларнинг (262 минг лойиҳа) тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадларига, мос равишда 3,8 ва 4,6 трлн сўм йўналтирилди.

Мазкур кредитларнинг 220,6 трлн сўмлик қисми (87,8 фоизи) ички ресурслар ва 30,8 трлн сўми ташқи манбалар ҳисобига ажратилди.

Иқтисодиётга ажратилган кредитларни юқори суръатларда ўсиб бораётганлиги, бир томондан, иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаётган бўлсада, иккинчи томондан, мазкур кредитларнинг маълум бир қисмини белгиланган муддатларда қайтмаётганлиги банкларнинг молиявий барқарорлиги билан боғлиқ хатарларни кучайтирмоқда.

Муаммоли кредитларнинг банк тизими фаолиятига салбий таъсирини олдини олиш ва камайтириш мақсадида банкларнинг кредит портфели сифати мунтазам равишда, сегментларга ажратилган ҳолда таҳлил қилиб борилмоқда.

Ҳисобот йилида банкларга активлар бўйича 13,1 трлн сўмлик қўшимча захиралар яраттирилди ҳамда муаммоли кредитларни захиралар билан қопланиш даражаси 4 фоиз бандга ошиб, 2024 йил 1 январь ҳолатига 85 фоизга етказилди.

2023 йил якунлари бўйича банк тизимида муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши 3,5 фоиз (ўтган йилда 3,6 фоиз) атрофида шаклланди.

2023 йилда Марказий банкнинг таваккалчиликка асосланган банк назорати тизими доирасида 23 та тижорат банкида, жумладан 18 та банкда пруденциал меъёрлар, 17 та банкда тўлов тизимлари, 16 та банкда валюта амалиётлари ва 5 та банкда молиявий мониторинг фаолияти, 15 та нобанк кредит ташкилотида уларнинг умумий молиявий ҳолати билан боғлиқ хатарларни баҳолаш юзасидан тематик инспекциялар ўтказилди.

Текшириш натижалари асосида:

капитал ва ликвидлилик ҳамда банкка алоқадор шахсларга ҳамда кўчмас мулкка қилинган инвестицияларга тўғри келувчи хатарлар тўғрисидаги маълумотларни ҳаққоний акс эттирмаган 16 банкларга нисбатан жарималар, 7 та банкка нисбатан омонатлар жалб қилиш, кредитлар бериш амалиётларига вақтинчалик чеклов ўрнатиш билан боғлиқ чоралар қўлланилди.

Бундан ташқари, тижорат банкларига корпоратив кредитларнинг келгусида муаммога айланиш эҳтимолини вужудга келтирувчи омиллар ҳамда ушбу омиллар оқибатида юзага келиши мумкин бўлган хатарларни камайтиришга доир кўрсатмалар ишлаб чиқилди.

Тўлов тизимлари ишлашининг узлуксизлиги ва инфратузилмасини яхшилаш орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоблар кўламини кенгайтиришга 2023 йилда ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Ғазначилик томонидан хизмат кўрсатиладиган ташкилотларга ҳам харажатларини (иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақаларни банк иш кунига боғлиқ бўлмаган ҳолда) 24/7 режимида онлайн тартибда Тезкор тўловлар тизими орқали амалга ошириш имконияти яратилди ва бу ушбу тизим имкониятидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтирмоқда.

Хусусан, 2023 йилда тадбиркорлик субъектлари жами тўлов ҳужжатларининг 92 фоизини банкка ташриф буюрмаган ҳолда масофадан амалга оширган.

Масофавий банк хизматларидан фойдаланиш кўлами ҳамда чакана тўловлар тизимларининг функционали ва инфратузилмасини кенгайиб бораётганлиги, 24/7 тизимидан фойдаланувчилар ва операциялар ҳажми, тўлов терминаллари орқали тўловлар ҳамда контактсиз тўловлар ҳажмининг ошиб боришида намоён бўлмоқда.

2023 йилда 429 мингта тўлов терминаллари орқали қабул қилинган тўловлар ҳажми 2022 йилга нисбатан
1,4 баробарга ошиб, 254,7 трлн сўмни ташкил этди.

Иқтисодиётда нақд пулсиз тўловларнинг жами товар ва хизматлар учун тўловлар ҳамда пул ўтказмаларидаги улуши 2022 йилдаги 73 фоиздан 76 фоизгача ошди.

Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар кўламларини кенгайиб бораётганлиги аҳолининг банк карталаридан пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ечилиши каби турли ҳолатларни олдини олишга қаратилган киберхавфсизлик чораларини ҳам кучайтиришни тақозо этмоқда.

Бу борада, мобил иловалар орқали пул маблағларини ўтказишда мижозларни биометрик идентификациядан ўтказиш, пул ўтказмаларини тасдиқлаш ва мобил аккаунтларидан фойдаланишда қўшимча хавфсизлик талаблари жорий этиш,мобил иловалардан фойдаланишда кўп факторли аутентификация методларини қўллаш жараёнлари бошланди.

2023 йилда тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш ва тартибга солиш борасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни халқаро стандартларга мослаштириш жараёнлари давом эттирилди.

Ушбу соҳада таваккалчиликларни бошқариш ва тўлов тизимларининг узлуксиз фаолиятини таъминлаш мақсадида муҳим тўлов тизими операторини аниқлашнинг мезонлари белгиланди.

Ҳисоб-китоблар клиринг тизимининг дастурий таъминоти такомиллаштирилиб, аҳолидан коммунал, давлат божлари ва жарималар, давлат хизматлари ҳамда бошқа тўловлар бўйича воситачилик ҳақи олиш амалиёти бекор қилинди.

Банк карталари фойдаланувчилари учун “Humo” ва “Uzcard” банкоматлар тармоғи ўзаро интеграция қилиниб, мазкур банкоматлардан муқобил фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратилди.

2023 йилда молиявий хизматлар оммабоплигини ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ҳамда банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги амалий тадбирлар давом эттирилди.

Банк хизматлари кўрсатиш нуқталари сони ўтган йилга нисбатан 539 тага кўпайиб, 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига 13 761 тага етказилди.

Уларнинг 88 таси банк хизматлари кўрсатиш марказлари билан олдин қамраб олинмаган ҳудудларда фаолиятини бошлади.

Хусусан, ҳудудларда базавий банк хизматларини кўрсатувчи микромолия банкларини ташкил этиш ва микромолия ташкилотларини микромолия банкларига трансформация қилиш механизмини яратиш бўйича тегишли ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилмоқда.

Кредит ташкилотлари томонидан кредит тарихига эга бўлмаган аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини бошлашини рағбатлантиришга қаратилган “Бизнесга биринчи қадам”,

ижобий кредит тарихи шаклланган қарздорларга тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва қўшимча иш ўринларини яратишга қаратилган кредит миқдори табақалаштирилган микромолия банк маҳсулотлари йўлга қўйилди.

Истеъмолчиларнинг банк хизматларидан фойдаланиш бўйича амалиётда дуч келаётган ҳамда Марказий банкка келиб тушаётган мурожаатларда кўп маротаба кўтарилаётган тизимли камчиликларни бартараф этиш мақсадида соҳадаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилиб борилмоқда. Хусусан:

қарздорларнинг кредитлар бўйича амалга оширган тўловлари мажбуриятларни қоплашга етарли бўлмаганда, тўловларни, биринчи навбатда, муддати ўтган қарздорлик ва фоиз тўловларига йўналтириш;

кредит бўйича қарздорликни ундириш ҳақида суд қарори чиқарилганда, фоизлар ва неустойка ҳисоблаш тўхтатилиши борасида Фуқаролик кодексига қўшимчалар киритиш юзасидан Қонун лойиҳаси тайёрланди.

Шунингдек, гаровга қўяётган ёки кафил бўлаётган учинчи шахсларнинг кредит, гаров ёки кафиллик шартномаси бўйича келгусида дуч келиши мумкин бўлган хатарлар тўғрисида банк ходимлари томонидан тушунтириш берилиши лозимлиги белгиланди.

Банклар томонидан истеъмолчиларга субординар қарзни омонат ёки омонатга тенглаштирилган қарз сифатида таклиф этилиши тақиқланди.

Маърузамнинг якунида, 2024 йилда ички ва ташқи омилларнинг инфляцияга ҳамда банк тизими барқарорлигига таъсирини юмшатиш бўйича кўрилиши лозим бўлган чоралар ва олдимизда турган бошқа муҳим масалалар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман.

Юқорида таъкидлаганидек, жаҳонда сўнгги икки йилда пул-кредит шароитларини қатъийлаштириб борилиши глобал инфляцион жараёнларни секинлаштиришга хизмат қилаётган бўлсада, ялпи талаб ва ялпи таклиф ўртасида номутоносибликлар (дисбаланслар) кучайиб бормоқда.

Ушбу ҳолат бир томондан, инфляцион таргетга (5 фоиз) эришиш муддатларимизга салбий таъсир кўрсатса, иккинчи томондан, қондирилмаган ички талаб импорт орқали қопланиб, ички валюта бозорига сезиларли даражада босим ўтказмоқда.

Мазкур мураккаб макроиқтисодий ҳолат қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш билан бирга, ялпи талабни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирларни мўътадиллаштиришни тақозо этмоқда.

Ушбу вазиятда 2024 йилда пул-кредит шароитлари иқтисодиётда базавий инфляция даражасини йиллик 8 фоизгача пасайтириш вазифасидан келиб чиққан ҳолда шакллантириб борилади. Хусусан,

пул-кредит шароитлари 2024 йилда ҳам нисбатан қатъий фазада сақлаб қолинади ва пул бозорида ижобий 4 фоизлик реал ставкалар шаклланиши таъминланади.

асосий ставка бўйича қарорларнинг иқтисодиётдаги фоиз ставкаларига таъсири самарадорлигини ошириш чоралари кўрилади.

Банк тизими барқарорлигини таъминлашда назорат чоралари механизмларини такомиллаштириш мақсадида

2024 йилда Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг Молиявий секторни баҳолаш дастури (FSAP) асосида банклар фаолиятини назорат қилиш тизимини Базел талабларига мувофиқлиги юзасидан баҳолаш ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Қарз юки даражасини ортиб кетиши ва молиявий барқарорликка салбий таъсирини олдини олишга қаратилган макропруденциал сиёсат чоралари кучайтириб борилади.

2024 йил 1 июлдан бошлаб ипотека ва автокредитлар бўйича кредит суммасини гаров суммасига нисбати (LTV) мос равишда 80 ва 75 фоиздан, шунингдек, жисмоний шахсларга ажратилган барча кредит турлари (оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилган кредитлар мустасно) бўйича тўловнинг даромадга нисбати (DSTI) кўрсаткичи 60 фоиздан, 2025 йил 1 январдан эса мазкур кўрсаткич бўйича талаб янада қатъийлаштирилиб 50 фоиздан оширмаслик тартиби амалиётга жорий этилади.

банкларнинг риск-профилини баҳолаш асосида тизимли аҳамиятга эга банкларда кредит, ликвидлилик, операцион ва бозор хатарларига бардошлилиги ҳолати даврий равишда баҳоланиб борилади;

синов тариқасида 4 та банк консолидациялашган назорат тизимига ўтказилади;

банклар фаолиятида содир бўлган муҳим аҳамиятга молик ахборотларни ўз ичига олган институционал таҳлилий маълумотларни шакллантириш тизими жорий этилади;

Марказий банкнинг Иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таваккалчиликларни бошқариш ва назорат қилиш стратегияси (“яшил” стратегияси) ишлаб чиқилади.

Банк тизими фаолиятининг қонуний асосларини янада кучайтириш борасида, “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги, “Банклардаги омонатларни ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги каби банк тизими қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштириш ишлари якунланади.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, Исломий молия стандартлари асосида хизмат кўрсатилишига қонунчилик асосини яратиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда ислом молиясини жорий этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамаси, Президент Администрацияси, Олий Мажлис палаталари билан биргаликда ишлаб чиқилади.

2024 йил давомида иқтисодиётни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадларига 2023 йилга нисбатан 20 фоизга кўп кредит маблағлари йўналтирилиши шундан, тадбиркорлик субъектларини айланма маблағларига бўлган эҳтиёжларини қондиришга 68 трлн сўмлик кредитлар ажратилишини таъминлаш;

банкларни ички ресурс базасини ошириш мақсадида аҳолининг тижорат банклардаги жами депозитлари ҳажмини 1,3 баробарга, миллий валютадаги муддатли депозитларни – 1,5 баробарга ошириш чоралари кўриб борилади.

 

Эътиборингиз учун рахмат!

USD = 12599.92
-25.26
EUR = 13510.89
+5.73
RUB = 144.48
-2.14
GBP = 15962.84
-10.54
JPY = 78.92
-0.53
CHF = 14108.07
-40.96
CNY = 1735.60
-3.09
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X