Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Раиси М.Б. Нурмуратовнинг 2024 йил 25 июлдаги Марказий банк бошқаруви йиғилиши натижалари юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманидаги МАЪРУЗАСИ

Янгиланган сана: 25 Июл 2024, 19:15
25 Июл 2024

Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Ушбу қароримиз қуйидагилар билан изоҳланади:

Биринчидан, охирги ойларда базавий инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайиш динамикаси энергия тарифлари оширилишининг инфляцияга иккиламчи таъсири кутилганидан паст бўлганлигини кўрсатмоқда.

Июнь ойида умумий инфляция йиллик 10,6 фоиз даражасида шаклланиб, инфляциянинг барқарор компонентлари ва мева-сабзавотлар нархларида сезиларли пасайиш кузатилди. Энергия тарифлари ўзгаришисиз умумий инфляция 7 фоизгача пасайди.

Январь-июнь ойларида истеъмол савати таркибидаги 73 фоиздан ортиқ товар ва хизматлар нархлари ошиши аввалги йилга нисбатан паст бўлди. Айниқса, жорий йилда мева-сабзавотлар ўртача нархи ўзгаришининг инфляцияга таъсири сўнгги 4 йилликдаги энг паст кўрсаткични қайд этди.

Жаҳон бозорларидаги нархлар динамикаси ва алмашув курси барқарорлиги импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатишда давом этмоқда.

Хусусан, ушбу омиллар таъсирида базавий озиқ-овқат инфляциясининг йиллик 4,1 фоизгача пасайиши кузатилди.

Озиқ-овқат товарлари инфляциясининг пасайиши ҳамда алмашув курси барқарорлиги аҳолининг инфляцион кутилмаларига ҳам ижобий таъсир кўрсатиб, июнда сезиларли пасайишига олиб келди.

Рақамлар орқали айтадиган бўлсак, аҳолининг инфляцион кутилмалари июнь ойида 12,8 фоизгача (майда – 14 фоиз) ва тадбиркорларда 11,9 фоизгача (майда – 12,7 фоиз) пасайди.

Пул-кредит соҳасида қарорлар қабул қилишда муҳим кўрсаткичлардан ҳисобланадиган базавий инфляция июнда 5,9 фоизгача, йил бошидан 2,6 фоиз бандга пасайди. Бу энергия тарифлари ўзгаришининг умумий инфляцияга иккиламчи таъсирини аввалги баҳоланган даражалардан паст бўлгани билан изоҳланади.

Натижада, инфляция келгуси чоракларда ҳам пасаювчи траекторияда шаклланиши бўйича ишончимиз ошиб бормоқда.

Июль ойининг ўтган 3 ҳафтаси давомида ҳудудлардаги ва онлайн кузатувларимиз ҳам инфляциянинг пасайиш динамикаси сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.

Базавий инфляциянинг пасаювчи тенденцияси ва инфляцион омиллар таъсирининг кутилганидан пастроқ бўлиши ҳисобига 2024 йил инфляция прогнозлари пасайиш томонга қайта кўриб чиқилди.

Йил якунида умумий инфляциянинг 9 фоиз атрофида шаклланиши ва 2025 йил охирида 5 фоизлик таргет даражасига яқинлашиши кутилмоқда.

Иккинчидан, янгиланган прогнозлар бўйича ЯИМ ижобий тафовутининг йил якунигача ёпилиши кутилмоқда.

Иқтисодиётда шаклланган нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари ҳамда фискал тақчилликнинг қисқариб бориши ҳисобига ҳозирги кунда шаклланган 0,5-0,6 фоизлик ЯИМ ижобий тафовутини йил якунига қадар ёпилиши ва инфляцияга оширувчи таъсирини қисқариши кутилмоқда.

Жорий йилнинг I ярим йиллик якуни бўйича иқтисодиёт реал ҳисобда 6,4 фоизга ўсди.

Ишлаб чиқариш саноати (9,4 фоиз), қурилиш ишлари (10,1 фоиз) ва хизматлар (12,9 фоиз) соҳаларидаги юқори ўсиш суръатлари иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи драйверлардан бўлди.

Юқори инвестицион фаоллик, хусусан, тўғридан-тўғри хорижий ва хусусий капитал қўйилмалари ялпи инвестицион талабнинг ошишига хизмат қилмоқда.

Тадбиркорларнинг иқтисодий фаоллиги ва ишбилармонлик кайфияти бўйича индексларда сўнгги икки ойда нисбатан пасайиш кузатилган бўлсада, ижобий натижалар сақланиб қолмоқда.

Меҳнат бозори динамикасини ўрганиш учун муқобил кўрсаткич сифатида бўш иш ўринлари бўйича эълонларни кузатиб борамиз. Апрелдаги юқори кўрсаткичлардан сўнг май-июнь ойларида эълонларнинг камайиши кузатилди.

Буни, бир томондан, мавсумий характерлиги билан, яъни ёз ойларида айрим соҳаларда ишчи кучига бўлган эҳтиёжнинг қисқариши ва бошқа томондан, меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талабнинг маълум даражада мувозанатлашиши билан изоҳлаш мумкин.

Интернет саҳифалари орқали иш излаётганлар сонида йил бошидан пасаювчи динамика давом этди. Мазкур кўрсаткичда ўтган йилларнинг мос даврига нисбатан пасайиш кузатилди.

Учинчидан, ижобий ташқи иқтисодий шароитлари тўлов баланси кўрсаткичларининг яхшиланишига ва алмашув курсининг барқарорлигига хизмат қилмоқда.

Асосий савдо ҳамкорлардаги юқори иқтисодий ўсиш суръатлари ва экспорт хомашё товарларини биржа нархларининг қулай шаклланиши таъсирида олтинсиз экспорт ҳажми 10,9 фоизга кўпайди.

Импорт ҳажми ўсиши мувозанатлашиб, I ярим йиллик якуни бўйича 10,6 фоизга тенг бўлди (ўтган йилнинг мос даврида 17 фоизга ўсган).

Мамлакатга пул ўтказмалари ҳажми 6,5 млрд долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга кўпайди.

Бунда, меҳнат миграцияси географиясининг ўзгариши ва ишчи кучининг мамлакатлараро диверсификациясини давом этаётганлиги натижасида АҚШ (+43%), Германия (+64%), Польша (+93%) ва Жанубий Кореядан (+90%) пул ўтказмалари ҳажмида юқори ўсиш кузатилди.

Ушбу омиллар таъсирида иқтисодиётга валюта оқимининг сезиларли ошиши кузатилиб, сўм алмашув курси нисбатан барқарорлашди. I ярим йилликда сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси 1,8 фоизга қадрсизланди.

Мазкур ижобий тенденцияларнинг давом этиши ҳисобига йил якунида тўлов балансининг жорий операциялар ҳисобварағи тақчиллигининг қисқариши кутилмоқда.

Етакчи давлатлар фоиз ставкаларини пасайтириши бўйича кутилмалар таъсирида глобал молиявий шароитлар юмшай бошлади. Бу эса, иқтисодиёт субъектлари, шу жумладан, тижорат банклари томонидан ташқи ресурс жалб этиш имкониятларини оширади.

Тўртинчидан, пул бозоридаги шароитлар нисбатан қатъий фазада шаклланиб, аҳолининг жамғариш фаоллиги ошиб бормоқда.

II чоракда ҳам “нисбатан қатъий” пул-кредит шароитлари таъсирида пул бозори фоиз ставкалари асосий ставкага яқин, инфляциядан 3-4 фоизлик ижобий тафовут билан шаклланди.

Нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақланиб қолиши ва алмашув курсининг барқарорлиги сўмда жамғариш жозибадорлигини ошириб, аҳоли омонатларида юқори ўсиш суръатларини таъминламоқда.

Аҳоли омонатларининг қарийб 80 фоизи сўмда шаклланган бўлиб, сўмдаги муддатли депозитларида йиллик 1,5 баробарлик юқори ўсиш суръати сақланиб қолмоқда.

Йил бошидан депозитлар ва кредитлар фоиз ставкалари динамикаси турлича кўринишга эга бўлди. Аҳолининг миллий валютадаги омонатлари фоиз ставкаларида кичик ўсиш кузатилган бўлса, кредитлар фоизи сезиларли ўзгаришсиз қолди.

Миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари декабрга нисбатан 0,3 фоиз бандга ошиб, июнда 20 фоизни ташкил этган бўлса, сўмдаги кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 23,6 фоизга тенг бўлди (0,4 фоиз бандга пасайиш).

I ярим йилликда банклар томонидан жами 127 трлн сўмлик кредитлар ажратилди. Ушбу кредитларнинг 64 фоизи юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга берилган бўлиб, ишлаб чиқариш фаоллигини қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади.

Бешинчидан, сўнгги 12 ой давомида энергия тарифларини эркинлаштириш кутилаётганлиги сабабли инфляциянинг сезиларли пасайишига қарамасдан асосий ставкани ўзгаришсиз сақлаб турилди.

Бугунги йиғилишда юқорида айтилган хулосалар асосида Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 13,5 фоизгача пасайтириш бўйича қарор қабул қилди. Ушбу қароримиз
пул-кредит шароитларини қатъийлик даражасига сезиларли таъсир кўрсатмайди ва унинг “чекловчи” характери сақланиб қолади.

Айни пайтда, ушбу қарорни иқтисодиётда базавий инфляциянинг барқарор пасаювчи тренди вужудга келганлигини ва йил якунига қадар инфляциянинг прогноз даражасигача пасайиши учун етарли шароитлар шаклланганлигини эътироф этиш деб, баҳоласак тўғри бўлади.

Асосий ставкани пасайтириш фазасига тўлиқ ўтиши кўп жиҳатдан ўрта муддатли истиқболда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш борасида пул-кредит ва макропруденциал сиёсат доирасида белгиланган чора-тадбирларни тўлиқ амалга ошириш ва уларнинг натижадорлигига боғлиқ бўлади.

Ноаниқликлар ва хатарлар мавжуд шароитда шаклланаётган иқтисодий вазият, инфляция динамикаси ва прогнози, инфляцион кутилмалар ҳамда макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича статистик маълумотларга асосланиб, ҳар бир бошқарув йиғилишида тегишли қарорлар қабул қилиб борилади.

Бунда, асосий мақсадимиз инфляцияни жорий йил якунига қадар 9 фоизгача пасайтириш ва ўрта муддатли истиқболда унинг 5 фоизлик таргетига эришиш ҳисобланади.

USD = 12979.13
-10.87
EUR = 13513.87
-56.78
RUB = 131.22
-0.64
GBP = 15986.39
-74.45
JPY = 83.01
-0.43
CHF = 14306.80
-57.9
CNY = 1781.13
-4.85
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X