Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2021 йилги ҳисоботи тўғрисидаги масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг Ялпи мажлисидаги маъруза матни

Янгиланган сана:  29 Апр 2022, 19:07
29 Апр 2022

Марказий банкнинг 2021 йилдаги фаолияти “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунда, Президентимизнинг банк тизимини ислоҳ қилишга оид қарор ва фармонларида ҳамда 2020 йилги Марказий банк ҳисоботи бўйича Олий Мажлис Сенати қарорида нархлар, банк ва тўлов тизими барқарорлигини таъминлаш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига қаратилди.

Марказий банкнинг 2021 йилдаги фаолияти бир томондан, ташқи ва ички талабнинг сезиларли ошиши ва иккинчи томондан, глобал таъминот занжиридаги узилишлар таъсирида инфляцион жараёнларнинг тезлашиши шароитларида амалга оширилди.

Бунда пул-кредит сиёсати монетар омилларнинг инфляцияга таъсирини камайтириш, инфляцияни оралиқ прогноз кўрсаткичларига эришиш мақсадларига қаратилди.

Хусусан, ички ва ташқи макроиқтисодий шароитлар, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмаларидан келиб чиқиб, Марказий банкнинг асосий ставкаси ҳисобот йили давомида йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолинди ҳамда пул-кредит сиёсати инструментларига тегишли ўзгартиришлар киритиб борилди.

Хусусан, Ҳукумат операцияларининг умумий ликвидликка оширувчи таъсирини камайтириш мақсадида Марказий банк облигациялари лимити 5 трлн.сўмдан 15 трлн. сўмгача, депозит аукционлари ҳажми бўйича лимит 400 млрд.сўмдан 4 трлн. сўмгача оширилди.

Банкларнинг пул бозоридаги иштирокини фаоллаштириш мақсадида Марказий банкнинг фоиз коридори ±2 фоиз бандгача кенгайтирилди ва пул бозорида жами 100,4 трлн. сўмлик ёки 2020 йилга нисбатан қарийб 2 баробарга кўп операциялар амалга оширилди.

Ушбу операциялар 2021 йил давомида пул бозори фоиз ставкасининг Марказий банкнинг фоиз коридори доирасида ҳамда пул бозоридаги депозитлар бўйича ижобий реал фоиз ставкаларини шаклланишига, банк тизимидаги ортиқча ликвидликни тартибга солишга хизмат қилди.

Инфляцияга номонетар омиллар таъсирини камайтириш мақсадида Ҳукумат билан биргаликдаги ишлар ҳам давом эттирилди.

Хусусан, истеъмол бозоридаги нархларни ҳафталик ўрганиш асосида, уларга таъсир қилган омиллар ва уларнинг олдини олиш бўйича Марказий банк таклифлари мунтазам равишда ҳукуматга киритиб борилди.

Ички бозорда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари таклифи ҳажмларини ошириш мақсадида тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига ўсимлик ёғи, картошка, гўшт (мол, қўй, парранда гўшти), музлатилган балиқ импорти учун 500 млрд. сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар (йиллик 4 фоиз) ажратилди.

Натижада, 2021 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 10 фоиз доирасида, 2020 йил кўрсаткичига (11,1 фоиз) нисбатан 1,1 фоиз бандга паст миқдорда шаклланди.

Ички валюта бозоридаги амалиётлар борасида шуни қайд этиш лозимки, бозор тамойилларини янада кенг жорий этиш ва тижорат банкларининг валюта бозоридаги иштироки ва ролини ошириш бўйича Президентимиз Фармон ва қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижроси тизимли равишда амалга оширилмоқда.

2021 йилда валюта курсини аниқлашда мавжуд фиксация қилиш – “fixing” усулидан давомли аукцион – “matching” усулига ўтилди.

Тижорат банкларининг мижозлар номидан банклараро валюта савдосида қатнашиш амалиётидан воз кечилди ва уларга (ўз очиқ валюта позициялари) доирасида чет эл валютасини эркин сотиб олиш ва сотиш имкониятлари яратилди.

2021 йилда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг пандемиядан кейинги тикланиши таъсирида валюта бозорида талаб ва таклифнинг бир пайтда ортиши кузатилди.

Хусусан, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан сотиб олинган жами валюта ҳажми 2020 йилга нисбатан 1,4 баробарга ошиб, 21,5 млрд. АҚШ долларини, сотилган валюта ҳажми эса 1,7 баробарга ошиб, 11,0 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди.

Валюта бозорида иштирок этган корхона ва ташкилотларнинг ойлик ўртача сони 2020 йилдаги 7 200 тадан 10 000 тагача кўпайди.

Шунингдек, нейтрал характердаги валюта интервенциялари давом эттирилиб, монетар олтин сотиб олиниши (61,3 трлн. сўм ёки 5,8 млрд. АҚШ долл. эквивалентида) ҳисобига юзага келган қўшимча ликвидликни стерилизация қилиш мақсадида 3,2 млрд. АҚШ (36,2 трлн. сўм эквивалентида) доллари миқдорида интервенция операциялари амалга оширилди.

Умуман олганда, 2022 йил 1 январ ҳолатига олтин валюта захиралари 35,1 млрд. долларга етди (01.01.2021 й. – 34,9 млрд. доллар).

Ҳисобот йилида, Марказий банк фаолиятининг асосий мақсадларидан бири сифатида белгиланган банк тизими барқарорлигини таъминлаш йўналишида ҳам тизимли ишлар давом эттирилди.

Ушбу йўналишда асосий эътибор иқтисодиётнинг молиявий ресурсларга бўлган талабини реал ўсиш суръатлари доирасида қондириб боришга ҳамда банк тизимида молиявий барқарорлик кўрсаткичларини мақбул даражада бўлишини таъминлашга қаратилди.

Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадларига 166,7 трлн. сўм ёки 2020 йилга нисбатан 1,3 баробарга кўп кредитлар йўналтирилди.

Пандемияни иқтисодиётга салбий таъсирларини юмшатиш чора-тадбирлари доирасида 2021 йилда фаолияти тўлиқ тикланмаган 14 647 та хўжалик субъектларининг 21,4 трлн. сўмлик потенциал муаммоли кредитларнинг қайтариш муддатлари такроран 3-6 ойга узайтирилди.

Банк тизимида кредит хатарлари ортишининг олдини олиш мақсадида 2021 йилда банкларнинг 4,1 трлн. сўмлик даромадлари эҳтимолий йўқотишларга қарши захиралар шакллантиришга йўналтирилди.

Таъкидлаш керакки, кредитлаш ўсиш суръатларининг юқори даражада сақланиб қолиши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши билан бирга банк тизимида муоммоли кредитларнинг ортишига ҳам олиб келмоқда.

Бу борада банк тизими кредит портфели таркибидаги муаммоли кредитларнинг банклар молиявий барқарорлигига бўлган салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида банклар ва ҳукумат томонидан тегишли чора-тадбирлар кўриб борилмоқда.

(муаммоли кредитлар улуши 2021 йил якунида 5,2 фоизни (16,9 трлн сўм) ташкил этди).

Натижада, кредитларнинг қайтувчанлик даражаси 2021 йилда 59  фоиздан 71 фоизгача ошди.

Банкларнинг ресурс базаси 2020 йилга нисбатан 66 трлн. сўмга ёки 22 фоизга ўсди.

Хусусан, банк тизими ресурслари таркибида миллий валютадаги узоқ муддатли депозитлар ҳажми 1,8 баробарга ортди.

Макропруденциал сиёсат инструментларини амалиётга фаол жорий этиш ва молиявий барқарорликни таъминлаш доирасида аҳолининг банк кредитлари бўйича қарз юкини мунтазам кузатиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.

Халқаро Базель III стандартларига мувофиқ юқори фоиз ставкаларда ажратилган ҳамда муаммога айланган кредитларга нисбатан 1,5-2 баробар миқдорида капитал буферини шакллантириш талаблари амалиётга жорий этилди.

Тижорат банклари фаолияти турли сценарийларда стресс-тестлардан ўтказилиб, келгусида уларнинг капитали ва ликвидлигига салбий таъсир кўрсатувчи хатарларни камайтириш чоралари кўриб борилмоқда.

2021 йил якунлари бўйича банк тизимида капитал етарлилиги кўрсаткичи 17,5 фоизни ташкил этиб, минимал талабдан (13 фоиз) юқори бўлиши таъминланди.

2021 йилда кредит ташкилотлари фаолиятини масофавий назорат қилиш билан бир қаторда банклар ва уларнинг филиалларида келгусида юзага келиши мумкин бўлган банк хатарларини, яъни молиявий йўқотишларни баҳолаш ёндашувида комплекс ва тематик характердаги текширувлар ўтказиб борилди.

Текширувлар натижаларига кўра:

- банк қонунчилиги талабларини бузганлиги учун 25 та банкка нисбатан 79 та ҳолат бўйича жами 3,7 млрд. сўм миқдорида жарима санкциялари;

- 6 та банкка нисбатан юқори ликвидли активларни қисқаришига олиб келадиган барча актив операцияларни амалга оширилишини вақтинчалик тақиқлаб қўйиш чоралари қўлланилди. Бугунги кунда мазкур тижорат банкларининг 5 таси (Халқ банки, Микрокредитбанк, Туркистон банк, Ўзагроэкспортбанк ва Хай-тек банк) ушбу санкциялар доирасида фаолият юритмоқда.

Ҳисобот йилида 2020-2025 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси” доирасида халқаро молия институтлари ҳамда хорижий консалтинг компаниялари билан ҳамкорликда давлат иштирокидаги банкларни трансформация қилиш ва хусусийлаштиришга тайёрлаш жараёнлари давом этмоқда.

2021 йилда давлат улушига эга бўлган ҳар бир банк бўйича тасдиқланган трансформация “йўл харита”ларига асосан банклардаги бир-бирининг вазифаларини такрорловчи таркибий бўлинмалар оптималлаштирилиб, банк ташкилий структурасида чакана блок, кичик бизнес блоки, корпоратив блок, риск блоки каби ихтисослашган таркибий бўлинмалар ташкил этилди.

Банкларда замонавий риск-менежмент тизимини жорий этиш ишлари жадаллаштирилиб, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг кредит бўйича мурожаатларини қисқа муддатда кўриб чиқишни таъминлашга йўналтирилган андеррайтинг ва скоринг тизимлари амалиётга жорий этилмоқда.

Андеррайтинг тизимида қиймати йирик бўлмаган (3 млрд сўмгача) кредитлар бўйича қарорлар мижоз билан бевосита ишлайдиган “мансабдор шахслар” аралашувисиз андеррайтерлар гуруҳи томонидан мустақил қабул қилиниб, кредит ҳужжатлари кредит мақсади ва миқдорига қараб 24 соат ичида кўриб чиқилади.

Скоринг тизимида эса мижознинг кредитга лаёқатлилиги Солиқ қўмитаси ва кредит бюросидан олинадиган маълумотлар асосида тезкор таҳлил қилинади ва бу тизим овердрафт кредити ва микроқарзни ўртача 15 дақиқада мобил илова орқали онлайн тарзда ажратиш имконини бермоқда.

Ҳисобот йилидаги банкларнинг иқтисодиётни кредитлаш фаолияти натижаларига ҳам тўхталиб ўтмоқчиман.

Иқтисодиётга ажратилган кредитларнинг қайтувчанлик даражасининг ошиши натижасида иқтисодиётга ажратилган кредит қўйилмалари қолдиғи (ЯИМ номинал ўсиши доирасида) 18,4 фоизга ошиб, 2022 йил 1 январь ҳолатига 331,9 трлн. сўмга етди.

Хусусан, юридик шахсларга ажратилган кредит қўйилмалари қолдиғи 16,4 фоизга ёки 37,0 трлн. сўмга (жами 262,5 трлн. сўм), жисмоний шахсларга ажратилган кредит қўйилмалари эса қарийб 26,6 фоизга ёки 14,6 трлн. сўмга (жами 69,5 трлн. сўм) ўсди (ипотека кредитлари 27 фоизга ошиб, 36,0 трлн. сўмга етди).

2021 йилда ҳам давлат дастурлари доирасида оилавий-тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги тадбирлар давом эттирилди.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш бўйича аризалари “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси” (www.oilakredit.uz) орқали инсон омилисиз қабул қилиш тизими жорий қилинди.

Мазкур платформада кредит аризалари барча босқичларда онлайн кўриб чиқилади ва ҳар бир босқичда қабул қилинган қарор тўғрисида Ягона электрон платформа (СМС-хабарнома, электрон почта ёки шахсий кабинет) орқали маълумот бериб борилади.

2021 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 352 мингта лойиҳага жами 8,6  трлн. сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Хусусан:

- ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 150 мингтадан ортиқ лойиҳага жами 3,5 трлн. сўм;

- хотин-қизларни айниқса, қишлоқ жойлардаги аёлларнинг оилавий ва хусусий тадбиркорлик борасидаги 206 мингта лойиҳаларига 3,8 трлн. сўм миқдорида кредитлар берилди.

Бугунги кунга қадар республика бўйича ўрта ҳисобда ҳар 1000 хонадоннинг 110 таси ушбу дастурлар имкониятларидан фойдаланиб ўз тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишган.

Марказий банк фаолиятининг яна бир асосий йўналиши – тўлов тизимларининг узлуксиз ҳамда барқарор ишлашини таъминлаш борасида ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу йўналишда асосий эътибор миллий тўлов тизими инфратузилмасини ривожлантириш, тўлов хизматларини тақдим этишда рақамли технологиялар ва инновацияларни қўллашга қаратилмоқда.

Хусусан, 2021 йилда мижозларга банк ва тўлов хизматларидан банк филиалларига ёки тўлов ташкилотларига бевосита ташриф буюрмасдан, масофавий тарзда фойдаланиш имкониятини берувчи мижозларни масофавий биометрик идентификация қилиш тизими жорий этилди.

Бугунги кунда банк ҳисобварақларини масофадан бошқариш хизматларидан фойдаланувчилар сони 1,4 баробарга ошиб, 20,2 млн. тага етди.

2021 йилда тадбиркорлик субъектлари томонидан жами амалга оширилган тўловларнинг қарийб 83 фоизи банкка ташриф буюрмаган ҳолда масофадан туриб амалга оширилган.

2021 йил сентябрь ойидан бошлаб мобил хизматларни кўрсатишда рақамли идентификация қилиш механизми ҳам (Face ID) амалиётга жорий этилиб, ушбу технологиядан 11 та тижорат банки, 4 та тўлов ташкилоти ва 4 та маркетплейс фойдаланмоқда.

Аҳоли учун республика ва хорижий тўлов тизимлари инфратузилмасида ҳисоб-китобларини амалга ошириш имкониятини берувчи, (15 та тижорат банки томонидан) 652 мингдан ортиқ кобейджинг банк карталари муомалага чиқарилди.

Tap-to-phone тизими (терминалсиз) орқали тадбиркорлик субъектлари учун тўловларни қабул қилиш имкониятини берувчи хизматдан 380 та тадбиркорлик субъекти фойдаланишни бошлади.

Тўлов инфратузилмасини янада кенгайтириш мақсадида 2021 йилда 1 140 дона банкомат ва инфокиосклар ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 12 940 донага етказилди.

Контактсиз тўловларни амалга ошириш имкониятини берувчи тадбиркорлик субъектларига тақдим қилинган QR-кодлар сони 2020 йилга нисбатан қарийб 1,5 баробарга ортиб 92 минг донага етди.

“Humo Pay” дастури (смартфоннинг NFC тизими) орқали банк картасидан бевосита фойдаланмасдан савдо ҳамда пуллик хизматлар кўрсатиш пунктларида тўловларни амалга ошириш хизмати амалиётга тадбиқ этилмоқда.

2021 йилда NFC технологияси асосида амалга оширилган транзакциялар ҳажми 2020 йилга нисбатан 4 баробарга ошиб, 11,8 трлн. сўмни ташкил этди.

Натижада, 2021 йилда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жами HUMO тўлов тизими орқали амалга оширилган тўловларда контактсиз тўловларнинг (NFC технологияси асосида) улуши 40 фоизга етди.

2021 йилда халқаро тажриба асосида Жаҳон банки билан ҳамкорликда молиявий оммабоплик даражасини оширишга қаратилган “2021-2023 йилларга мўлжалланган Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегияси” ишлаб чиқилди ва уни хаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу Стратегия доирасида банк инфратузилмалари билан қамраб олинмаган катта ёшли аҳолиси 5 минг кишидан кўп бўлган ҳудудлар рўйхати шакллантирилди ҳамда мазкур аҳоли пунктларида банк хизматлари кўрсатиш нуқталарини ташкил этиш бошланди.

Хусусан, 2021 йилда тижорат банклари томонидан базавий банк хизматларини кўрсатувчи 220 та янги банк хизматлари офислари ташкил этилиб, уларнинг сони 1 086 тага етди.

Шунингдек, банк тизимида замонавий ва инновацион банк технологияларини кенгайтириш (рақамлаштириш) доирасида “BANK APELSIN” акциядорлик жамиятига ва 15 та ташкилотга тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялар берилди.

Банк хизматларининг ҳудудий қамровини ошириш мақсадида айрим банк хизматларини аутсорсинг асосида кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилди.

Хусусан, “Ўзбекистон почтаси” АЖ Алоқабанк билан ҳамкорликда почта бўлинмалари орқали аҳолига банк карталарини маблағ билан тўлдириш ҳамда банк карталаридан нақд пул ечиш хизматларини кўрсатишни бошлади.

2021 йилда 757 та почта бўлинмалари орқали аҳолига банк карталаридан нақд пул ечиш ва тўлдириш бўйича қарийб 8,3  млрд. сўмлик хизматлар кўрсатилган ва умумий қиймати 1,4 трлн. сўмлик тўловлар қабул қилинган.

Тижорат банкларининг истеъмол товарларини кредит ҳисобига масофадан сотиб олиш имкониятини берувчи 2 та электрон савдо майдончалари – маркетплейслар ташкил этилди (Агробанк ва Ўзсаноатқурилишбанкда).

Ушбу маркетплейслар тадбиркорлик субъектлари учун ўз маҳсулотини сотиш учун янги (онлайн) бозорга кириш имконияти билан бирга мазкур платформаларда 400 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг 12 мингдан кўп товарлари аҳолига кредит эвазига таклиф этилмоқда.

Марказий банкнинг аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш йўналишидаги фаолияти “марказдан маҳаллага” тамойили асосида амалга оширилмоқда.

Молиявий таълимни ташкил этишда мақсадли гуруҳлар сифатида асосий эътибор хотин-қизлар, чакана савдо компаниялари ходимлари, меҳнат муҳожирлари ва қишлоқ жойлардаги аҳолига қаратилмоқда.

Хусусан, ҳисобот йилида 4 та вилоятда (Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари) 17 та тренинглар ўтказилиб, уларда 1 000 га яқин хотин-қизларнинг молиявий саводхонлиги оширилди.

Молиявий саводхонликни ошириш бўйича лойиҳаларни самарали ва кенг қамровда ўтказилишини таъминлаш мақсадида:

Молиявий режалаштириш, жамғарма ва банк хизматларидан тўғри фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган интерактив “Молиявий интизом тақвими” 13 минг нусхада нашр этилди ва аҳолига тарқатилди.

Молиявий саводхонлик бўйича “Finlit.uz” мобил иловаси ишлаб чиқилди (ундан фойдаланувчилар сони 1 000 нафардан ошди).

Банклар ва истеъмолчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларда рақамли молиявий хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ хатарларни камайтириш мақсадида “Рақамли молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш Стандартлари” ишлаб чиқилди.

Тижорат банклари томонидан жисмоний шахслар учун таклиф этилаётган молиявий хизматлар тўғрисидаги маълумотларни олиш ҳамда уларни таққослаш имкониятини берадиган “bankxizmatlari.uz” ахборот портали ишга туширилди.

Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида:

2021 йилда банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини бузилишига йўл қўйган 16 та тижорат банкларидан қарийб жами 1,2 млрд. сўм миқдорида жарималар ундирилди, асоссиз ундирилган 46,0 млн. сўм миқдоридаги комиссион маблағларнинг фуқароларга қайтарилиши таъминланди.

2022 йилда юзага келган геосиёсий вазиятни юмшатиш борасида муҳтарам Президентимиз белгилаб берган чора-тадбирларни амалга оширилиши нархлар, банк ва тўлов тизими барқарорлигини таъминлашда ҳамда юзага келган ташқи хатарларнинг аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатишда муҳим ўрин тутади.

USD = 12628.05
+7.96
EUR = 13616.83
+17.42
RUB = 136.42
-0.31
GBP = 15927.76
+35.28
JPY = 83.44
+0.11
CHF = 14007.82
+81.44
CNY = 1748.70
+3.28
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X