Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк асосий ставкасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилган Бошқарув йиғилиши якунлари бўйича тезислар

Янгиланган сана:  30 Июл 2021, 11:04
30 Июл 2021

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставка даражасини кўриб чиқиш бўйича навбатдаги таянч йиғилиши ўтказилди ва унда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилинди.

Иқтисодиётга бугунги кундаги молиявий рағбатлантиришларнинг монетар таъсирлари, асосий озиқ-овқат нархлари динамикаси, инфляцион хатарлар ва кутилмаларларнинг юқори даражаси асосий ставкани ошириш томонга кўриб чиқишни тақазо этмоқда.

Лекин, шу билан бирга айрим омиллар, хусусан, ҳали пандемия билан боғлиқ вазиятнинг ноаниқлиги шароитида иқтисодиётни ўсиш суръатларини секинлаштириб қўймаслик яъни тикланаётган иқтисодий алоқаларни узиб қўймаслик ҳам бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.

Шунингдек, 2020 йилда пандемия даврида пул-кредит шароитларини юмшатиш масаласига эҳтиёткорона ёндашилиб, асосий ставкани пасайтиришда унинг инфляцияга нисбатан
2-3 фоизлик реал даражаси сақланиб қолинган эди, яъни асосий ставка инфляция кўрсаткичидан паст даражага тушириб юборилмаган эди. 

Иқтисодий ва инвестицион фаолликни юқори суръатларда ошаётганлиги, ялпи талаб ҳамда мавжуд инфляцион ва девальвацион кутилмалар инфляцион босимни вужудга келтириши мумкин.

Шу билан бирга, иқтисодий ва инвестицион фаолликни жадал ошиши шароитида асосий ставкани кўтарилиши реал фоиз ставкаларига янада оширувчи босим кўрсатиши мумкин.

Таҳлиллар, кредит фоизлари бўйича бугунги кунда шаклланган реал фоиз ставкасидаги маржиналлик (2-3%) мақбул даражада эканлигини кўрсатмоқда.

Умуман олганда, жорий инфляцион вазият нархларга таъсир этувчи ҳам монетар, ҳам номонетар омилларни минималлаштириш бўйича тезкор чоралар зарурлигини кўрсатмоқда.

Шу боис, Бошқарув йиғилишида асосий фоиз ставкасини ўзгартирмасдан пул-кредит инструментлари тўпламини фаоллаштиришга ва уларга бир қатор ўзгартиришлар киритишга қарор қилинди.

Мазкур қарор қабул қилинишига сабаб бўлган омиллар қуйидагилар:

Биринчидан, юқорида қайд этилганидек, инфляцион кутилмалар ҳамон юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Ҳар ойда ўтказиладиган сўровлар натижалари келгуси ўн икки ой учун аҳолининг инфляцион кутилмалари 16,3 фоиз даражасида сақланиб қолмоқда.

Ушбу кутилмалар бугунги кунда Марказйи банкни хавотирга солаётган биринчи даражали масала бўлиб турибди. Мазкур юқори суръатларни доимий хусусият касб этиб қолишига йўл қўймаслик керак. Нархлар борасидаги кутилмаларни пасайишига шароит яратилмас экан, барқарорлик кўрсаткичларига чиқиш қийинлашиб боради.

Ўрганишлар кутилмаларнинг келгуси динамикаси кўпроқ асосий озиқ-овқат товарлари нархларининг барқарорлашуви ва сўм алмашув курси динамикасига мувофиқ тарзда шаклланиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Шу сабабли, кутилмалар динамикаси ва уларни жиловлаш Ҳукумат ва Марказий банкнинг асосий эътиборидаги долзарб масалалардан бўлиб қолади.

Иккинчидан, инфляциянинг жорий динамикаси ҳам Марказий банк кўзлаган даражада эмас.

Моҳиятан бугунги кундаги инфляцион жараёнларда ҳам талаб, ҳам таклиф омиллари мужассамлашганлиги кўринмоқда.

Иқтисодиётга йўналтирилаётган маблағлар иқтисодий фаоллик даражасини қўллаб-қувватлаб нархларга талаб томонидан босим яратаётган бўлса, хизматлар кўрсатиш ва маҳсулот ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва импорти билан боғлиқ масалалардаги узилишлар таклиф томондан нархларни оширмоқда. 

Хусусан, 2021 йилнинг июнь ойи якунлари бўйича йиллик инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этиб, сўнгги тўрт-беш ой давомида деярли ўзгаришсиз қолмоқда.

Нархлар ўзгаришидаги июль ойининг дастлабки уч ҳафтасидаги натижалар жорий ойда ҳам инфляциянинг йиллик 11 фоиз атрофида бўлишини кўрсатмоқда. 

2021 йилда таркибий жиҳатдан инфляцияга энг катта оширувчи ҳиссани озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳидаги нархларнинг юқори суръатларда ўсиши қўшмоқда. Июнь ойида ушбу гуруҳ нархлари йиллик ҳисобда қарийб 15 фоизга ўсиб, умумий инфляцияга 6,2 фоиз бандлик ҳисса қўшди. 

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларнинг нархлари (ўсимлик ёғи, шакар, ун) кўп жиҳатдан жаҳон бозорлари ва ташқи савдо ҳамкорлардаги нархларга боғлиқ тарзда шаклланмоқда. Жорий йилнинг май ойидан ўсимлик ёғлари қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши май-июль ойларида ички бозорларда ёғ маҳсулотлари нархларини барқарорлашига хизмат қилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, май-июль ойлари давомида биз мева ва сабзавотлар нархларида кутилганидек мавсумий пасайиш тенденциялари кузатмадик.

Мазкур ҳолат йил бошидан об-ҳаво шароитлари ноқулай келишининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлиги ва етилиш муддатларига таъсири, қўшни мамлакатлардан мева-сабзавотларга бўлган ташқи талабнинг ўсиши билан изоҳлаш мумкин.

Ноозиқ-овқат ва хизматлар нархларида июнь ойида йиллик ўсиш суръатлари мос равишда 8 фоиз атрофида шаклланиб, умумий инфляцияни прогноз доирасида бўлишига ёрдам берди.  

Айни пайтда, бу гуруҳда ёқилғи маҳсулотлри нархларида юқори ўсиш суръатлари кузатилиб, бир томондан йил бошидан бошлаб нефть нархи ошишига боғлиқ бўлса, иккинчи томондан иқтисодий жараёнларни фаоллашуви шароитида ушбу маҳсулотларга бўлган талабни ошиб боришини ўзида ифода этади.

Учинчидан, мамлакатимизда иқтисодий фаоллик жадаллашиши.

2021 йилнинг иккинчи чорагида мамлакатимизда иқтисодий фаолликнинг биринчи чоракка нисбатан янада жадалроқ суръатларда ошиши давом этиб, иқтисодиётнинг аксарият тармоқларида ўсиш кўрсаткичлари пандемиягача бўлган даражага етди.

2021 йилнинг I ярим йиллигида ялпи ички маҳсулот реал ҳажмда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,2 фоизга ошди. Иқтисодиётда ишлаб чиқариш ҳажмларини тикланиши аҳоли даромадларини ўсишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Иқтисодиётда истеъмол талаби (аҳоли даромадлари) ҳажмининг ўсиб бориши, ўз навбатида, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан
7,7 фоизга, чакана савдо айланмасининг 9 фоизга ошишида ҳам намоён бўлди.

Биринчи ярим йилликда инвестицион талаб тикланиш динамикаси давом этиб, асосий капиталга йўналтирилган марказлашмаган инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга ошди.

Буни, бир томондан ўтган йилнинг мос даврида пандемия таъсирлари, иккинчи томондан охирги 3-4 йилдаги инвестицион муҳитни яхшилаш бу соҳага йўналтирилаётган банк кредитлари ҳажмларини кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси сифатида баҳолаш мумкин.

Умуман олганда, январь-июнь ойларида тижорат банклари томонидан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга кўп кредитлар (79 трлн. сўм) ажратилди.

Кредитлар бўйича қайтувчанлик даражаси 2020 йил I ярим йилликдаги 56 фоиздан жорий йилнинг мос даврида 72 фоизгача ошди.

Мазкур ҳолатни корхона ва ташкилотларда молиявий маблағлар айланмасининг ўз изига тушиб бораётганлиги билан изоҳлаш мумкин.

Йил бошидан ташқи иқтисодий шароитлар анча қулай шаклланди. Жаҳон иқтисодиётида ялпи талаб ҳажмининг тикланиб бориши шароитида асосий хомашё товарлари нархларида ўсувчан динамика сақланиб қолмоқда.

Бу ўз навбатида, экспорт тушумлари ҳамда трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмларининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ўсишига хизмат қилди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида шаклланган ташқи ва ички иқтисодий шароитлар, келгусида кутилаётган тенденцияларни инобатга олиб 2021 йил охиригача макроиқтисодий кўрсаткичларнинг прогнозлари қайта кўриб чиқилди.

Янгиланган прогнозларга кўра, 2021 йил якунлари бўйича ЯИМ ҳажмининг реал ўсиши дастлабки (4,5-5,5 фоиз) прогнозларимиздан 1,0-1,3 фоиз бандга юқори бўлиб, 5,8-6,8 фоиз доирасида бўлиши кутилмоқда.

Прогнозларнинг юқорига кўриб чиқилишининг асосий омиллари бўлиб:

фискал рағбатлантиришлар таъсирида иқтисодий фаоллик ва ялпи талабнинг кутилганидан юқори суръатларда ўсаётганлиги,

йил охиригача ишлаб чиқариш манфий тафовутининг қисқариши,

якуний истеъмол харажатлари ва асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ўсиш суръатларининг ошиши ҳисобланади.

Иқтисодиётга ажратиладиган кредит қўйилмалари ўсиш суръатлари йил якунлари бўйича ЯИМнинг номинал ҳажми ўсиши даражасида бўлиши (16-20 фоиз) прогноз қилинмоқда.

 Пул-кредит инструментларига киритилган ўзгаришлар

II чорак давомида иқтисодиётга йўналтирилаётган маблағлар ҳажмининг ортиши ва банк тизимида ликвидлик таркибий профицитининг ўсиб бориши банклараро пул бозорининг қисқа муддатли сегментида шароитларнинг сезиларли даражада юмшашига олиб келди ва июнь ойида ўртача тортилган фоиз ставкалар 11 фоизгача пасайди.

Uzonia ва Uzwia кўрсаткичлари фоиз коридоридан чиқиб кетиш ҳолатлари кўп кузатилди.

Банк тизимидаги ликвидликни қисқа муддатли тартибга солиш бўйича операцияларимиз ҳажмларини оширилишига қарамасдан, молиявий ресурсларнинг нотекис тақсимланиши пул бозоридаги фоиз ставкаларни Марказий банк фоиз коридоридан четлашишига олиб келмоқда.

Бу, ўз навбатида, пул-кредит сиёсати инструментларига маълум бир ўзгартиришлар киритишни тақозо қилди
ва 2021 йилнинг 1 августидан бошлаб:

  • асосий ставка фоиз коридори +/-2 фоиз банд этиб белгиланади, бунда Марказий банк томонидан қисқа муддатли ресурсларни тақдим этиш 16 фоизлик ставкада, қисқа муддатли ресурсларни жалб қилиш
    12 фоизлик ставкада амалга оширилади;
  • тижорат банклари билан Марказий банкнинг овернайт депозит операциялари доимий равишда чекловларсиз ўтказиб борилади;
  • мажбурий резервлар бўйича ўртачалаш коэффициенти 0,75 дан 0,8 гача оширилади;
  • тижорат банклари томонидан хорижий валютада жалб қилинган депозитлар бўйича мажбурий резервлар нормативи 14 фоиздан 18 фоизгача оширилади.

Бу ўзгаришлардан кўзлаган мақсад пул бозоридаги фоиз ставкаларини асосий ставкага яқин ва фоиз коридори доирасида шаклланишини таъминлашдир.

Хорижий валютадаги депозитлар бўйича мажбурий резервлар нормативларига киритилаётган мазкур ўзгартиришлар, ўз навбатида, депозитларнинг долларлашув даражасини пасайишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Бугунги бошқарув йиғилишида иқтисодиётда нархларнинг, юқорида таъкидланган, ҳам оширувчи ҳам пасайтирувчи омилларини инобатга олиниб, инфляция бўйича 2021 йил учун прогноз кўрсаткичи 9-10 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.

Йиллик инфляция даражасини сентябрь-октябрь ойларига келиб айрим товар гуруҳларидан ўтган йилги юқори база эффектининг чиқиб кетиши ҳисобига секинлашишини кутилмоқда.

Йил охирига қадар инфляция прогнозига пул-кредит шароитларининг нисбатан қатъий сақланиб қолиши, пул-кредит инструментлари тўпламига киритилаётган ўзгартиришлар, валюта бозорида кузатилаётган барқарор тенденциялар, Ҳукумат, тегишли вазирлик ва идоралар билан инфляциянинг номонетар омиллари таъсирини пасайтириш бўйича кўрилаётган чораларни жадаллаштириш орқали эришиш режалаштирилган.

USD = 12620.09
+19.95
EUR = 13599.41
-42.76
RUB = 136.73
+0.81
GBP = 15892.48
-16.46
JPY = 83.33
+0.09
CHF = 13926.38
+8.19
CNY = 1745.42
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X