Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириш ва йиллик 14 фоиз даражасида белгилаш бўйича қабул қилган қарор бўйича ташкил этилган матбуот анжуманидаги Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовнинг маърузаси

Янгиланган сана:  10 Сен 2020, 19:39
10 Сен 2020

Жорий йилдан бошлаб, Марказий банк Инфляцион таргетлаш режими доирасида фаол коммуникация сиёсатини юритиш, яъни ҳар бир қабул қилинаётган қарорлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка батафсил етказиб боришга асосий эътибор қаратишини таъкидлаган эдик.

Карантин чора-тадбирлари туфайли ўртада 2 та бошқарув йиғилишимиз натижалари бўйича фақат пресс-релиз чоп этиш билан чекландик.

Апрель ойида Марказий банк Бошқарув йиғилишида 2020 йил якунлари бўйича инфляциянинг прогноз кўрсаткичи 1 фоиз бандга, яъни 11-12,5 фоиз оралиғигача пасайганлиги муносабати билан Марказий банк асосий ставкасини 16 фоиздан 15 фоизга туширган эдик.

Бугунги Бошқарув йиғилиши томонидан кун тартибидаги масала юзасидан турли хил муҳокамалар ва тортишувлар асосида Марказий банкнинг асосий ставкасини амалдаги 15 фоиздан 14 фоизгача пасайтириш бўйича қарор қабул қилинди.

Биз бугунги қарорни қабул қилишда, энг аввало, келгуси йил мақсад ва кўрсаткичларидан келиб чиқдик.

Пул-кредит сиёсати бўйича қабул қилинган ушбу қарор иқтисодиётда тўлиқ ўз аксини топиши учун маълум бир муддат талаб этилади.


Қайсидир ўзгаришлар ёки кўрсаткичлар суръатлари 1-2 ой ичида макроиқтисодий жараёнларга таъсир кўрсата бошласа, айримлари 6 ой ва ундан ҳам узоқроқ вақт ичида ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.

  1. Ушбу қарорни қабул қилинишига асос бўлган омиллар қуйидагилар билан изоҳланади.

       Биринчидан, амалга оширган таҳлилларимиз йил сўнгига қадар инфляция прогноз динамикасининг янада секинлашишини кўрсатмоқда.

Бу ўз навбатида, инфляция даражаси пасайиб боргани сари ижобий реал фоиз ставкалар даражасини ҳам бир маромда мақбуллаштириб боришни талаб  этади.

Иқтисодий фаолликнинг секинлашуви шароитида ижобий фоиз ставкаларининг жуда ҳам юқори даражада бўлиши иқтисодиётда ишлаб чиқариш ва инвестицион жараёнларни секинлаштиришга олиб келиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан, ушбу қарор пандемия шароитида инфляцияни пасайтириш ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлашга хизмат қилади, деган умиддамиз.

Жорий йил якунигача инфляцияни кескин оширувчи омилларнинг нисбатан камлиги пул-кредит шароитларини инфляцион хатарларни юзага келтирмасдан юмшатиш имконини беради.

Агар 2019 йил якунида йиллик инфляция даражаси 15,2 фоиз бўлган бўлса, август ойига келиб 11,6 фоизгача секинлашди ва биз белгилаган мақсадли траекториядан паст бўлди.

Ўтган 8 ойдаги инфляциянинг пасаювчи динамикасининг шаклланиши асосан:

  • тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолганлиги;
  • карантин чекловларининг ички талабга ҳамда аҳоли даромадлари ва бандлик даражасига пасайтирувчи таъсири;
  • мева-сабзавотлар нархларининг мавсумий пасайиши;
  • иқтисодиётга кредит қўйилмаларининг ўтган йилга нисбатан секинроқ суръатларда ўсганлиги;
  • валюта курсининг апрель ойидаги девальвациясидан кейинги ойларда барқарорлашуви ва бошқалар билан изоҳланади.

Монетар омиллар нуқтаи-назаридан қарайдиган бўлсак, иқтисодиётда пул таклифини ўсишига олиб келувчи омиллар, яъни кредитларни ўсиши, иқтисодиётга қўшимча ликвидлилик чиқариш суръатлари ўтган йилга нисбатан бирмунча секинлашди. Асосан фискаль табдирлар, хусусан, пандемия шароитида бюджет харажатларининг даромадларига нисбатан юқори суръатларда амалга оширилиши маълум бир жиҳатдан пул массаси ўсишига сабаб бўлди.

2020 йилнинг I ярим йиллигида бюджет харажатлари 64,8 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,7 трлн. сўмга юқори бўлди.

Банкларни кредит ажратиш фаолиятига тўхталиб, 2020 йилнинг 8 ойи давомида тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар қолдиғи 40,7 трлн. сўмга (24,2 фоиз)
ва аҳолига ажратилган кредитлар қолдиғи 10 трлн. сўмга
(25,3 фоиз) ўсганлигини қайд этиш мумкин.

Йиллик инфляция таркибида ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 8 фоизга ва хизматлар тарифлари 7,5 фоизга ўсиб, умумий инфляцияни пасайтирувчи таъсир кўрсатди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи эса 16,8 фоизга, яъни нисбатан юқори суръатларда ўсиб, умумий нархларга оширувчи таъсир кўрсатди.

Яна бир муҳим кўрсаткич – бу иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари жорий йил июль ойидаги ўсишдан сўнг сезиларли даражада пасайди.

Бироқ инфляцион кутилмалар ва амалдаги инфляция ўртасидаги фарқ жорий йил март ойидан буён юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Иккинчидан, асосий ставка ўзгаришининг пул бозоридаги фоиз ставкаларига ижобий таъсири банкларнинг депозит ва кредит муносабатларида намоён бўлмоқда.

Апрель ойидаги асосий ставканинг пасайтирилиши, июль-август ойларида мажбурий захира талабларининг юмшатилиши ва Марказий банк томонидан пул-кредит операцияларининг фаол ўтказилиши шароитида банклараро пул бозоридаги фоиз ставкалари, шу жумладан, узоқроқ муддатли депозитлар бўйича фоиз ставкаларининг сезиларли даражада пасайиши кузатилди.

Сўнгги икки ой давомида икки ҳафталик банклараро депозитлар бўйича фоиз ставкалари Марказий банк фоиз коридори доирасида шаклланди.

Албатта, бунда жорий йилнинг июль ойида мақбул фоиз ставка сиёсати жорий этилишининг ҳам маълум бир таъсири мавжуд.

2020 йилнинг июль ойида жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича фоиз ставкалари 18 фоизгача, юридик шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича эса 15,2 фоизгача пасайди.

Шуни таъкидлаш лозимки, номинал фоиз ставкаларининг пасайишига қарамай, инфляциянинг пасайиши шароитида депозитлар бўйича реал фоиз ставкалари ижобий даражада сақланиб қолди.

Банк тизимидаги депозитлар ҳажмининг пасайиши кузатилмади ва жорий йил январь-август ойларидаги ўсиш 13,6 фоизни ташкил этди.

Миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 20,6 фоизгача пасайди. Хусусан, юридик шахслар кредитлари бўйича фоиз ставкалари йил бошидаги 24,3 фоиздан 19,5 фоизгача, жисмоний шахслар кредитлари бўйича эса йил бошида 28,1 фоиздан 22,3 фоизгача пасайди.

Учинчидан, пандемия шароитида бир қатор макроиқтисодий кўрсаткичларда ўзгаришлар кузатилди.

Бу ўзгаришлар ҳам ички, ҳам ташқи омиллар орқали иқтисодиётимизга таъсир кўрсатди.

Хусусан, ташқи омиллар таъсири ҳам ўтган даврда турли йўналишда бўлди. Экспорт ва импорт ҳажмлари ва халқаро пул ўтказмаларидан тушумларнинг пасайиши кузатилган бўлса, жаҳон бозорида кимматбаҳо металлар (олтин) нархлари ўсиши бюджет даромадлари ва ишлаб чиқарувчиларнинг даромадлари ҳажмига ижобий таъсир қилди.

Жорий йилнинг 7 ойида экспорт ҳажмлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,3 фоизга, импорт ҳажми 17,7 фоизга қисқарди. Мамлакатимизга кириб келган халқаро пул ўтказмалари ҳажми эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 фоизга пасайди.

Ички омиллар борасида шуни қайд этиш лозимки, барча давлатларда кузатилаётгани каби карантин чораларининг жорий этилиши натижасида иқтисодиётимизнинг айрим тармоқ ва соҳаларида фаолият маълум даражада тўхтади. Туризм, хизмат кўрсатиш, транспорт, савдо ва умумий овқатланиш соҳалари фаолияти қисқарди.

Май-июнь ойларида иқтисодий фаолликнинг босқичма-босқич тикланиш тенденциясидан сўнг, июль-август ойларида бир қатор кўрсаткичларнинг маълум бир даражада пасайиши кузатилди.

Жумладан, қурилиш ишлари ҳажмининг ўсиш суръати ҳам январь-июнь ойларидаги 7,3 фоиздан июль ойи якуни бўйича 5,7 фоизгача секинлашди.

Шунингдек, савдо ва пуллик хизматлар соҳасида пул тушумлари ҳажмининг ўсиш динамикаси маълум даражада секинлашди.

Август ойининг дастлабки 15 кунида карантин чораларининг сақланиб қолганлигини инобатга олсак, таҳлилларимиз августнинг иккинчи ярмидан бошлаб иқтисодиётда ижобий томонга ўзгаришлар бошланганлигидан далолат бермоқда.

Бунда албатта, тижорат банкларининг “мижозга йўналтирилган” иш услубига ўтиши ҳам ижобий таъсир кўрсатаётганлигини эътироф этиш мумкин.

Мисол учун, карантин даврига қадар барқарор фаолият кўрсатган жами 217 минг корхоналардан 1 май ҳолатига 118 мингтасининг пул тушумлари кескин қисқарган эди.

Май-июль ойларида мазкур корхоналарнинг 63 мингтасида, август ойида 17 мингта корхоналар пул тушумлари тўлиқ тикланди, яъни пул тушумлари карантинга қадар бўлган ҳажмларга етди.

Бунда карантин даврида корхоналар фаолияти узлуксизлигини таъминлашга қарийб 14,5 трлн. сўмлик револьвер кредитлар ажратилди.

Маълумот учун: жорий йил 1 июль ҳолатига пул тушумлари кескин камайган корхоналар сони 69 705 тани ташкил этган бўлса, 1 сентябрь ҳолатига 37 977 тани ташкил қилди (32,2 фоиз).

Тўртинчидан, пандемиянинг банк тизимига таъсири.

Пандемия шароитлари, хусусан, иқтисодиётнинг реал секторидаги фаоллик пасайиши билан банкларнинг мижозлари молиявий ҳолатига ва бу орқали албатта, банк тизимига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Март ойидан бошлаб, тижорат банклари томонидан кредитлар бўйича 26,5 трлн. сўмлик тўловларнинг муддати жорий йилнинг 1 октябрига қадар узайтириб берилди.  

Бутун дунёда кузатилаётгани каби бизда ҳам банк активлари сифатида ўзгаришлар юз берди. Хусусан, банк тизимида муаммоли кредитларнинг (NPL 90+) улуши йил бошига нисбатан 0,9 фоиз бандга ошиб, 2,4 фоизга этди.

Бунда муаммоли кредитларнинг 77 фоизини корпоратив мижозларга, 23 фоизини эса жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар ташкил этди. Корпоратив мижозлар бўйича (NPL 90+) – 1,85 фоиз, жисмоний шахслар бўйича 0,55 фоиз.

Тўловлари кечиктирилган ва муддати узайтирилган кредитлар жами кредит портфелининг 42 фоизини ташкил этмоқда.

Айни пайтда январь-июль ойларида банкларнинг капитал рентабеллиги даражаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,7 фоидан 10 фоизгача пасайди.

Бу рақамлар унчалик хатарли эмас, замонавий кредитлаш амалиётида вужудга келиши мумкин бўлган нормал кўрсаткичдир.

Бугунги кунда Ўзбекистон банклари етарлича капитал захира билан таъминланган бўлиб, қўшимча 18,4 трлн. сўм миқдорида ёки банк тизимининг кредит портфелини 7 фоизи миқдорида захира шакллантириш потенциалига эга.

Марказий банк томонидан коронавирус пандемиясининг банклар кредит портфели сифатига бўлган салбий таъсирининг олдини олиш ҳамда ликвидлилик хатарини вужудга келтирадиган ҳолатларга бардошлигини баҳолаш мақсадида доимий равишда стресс-тестлар ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига ўтказилган стресс-тест натижалари пул тушуми кескин камайган 10 523 та корхоналар жалб қилган кредитларнинг ўз вақтида тўлиқ сўндирмаслиги натижасида муаммоли кредитларнинг кредит портфелидаги улуши йил якунига қадар 2 баробарга ортиб, 7,6 фоизга (июнь ойидаги стресс-тест натижалари бўйича 8,1 фоиз) етиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Юқорида қайд этганимиздек, бугунги кунда банклар томонидан тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий фаоллигини тиклаш ва шу орқали келгусида муаммоли кредитлар вужудга келишининг олдини олиш мақсадида мижозбай ўрганиб чиқиш ва муаммоларни ҳал этиш бўйича чоралар кўрилиб келинмоқда.

Бунда ҳар бир мижознинг фаолият тури, уларнинг бозори ва молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, улар билан алоҳида индивидуал ишлаш ташкил этилиб, амалий ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда.

Шу ўринда сўнгги пайтларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган масалалардан бири – бу кредитлар бўйича муддати узайтирилган тўловларни 1 октябрдан кейин ҳам яна бир бор кечиктириш масаласидир.

Бу борада таъкидлаш зарурки, Марказий банк томонидан 2019 йилда Жаҳон банки экспертлари кўмагида қарздорларда молиявий қийинчиликлар вужудга келганда, кредит бўйича тўловлар муддатларини узайтиришнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилган.

Мазкур тартибга асосан кредит бўйича тўлов муддатларини узайтириш масаласи банклар томонидан мустақил равишда қарздорнинг пул оқимларидан келиб чиққан ҳолда мижозбай кўриб чиқилиши мумкин.

Сўмнинг алмашув курси динамикаси январь-август ойларида жаҳон иқтисодиётидаги умумий иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви, валюта тушумларининг камайиши ва асосий савдо ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг қадрсизланиши фонида шаклланди.

Натижада валюта курси жорий йилнинг апрель ойида 5,8 фоизга кескин қадрсизланишидан кейин май-август ойларида нисбатан барқарор бўлиб, ўтган январь-август ойларида умумий девальвация даражаси 8 фоиз атрофида бўлди.

Шу билан бирга, келгусида валюта курси ўзининг фундаментал трендига яқин даражада шакллаши ва реал эффектив алмашув курсида жиддий тебранишлар рўй бермаслиги кутилмоқда.

Албатта, бунда ички макроиқтисодий ҳолат билан бирга ташқи дунёдаги иқтисодий ўзгаришлар ҳам муҳим аҳамият касб этади.

  1. Йил сўнггигача ва келгуси йилнинг бошида юзага келиши мумкин бўлган инфляцион хатарлар.

Қисқа муддатли истиқболда иқтисодиётда инфляцияни оширувчи омиллар вазнининг устун келиши кутилмаяпти.

Бу биринчидан, Ҳукуматда жорий йил охиригача тартибга солинадиган нархларни, хусусан, электр энергияси, коммунал хизматлар, жамоат транспорти тарифлари ва бошқа тартибга солинадиган нархларнинг ўзгартириш бўйича режаларнинг муҳокама қилинмаётганлиги билан боғлиқ.

Бундан ташқари, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларида келгуси даромадлари бўйича ноаниқликларнинг мавжудлиги, харажатларни оптималлаштиришнинг хоҳиши ва истеъмолчилар танловларининг ўзгариши фонида аҳоли томонидан, айниқса, бирламчи эҳтиёж тоифасига кирмайдиган маҳсулотларга бўлган талабнинг қисқариши инфляциянинг секинлашишига хизмат қилади.

2021 йилда инфляция бўйича прогнозимиз 10 фоизни ташкил этади. Бунда инфляция даражасига таъсир кўрсатувчи асосий оширувчи омил бўлиб, келгуси йилда амалга оширилиши кутилаётган тартибга солинадиган энергия ресурслари нархларининг эркинлашитирилиши ҳисобланади.

Марказий банк бошқарувининг бугунги қарори ҳам ўз навбатида, 2020 йилнинг қолган 4 ойида ва 2021 йилда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва иқтисодий фаолликни зарур даражада қўллаб-қувватлаш учун муносиб сигнал бўлади.

USD = 10371.76
+7.28
EUR = 12153.63
-101.33
RUB = 133.19
-1.84
GBP = 13393.05
-128.45
JPY = 98.40
+0.24
CHF = 11340.21
-48.08
CNY = 1548.90
+0.41
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X